Ўзбекистонда йирик қийматдаги янги купюралар муомалага чиқарилади

16.01.2018 | Иқтисод | 8461

Ўзбекистон Марказий банки томонидан йирик қийматдаги купюраларни муомалага чиқариш масаласини кўриб чиқилмоқда. Бу чора Марказий банкнинг 2018 йил учун режасида белгиланган.

"Нақд пул муомаласини янада такомиллаштириш вазифаси доирасида банкноталар тузилмасини оптимизация қилиш ишларини давом эттириш кўзда тутилган. Миллий валютадан фойдаланишда қулайлик яратиш мақсадида йирик қийматдаги купюраларни муомалага чиқариш кўзда тутилган", — дейилган Марказий банк хабарида.

Марказий банк томонидан кичик қийматдаги купюраларни янги шаклдаги 50, 100, 500 сўмлик тангаларга босқичма-босқич алмаштириш ҳамда 200 сўмлик тангаларни чиқариш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, Марказий банк бошқарувининг тегишли қарорига асосан 50 минг сўмлик банкнотлар шу йилнинг 22 августидан муомалага чиқарилганди.

МБнинг маълумотларига қараганда, миллий валютанинг 50 минг сўм қийматдаги банкнотини муомалага киритиш республикада сўнгги йилларда ўртача иш ҳақи миқдорининг ошиб бориши ҳамда аҳолига иш ҳақи, пенсия ва нафақаларни тўлашда, шунингдек нақд пулдаги ҳисоб-китобларни амалга оширишда қулайликлар яратиш мақсадида амалга оширилган.