Ўзбекистон президенти матбуот-котиби муҳим янгиликни эълон қилди

13.01.2018 | Ўзбекистон | 8754

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида жума куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев матбуот-хизмати журналистлар билан тўғридан-тўғри мулоқот ўтказди.

Президент матбуот котиби — президент Девони раҳбари ўринбосари Комил Алламжонов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев фаолиятида қабул қилинаётган Қарор, Фармон ва Фармойишларни кенг жамоатчиликка тезкор ва холисона етказиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси президенти матбуот-хизмати ҳузурида Пресс холл фаолияти ташкиллаштирилганини маълум қилди.

"Пресс холлда шунингдек, президентимиз томонидан Ҳукуматимиз, Давлат бошқаруви ва ҳокимияти органлари олдига қўйилаётган вазифаларнинг бажарилиши юзасидан ОАВ вакиллари билан матбуот-анжуманлари ташкил этилади", — деди Комил Алламжонов.

Алламжонов шунингдек, Пресс холл фаолияти президент Шавкат Мирзиёевнинг "Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак" ғоясидан келиб чиқиб йўлга қўйилганини маълум қилди.

Эндиликда Ўзбекистон Ҳукумати аъзолари ва бошқа мансабдор шахслар журналистлар билан учрашувлар ўтказиб, амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот бериб борадилар.