MDC Prime Lite – бир миллион сўмлик, HD-экранли ва қўш камерали смартфон!

17.01.2018 | Технологиялар | 3806

Смартфонсозликда ҳозирги кунда оммалашган трендлардан бири – қурилманинг асосий камераси қўшалоқ объективга эга бўлишидир. Агарда шундай телефон ўзига хос дизайнли металл ва шиша корпусда бўлса, тағин тўртинчи авлод уяли алоқаси – 4G тармоғини қўллаб-қувватласа янада яхши. Бордию шунақа замонавий смартфоннинг нархи ҳам чўнтакбоп бўлса-чи?

Шунақа ажойиб гаджетни арзон нархда таклиф этувчи смартфонсоз мавжуд ва биз аввал ҳам унинг битта телефони ҳақида хабар берганмиз.

ЎҚИНГ: MDC Grand – бармоқ изи сканери ва HD-дисплейга эга энг ҳамёнбоп смартфон!

Хулласи калом, бугун сизга таништирмоқчи бўлганимиз – MDC бренди остидаги навбатдаги модел Prime Lite деб номланган. Келинг, унинг хусусиятларига бирма-бир назар соламиз.

Металл рамкали ўзгача дизайн

Смартфоннинг селфи-камераси унинг олд юзасида, экраннинг тепасида бўлишига кўзингиз кўникиб қолганми? Олд камераси бошқа жойга ўтказилган смартфонни ҳеч тасаввур қилиб кўрганмисиз? Ана шунақа ўзгача дизайннинг барча афзалликларига MDC Prime Lite моделида гувоҳ бўлишингиз мумкин. Ахир, унинг олд камераси олд панелнинг пастида, чап бурчакда жойлашган!

Шунинг эвазига экраннинг юқориси ҳамда икки ён чеккалари ромсиз дизайнга эга. Дисплейнинг тепасида ёруғликни аниқлаш ва яқинлашув датчиклари, шунингдек, суҳбатлашув динамиги ўрин олган, холос.

MDC Prime Lite рамкаси тўлиқ металлдан ишланган, бу эса ҳозирги замонда қурилма мустаҳкамлигининг муҳим кўрсаткичларидан биридир. Унинг орқа панелида асосий камеранинг тикка жойлашган иккита модулига кўзимиз тушади. Улардан чап томондаги LED-чақноқ эса кам ёритилган шароитларда ҳам ажойиб суратлар олишга имкон беради.

Корпуснинг юқори қиррасида анъанавий 3.5 миллиметрлик қулоқчин тирқиши ўрин олган. Пастки қиррасида бўлса одатий USB 2.0 порти ҳамда динамиклар жойлашган. Ўнг қиррасида бўлса смартфонни ўчириш-ёқиш ҳамда овозни баландлатиш-пастлатиш тугмачалари қўлга қулай тарзда жойлаштирилган.

Дарвоқе, телефоннинг ўлчамлари 138x73.2x8.6 миллиметрни, вазни эса 160 граммни ташкил этади – кафтингизга шундай ажойиб ўрнашадики, буни сўз билан таърифлаш қийин!

HD сифатли IPS-дисплей – кинотеатр кафтингизда!

Смартфоннинг фойдаланувчи билан бевосита мулоқотда бўлувчи муҳим қисмларидан бири, шубҳасиз, унинг экрани ҳисобланади. Шу сабабли ҳам ишлаб чиқарувчилар қурилманинг мана шу жиҳатига алоҳида эътибор қаратишади.

MDC Prime Lite ҳам мана шу тамойилдан чеккада қолмаган – у диагонали 5.2 дюймга тенг IPS-дисплей билан жиҳозланган. Бу эса смартфоннинг ўзиданоқ электрон мактубларни ўқиш ва уларга жавоб ёзиш, турли веб-сайтларни бемалол кўриш имконини беради.

Дисплейнинг тасвир аниқлиги эса HD форматида, яъни 1280x720 пикселни ташкил этади. Бунақа экран бурчак остида ҳам юқори сифатли суратларни ранглари бузилмаган тарзда етказиб бера олади. Шунингдек, Prime Lite дисплейи фильмларни ва бошқа контентни томоша қилишга ҳам қулай – нақ мобил кинотеатр, дейсиз!

