Президент Ватан ҳимоячилари куни билан табриклади

13.01.2018 | Ўзбекистон | 2421

Ўзбекистон Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Қуролли Кучлар ташкил этилганининг 26 йиллиги ва 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табригини йўллади.

«Ҳозирги кунда дунёда олдиндан айтиш қийин бўлган вазият ҳукм сураётган мураккаб бир шароитда мамлакатимиз хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини, жамиятимизда тинчлик ва тотувликни таъминлаш нақадар муҳим аҳамиятга эга эканини чуқур англаган ҳолда, биз 2017−2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича қабул қилган Ҳаракатлар стратегиясида юртимиз мудофаа салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларимизни ривожлантиришни устувор йўналишлардан бири сифатида белгиладик», — дейилади табрикда.

«Ушбу Стратегия асосида биз ўтган йил давомида мамлакатимиз ҳаётининг бошқа тармоқлари қаторида ҳарбий қурилиш соҳасида кўпгина энг долзарб ва муҳим масалалар бўйича аниқ чора-тадбир ва ҳаракатларни кўзда тутадиган қарорлар қабул қилдик, уларни амалга ошириш бўйича ишларни самарали ташкил этдик», — деди Президент.

Ташқи сиёсатнинг мослашувчанлиги ва очиқлиги, қўшнилар билан дўстона ва амалий муносабатларни ривожлантириш, мамлакат мустақиллиги ва суверенитетини сақлаш энг устувор вазифа экани ҳақидаги принциплар асосида Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси янгиланган ҳолда қабул қилинди.

2017 йилда Миллий гвардия ва Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси ташкил этилди, ҳарбий округларнинг таркибий тузилиши ва вазифалари тубдан қайта кўриб чиқилди, қўшинларни бошқариш тизими такомиллаштирилди, уларни босқичма-босқич замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминлаш бўйича муҳим қадамлар қўйилди.

Мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, армия ва халқ бирлигини таъминлаш борасида жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг ролини ошириш бўйича ишлар бутунлай янги сифат босқичига кўтарилди. Ҳар бир ҳудудда ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилди, уларга бевосита раҳбарлик қилиш маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари зиммасига юкланди.

«Айни вақтда халқаро терроризм ва экстремизм хавфининг тобора ортиб бораётгани, дунёнинг айрим минтақаларида қуролли тўқнашувлар давом этаётгани, таҳликали вазият сақланиб қолаётгани Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишига таҳдид солмасдан қолмайди, албатта. Буларнинг барчаси олдимизда пайдо бўлаётган таҳдид ва хатарларга муносиб зарба беришга доимо тайёр бўлишни талаб этади», — дея таъкидлади Президент.

«Шу муносабат билан Қуролли Кучларни янада ривожлантириш, унинг жанговар тайёргарлиги ва қобилиятини ошириш доимо эътиборимиз марказида бўлади ва давлатнинг энг муҳим вазифаларидан бири бўлиб қолади. Биз ана шу вазифаларни амалга оширишда Қуролли Кучлар, ҳарбий округлар қўмондонлиги ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг фаол позициясига таянамиз», — деди давлат раҳбари.

Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Президент фармони имзоланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, Мудофаа вазирлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг бир гуруҳ ходимлари орден ва медаллар билан мукофотланди.