Ислом Каримов нега конвертацияга рухсат бермаганлиги айтилди

15.01.2018 | Иқтисод | 10593

Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги арафасида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) мухбири Президентнинг шахсий шифокори, Тошкент тиббиёт академияси анестезиология ва реаниматология кафедраси профессори, Республика шошилинч тиббий ёрдам ўқув маркази директори Вячеслав Аваков билан суҳбатлашди.

Аваковнинг сўзларига кўра, у бир сафар нега Ўзбекистонда конвертация йўқлиги ҳақида Биринчи Президентга савол берган ва унинг жавобидан «лол қолган».

Профессор Ислом Каримовни шундай эслайди:

— Бир сафар «Ислом Абдуғаниевич, нега бизда конвертация йўқ? Ахир бошқа давлатларда бор-ку!», деб савол бердим. У шундай оддий ва аниқ жавоб бердики, лол қолдим. Ўшанда «Биласанми, бир кун келиб конвертация ҳам бўлади. Ҳозир бизнинг иқтисодиётимизда муаммолар кўп. Завод-фабрикалар қуришимиз керак. Унинг учун энг замонавий ускуналар керак. Ускуналар эса четдан валютада келтирилади. Агар конвертацияни йўлга қўйсак, биз валютани маиший, майда-чуйда нарсаларга ишлатиб юборамиз. Биз валютани завод ва фабрикаларга сарфлашимиз ва иқтисодиётимизни кўтариб олишимиз керак», деганди.

Ислом Каримов оқилона ва узоқни ўйлаб иш юритадиган буюк инсон эди. Мамлакатимизни энг оғир дамларда ҳам оёққа туриб олишида, иқтисодиётимизнинг ривожланишида, халқнинг тинч-осойишта ва фаровон ҳаёт кечиришида Биринчи Президентимизнинг ҳиссаси катта, — дея эслайди профессор.