Содиқ Сафоев эркин конвертация қандай очилгани борасидаги воқеаликни сўзлаб берди

16.01.2018 | Иқтисод | 3420

Сўмни эркин конвертация қилиш режаси, тан олиш керак, энг юқори даражадаги жиддий баҳс-мунозаралардан сўнг жорий этилди, деб таъкидлади Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган матбуот брифингда Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев.

2018 йил 16 январ куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Брифинг чоғида Ўзбекистон президенти Мурожаатномасининг асосий мазмуни ва моҳияти муҳокама қилинди.

Сафоев президент мурожаатномаси 2017 йилдаги фаолиятга ўзига хос якун бўлганини, ўтган йил мобайнида давлат бошқаруви тизимида жиддий кескин ўзгаришлар амалга оширилганини таъкидлади.

"Сўмни эркин конвертация қилиш режаси, тан олиш керак, энг юқори даражадаги жиддий баҳс-мунозаралардан сўнг жорий этилди. Унинг оқибати ёмон бўлишини, хаосга олиб келишини билдирганлар ҳам бўлди. Шунга қарамай, бу молиявий амалиётнинг тарафдорларининг фикрлари, вазиятни диққат билан таҳлил қилиш, бу борада халқаро экспертларнинг маслаҳатларини ҳам олиш ва конвертацияга жиддий тайёргарлик кўриш ижобий самара берди. Бунинг натижасида олтин-валюта захираси 1,1 млрд доллар ўсишига олиб келди", — деди Сафоев.