Иқтисодиёт вазирлиги: яшаш минимуми шу йилданоқ жорий этилиши мумкин

15.01.2018 | Иқтисод | 3348

Давлат бюджети қўшимча молиявий юкламани кўтара олса, шу йилнинг ўзиданоқ «истеъмол саватчаси» ва «яшаш минимуми» тушунчалари жорий этилиши мумкин. Бу ҳақда шанба куни «Тараққиёт стратегияси» марказида бўлиб ўтган брифингда Ўзбекистон иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, авваллари яшаш минимумини Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ижтимоий тадқиқотлар институти, истеъмол саватчасини эса Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан бирга аниқлаб берар эди.

«Иқтисодиёт вазирлиги ушбу ташкилотлар биргаликда ишлайди. Тўлиқ ҳисоб-китоблар ўтказилганидан сўнг улар халқаро стандартларга қанчалик жавоб беришини текширамиз. Агарда ушбу тушунчаларни амалиётга татбиқ эта олмасак, у қоғозларда қолиб кетаверади. Мақсад — аҳоли даромадларини ошириш, яъни ҳар қандай давлатда аҳоли яшаш минимумидан кам бўлмаган миқдорда даромад кўриши лозим», — деди у.

Биринчи навбатда яшаш минимуми ва истеъмол саватчалари ҳисоб-китоб қилиб олинади. Шундан сўнг ушбу тушунчаларни амалиётга жорий этиш масалалари кўриб чиқилади. Яъни улар давлат бюджетига, шунингдек ходимларига ойлик тўлаётган корхоналарнинг харажатларига қанчалик таъсир кўрсатиши ўрганилади, деди у.

Мубин Мирзаевнинг таъкидлашича, жорий йилда ушбу тушунчаларни татбиқ этишга улгурилмаса, 2019 йил бюджетига тушунчаларни киритиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади.

Атамаларни жорий этиш 2018 йилги «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» давлат дастури лойиҳасидан ўрин олган.