Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Янги ишга ўтиш олдидан қўрқув. Уни қандай енгиш мумкин?
11.01.2018 19:03,  
62

Янги жойга ўтгандаги қўрқувни енга олмаслик инсонлар орасида кенг тарқалган “касаллик”лардан бири. Бу қўрқув кўп одамларга ҳаётда маълум муваффақиятга эришишига ҳалақит беради. Айниқса, иш жойини ўзгартирган чоғда. Аксарият одамлар “Дарахт бир жойда кўкаради”, деган мақолга амал қилади. Ҳа деганда янги ишга ўтишни хушламайди. Бироқ, шундай тоифа одамлар борки, ишини тез-тез алмаштириб туради. Бу, албатта, ўзига боғлиқ бўлмаган сабаблар туфайли бўлиши мумкин. Аммо, ҳар не ҳолатда ҳам, янги иш олдидаги қўрқув, иккиланиш, ваҳима барчага хос бўлган умумий тушунча.

Янги иш олдидан инсонни ваҳимага солувчи асосий қўрқинчли жиҳатлар:

  • Янги турмуш тарзи. Ишнинг ўзгариши кунлар тартибининг, йўналиш ва ҳамкасбларнинг ўзгариши демакдир. Кўпчилик одамлар учун шу жиҳатлар ҳақиқий руҳий зарба.
  • Янги ҳамкасблар олдидаги қўрқув. Бу ходимлар билан умумий тил топишиш олдидан ўзига хос чўчишдир. Инсон яна ўзининг энг яхши томонларини кўрсатишига тўғри келади.
  • Қўрқувни енга олмаслик. Бу одамнинг ўзига бўлган ишончсизлигидан келиб чиқади ва кучли ваҳима уйғотади.
  •  Янги бошлиқ олдидаги қўрқув. У билан муносабат иш унумдорлиги ва шунингдек, хизмат пилапояларидаги юксалишларга ҳам таъсир кўрсатади.

У билан қандай курашиш мумкин?

Энг асосийси бохабарлик ҳисобланади. Яъни инсоннинг янги иш жойи ҳақида яхши тасаввурга эга бўлиш керак. Янги компания ҳақидаги барча маълумоларни билиб олиш муҳим. Жумладан, ташкилотнинг қачон ташкил топгани, нима билан шуғулланиши, фаолият тартиби ва ҳаказо. Бу инсоннинг ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Жамоага эътибор беринг, умумий қизиқишларни топишга ҳаракат қилинг, ўрнатилган қоидаларни диққат билан кузатиб боринг.

Ўзингиздаги кучли жиҳатларнинг барчасини жамоага кўрсатишга уринманг. Чунки бу янги ҳамкасбларингизда ўзига ишончи катта бўлган яна бир ақлли келди, деган мураккаб тасаввур пайдо бўлишига олиб келади.

Берилган топшириқ бажарилгач, бошлиғингизга янги таклиф билан чиқсангиз бўлади. Аввалги иш жойингиздаги амалиёт ҳам зарар қилмайди. Бундай ходим эътибордан четда қолмаслиги аниқ. Бундай усул қўрқувни енгиб ўтишга кўмак беради. Аслида бундай қўрқув одамнинг хаёлида ва қанча бу ҳақида ўйласа, шунча йириклашади. Ўзингиздаги муаммони бошқалар билан боғламанг ва уни хаёлингиздан ўзингиз қувиб юборинг.

Эслаб кўринг: аввалги ишингизда бу ҳолат қандай ўтганди. Биринчи кундаги ҳаяжонни қандай енгиб ўтган эдингиз? Ҳамкасблар билан танишув, энг яқин дўстга айланганлар, мулоқотга киришган пайтлар. Барчасини хотирланг.

Ўзига бўлган ишонч—бу омад калити. Ҳеч қачон ишни ўзгартиришдан қўрқманг. Янги иш—бу янги танишувлар, янги қизиқишлар ва янги имкониятлар. Агар ишингиз аввалгидан кўра обрўли бўлса, нур устига нур. Қолаверса, молиявий жиҳатлари ҳам сизга қўшимча куч беради.

Хуллас, ишингизни ўзгартиришга жиддий сабаб бўлса, унда асло кечиктирманг. “Ҳар ишда—бир ҳикмат”, дейдилар. Эҳтимол, у ерда сизни кўп марралар ва муваффақиятлар кутиб тургандир. Хизмат пиллапояларида баланд поғоналарга кўтариларсиз?! Демак, янги марраларни забт этиш сари олға, дўстлар!

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан