Порталчи сиздан яхшироқ!

12.01.2018 | Блог | 3534

Аллоҳ таолонинг фазли ила ўтган 2017 йил амалдаги Президентимиз ташаббуси билан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номланди. Бунинг ортидан жамоатчилик фойдасига кўплаб ислоҳотлар ўтказилди. Аксар ТВ, ОАВлари ва баъзи интернет нашрларида муаммолар очиқча ёритила бошланди. Айниқса, Юртбошимизнинг виртуал қабулхонаси халқ дардига айни малҳам бўлди. Виртуал қабулхонага келиб тушган миллиондан ортиқ мурожаатларга ижобий ечим берилди. Сон-саноқсиз жиноят ва қонунбузарликлар, зулм ва ноҳақликларга барҳам берилди. Аллоҳ, Ўзингга шукр! Зиёда қил!

Лекин бир муаммо бор. У ҳам бўлса жамият орасидаги муаммоларни юқори ташкилотга олиб чиққанларни салбий маънода “ёзувчи”, “порталчи” каби лақаблар билан камситиш ҳолати. Бу эса тузатилиши керак бўлган ахлоқий муаммоларимиздан бири, десак хато бўлмайди. Сўзимнинг исботи ўлароқ, шахсан ўзим шоҳиди бўлган бир икки мисол келтирсам:

Бир куни зиёлилар даврасида ўтириш насиб этиб қолди. Катта издиҳом. Вилоятимиз ҳокимидан тортиб кичик идора раҳбарларигача бор. Ёнимда ўтирган бир “зиёли” даврамизда бўлмаган бошқа бир ҳамкасбига нисбатан ичидаги бор нафратини изҳор қилиб, унга “ёзувчи”лик тамғасини ёпиштириб шаънини ерга уриб, ғийбат қила кетди. Валлоҳи, иккаласи ҳам бир соҳа ходими аслида. Ғийбатнинг ҳаромлиги ҳақида керак бўлса, соатлаб ваъз ўқийдиган даврадошлар эса, Қуръонда ўлаксахўрга ўхшатилган ҳамкасбларининг фикрига қўшилиб, уни қўллаб-қувватлаб олқишлаб ўтиришди. Улар қарсак чалишмади холос. Бу биринчи мисол.

Иккинчи мисол. Одамларни кулдириб пул топадиган қанақадир масхарабоз жамоа бор. Номини келтиришни истамадим. Ўша гуруҳ йигитлари ўтган йилги томошасида масхараомуз ашула айтишган. Унда қуйи ташкилотларда ечими топилмаган муаммоларини тўғридан тўғри Юрт Раҳбарига кўтарган мазлумларни ёппасига камситувчи “порталда нима гаплааааар…?” деган мазахомуз ибора қўллашган эди.

Учинчи мисол шуки, яқинда “Озодлик” радиосининг фейсбукдаги саҳифасида бир шикоят ўқиб қолдим. Аниғи ёдимда эмас, янглишмасам воҳа тарафдан тушган бир мактуб эгаси ишхонасидаги баъзи ҳамкасблари тарафдан “порталчи” деб лақаблаб қўйилгани ҳақида ёзғирган.

Шу ўринда бир қанча савол туғилади:

САВОЛ:

1-) Мусулмончиликда бирор кимсанинг айбини ёзма ё оғзаки тарзда юқори ташкилотга хабар қилишнинг ҳукми нима?

2-) Халқ тилида “ёзувчи”, “порталчи” каби лақаблар билан камситилувчи шахслар шаръан ғийбатчи ва чақимчи бўладими?

3-) Ўғри, талончи, золим ва қаллоблар устидан хабар қилганларга нисбатан муросасиз бўлиш, уларни камситиш, жамиятдан яккалаб қўйишга уриниш ҳолатлари ҳам бор. Шу ишларнинг шаръий ҳукми нима?

ЖАВОБ:

1-) Аслида жамиятга зиён келтириб, мусулмонларга ноҳақлик қилиб юрган ҳар қандай фосиққа юзма-юз насиҳат қилиш лозим. Зеро Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам, “мўмин мўминнинг ойнасидир!”, деб марҳамат қилганлар. Бу билан ҳар бир мўмин бошқа мўмин биродарининг камчиликларини унга кўрсатиб, ўзини тузатиб олишига кўмаклашсин демоқчи бўлганлар.

Агар бу услуб фойда бермаса, қонуний тарзда чора кўриш имконига эга идораларга ҳатто юрт бошқарувчисигача хабар қилиб зулмни бартараф этиш вожиб бўлади. “Ҳаммани ҳам ўз оёғидан осади”, каби лоқайдликка тарғиб этувчи ботил  мақолларга таяниб беэътибор бўлиш мўминга ярашмайди.

Баҳз Ибн Ҳаким отасидан, у бобосидан (Баҳз Ибн Ҳакимнинг бобоси Муовия Ибн Жанда саҳобалардан бўлган. Басрада яшаган ва Хуросонда вафот қилган) ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

اترعون من ذكر الفاجر متي يعرفه الناس، اذكروا الفاجر بما فيه يحذره الناس

Фосиқни то одамлар ўзлари билиб олгунича фош қилишдан қўрқиб юрасизларми?! Фосиқни ундаги фисқи билан гапиринг, токи шу билан одамлар ундан сақлансин… (Ибн Абу Дунё).

