Вилоятлар ҳокимлари чет эл тажрибаларини ўрганади

13.01.2018 | Ўзбекистон | 2547

Ўзбекистон вилоятлари ҳокимлари турли соҳалардаги илғор тажрибаларни ўрганиш учун бир йилда камида икки марта чет эл сафарларига чиқади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 11 январь куни бўлиб ўтган Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатнинг хориждаги элчихоналари фаолияти таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Вилоят ҳокимлари бир йилда камида икки марта тегишли мамлакатларга хизмат сафарига шаҳарсозлик ва ҳудудларни ободонлаштириш, инфратузилмани ривожлантириш, замонавий ахборот технологиялари, энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш, саноат ва қишлоқ хўжалиги, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги илғор хорижий тажрибани ўрганиш мақсадида бориши шарт.

Президент ҳар бир элчихонага мамлакатнинг муайян ҳудуди ва иқтисодиёт тармоғини бириктириш таклифини билдирди. Энди ҳар бир элчи иш кунини ўзига бириктирилган ҳудуд ҳокими ва тармоқ раҳбари билан телефон орқали мулоқот қилишдан бошлайди. Экспорт ва туризмни ривожлантириш, бизнес кооперациясини кучайтириш бўйича аниқ инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар тезкор ҳал қилинади.