Демак, бу ҳадисга кўра, зараркунандаларнинг зарарини бартараф этиш йўлида улар ҳақида гапириш, тегишли мутасаддиларга хабар қилиш, одамларни огоҳлантириш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амридир!

2-) 2-саволнинг жавобидан олдин ғийбат ва чақимчиликнинг шаръий таърифига тўхталиш ўринли бўлади:

Ғийбат – тингловчига таниш бўлган учинчи ғоиб шахснинг ҳақиқатда мавжуд айбларини, ўзи эшитса дили ранжийдиган камчиликларини сўкиниш, ҳақоратлаш, обрўсизлантириш, шаънини ерга уриш мақсадида ғазаб ва нафрат билан гапириш.

Чақимчилик – ғоибдаги шахснинг одамлардан яширган, биров билишини истамаган сирларини ошкор этиб юбориш.

Абу Саъид Муҳаммад Ходимий Имом Қозихон фатво тўпламидан мавзумизга доир қуйидаги фатвони келтиради:

الرجل إذا كان يصوم و يصلى و يضر الناس باليد و اللسان فذكر بما فيه لا يكون غيبة و إن اخبر السلطان بذلك ليزجره فلا إثم عليه

Рўза тутиб, намоз ўқиб юрадиган одам. Лекин одамларга тили билан ҳам қўли билан ҳам зарар келтириб юради. Шу одамнинг айбларини (уни сўкиниш, ҳақоратлаш, шарманда қилиш ва обрўсизлантириш ниятида эмас, балки унинг зараридан огоҳлантириш мақсадида) гапирса, бу ғиёбат бўлмайди. Агар бу ҳақда уни шу фасод ишларини тийиб қўйиш мақсадида султонга (ёки унга чора кўриш ваколатига эга бирор тегишли мутасадди ташкилотга) хабар берса, хабарчига шаръан гуноҳ йўқ! (Бариқа. 3 – Ж. 231 — Б).

Бу фатвога кўра, ўз-мансаб ваколатлариини суистеъмол қилиб келаётган ўғри, олғир, қаллоб ва бошқа турдаги золимларнинг жиноятларини бартараф этиш мақсадида улар устидан тегишли ташкилотларга хабар қилганлар асло ғийбатчи ҳам, чақимчи ҳам, гуноҳкор ҳам бўлмайди!

3-) Ўғри, талончи, золим ва қаллоблар устидан хабар қилганларга нисбатан муросасиз бўлиш, уларни “ёзувчи”, “порталчи” каби қабиҳ лақаблар билан камситиш, уларни устидан масхаралаб истеҳзо қилиш, жамиятдан яккалаб қўйиш шаръан ҳаромдир! Ундай инсонлар мусулмончилик деганда фақат намоз, рўза ва ҳаж каби амалларни тушунади. Улар учун Ислом афсуски ташқи кўриниш билан чегараланган холос. Исломнинг руҳияти, асл моҳияти, зоҳирий ва ботиний бирхиллик, ижтимоий бирдамлик, мусулмонларнинг ўзаро мустаҳкам алоқалари, исломий хулқ-одоб, меҳр-оқибат деган нарсалар ундайлар учун бегона. Уларга Аллоҳдан фақат ҳидоят сўралади ва қуйидаги оят эслатиб қўйилади:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا يَسْخَرْ قَومٌ مِّن قَوْمٍ عَسَى أَن يَكُونُوا خَيْراً مِّنْهُمْ وَلَا نِسَاء مِّن نِّسَاء عَسَى أَن يَكُنَّ خَيْراً مِّنْهُنَّ وَلَا تَلْمِزُوا أَنفُسَكُمْ وَلَا تَنَابَزُوا بِالْأَلْقَابِ بِئْسَ الاِسْمُ الْفُسُوقُ بَعْدَ الْإِيمَانِ وَمَن لَّمْ يَتُبْ فَأُوْلَئِكَ هُمُ الظَّالِمُونَ

Эй иймон келтирганлар! Бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол улар булардан яхшироқдир. Ва аёллар ҳам бошқа аёлларни (масхара қилмасин), эҳтимол улар булардан яхшироқдир. Ва ўзингизни ўзингиз мазах қилманг (яъни бир-бирингизни айбламанг. Зеро мўминлар бир тану бир жондекдирлар), бир-бирингизга лақаб қўйманг. Иймондан кейин фосиқлик исми нақадар ёмон! Ва ким тавба қилмаса, бас, ана ўшалар ўзлари золимлардир. (Хужурот/11).

Ояти каримага кўра, қалбида иймони билан бирга фисқу-фужурга жой қилиб берган ўша фосиқлардан кўра, ислоҳ ниятида юқорига арз билан чиққанлар Аллоҳнинг наздида яхшироқдир!

Азизлар биз мусулмонмиз! Гўзал хулқлар эгаси, олийжаноб Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматимиз. Шундай экан, тилимиз ҳам дилимиз ҳам Исломга, Қуръонга, суннатга мувофиқ бўлиши керак. Ташқи қиёфамизни Ислом талабларига мослаб, ўзимизча намозхон, ҳожи бўлиб, руҳиятимизда нафс-ҳаво ва шайтоннинг қули бўлар эканмиз, Аллоҳнинг хузурига қуруқ қўл билан боришимиз аниқ! Аллоҳ Ўзинг сақла! Жамиятимизни ислоҳ эт!

Ботиржон қори

ahlisunna.uz