Қўшалоқ камера: дунёга ўзгача нигоҳ

Хабарингиз борки, мобил сураткашликда кейинги пайтларда урфга кирган жиҳатлардан бири – орқа фонни хиралаштирган ва асосий урғуни керакли объектга қаратган ҳолда портрет режимида расмга олиш имкониятидир. Бунга эришиш учун эса смартфоннинг асосий камераси иккита объективга эга бўлиши керакли шартлардандир.

MDC Prime Lite смартфони мана шу жиҳати билан ҳам мақтана олади – унинг замонавий техник таъминоти туфайли энг мақбул сифатли фотосуратлар олишга ҳеч қийналмайсиз! «Жонли» селфилар қилиш, экранга биттагина тегиниш орқали камеранинг чексиз имкониятларидан фойдаланиш – булар энди анча осонлашди!

Смартфоннинг асосий камераси 13 ҳамда 0.3 мегапикселли иккита сенсорни ўз ичига олади. Олд камера датчиги ҳам зўр – 8 мегапикселли бўлиб, унинг ёрдамида сиз ажойиб селфилар туширишингиз мумкин.

Маълумотларингиз махфийлиги мустаҳкам муҳофазада!

Ушбу смартфонни харид қилиб, сиз ҳамиша қўл остингизда 16 гигбайтлик дискка эга бўласиз – MDC Prime Lite ички хотираси айнан айнан шундай ҳажмга эга. Агарда буни кам, десангиз – microSD-карта ёрдамида унинг хотирасини нақ 128 гигабайтгача каттайтириш имкони мавжуд.

Бундай дискка энди истаганча маълумотлар бемалол сиғади. Смартфон ёрдамида олинган суратлару видеолар, шунингдек интернетдан юклаб олинган ёки USB 2.0 порти орқали кўчириб ўтказилган мусиқалар, клиплар ва кинофильмлар – барчасини смартфонингизда сақлай оласиз.

Хўш, бу каби маълумотларингизнинг махфийлигини таъминлаш учун сиз смартфонни қандай усулда ҳимоялайсиз? График калит дейсизми, пароль ёки кодли сўзми – бу усулларнинг барчасини MDC Prime Lite модели қўллаб-қувватлайди.

Шунингдек, замонавий усул – бармоқ изи сканери орқали фойдаланувчи шахсини тасдиқлаш технологияси ҳам бу смартфонга татбиқ этилган. Унинг дактилоскопик сканери экран остидаги «Уйга» тугмачасига интеграция қилинган бўлиб, жуда аниқ ва тез ишлайди.

Такомиллаштирилган техник таъминот

MDC Prime Lite смартфонининг «ички дунёси», яъни техник хусусиятлари ҳам анчайин илғор. Унга 1.3 гигагерц такт частотасида ишловчи тўртта ядроли MT6737 процессори ўрнатилган. Икки гигабайт ҳажмга эга тезкор хотира билан биргаликда у смартфоннинг самарадорлигини ажойиб тарзда таъминлайди.

Илғор технологиялар татбиқ этилганлиги эвазига бу девайс уяли алоқанинг 3G ҳамда 4G стандартларини қўллаб-қувватлайди. Смартфонга иккита SIM-карта тушади, у Android операцион тизимининг 7 (Nougat) талқини бошқаруви остида ишлайди.

Смартфон сунъий йўлдош орқали навигация учун GPS/AGPS модули, шунингдек, симсиз алоқанинг Wi-Fi 802.11 b/g/n ҳамда Bluetooth 4.0 талқинларини қўллаб-қувватловчи модуллар билан таъминланган. MDC бренди ўзининг Prime Lite қурилмасига 2750 мА/соат сиғимли аккумулятор ўрнатган.

Нархини айтмайсизми, нархи...

Смартфон қора ва мовий рангли корпусга эга талқинларда фойдаланувчиларга тақдим этилмоқда. Қувонарли жиҳати – шунча илғор хусусиятларга ҳамда ўзгача дизайнга эга бўлса ҳам, MDC Prime Lite смартфонига 1 млн сўм атрофида нарх белгиланган!

Шундай қилиб, агарда ўзига хос дизайндаги металл ва шиша корпусли, дактилоскопик сканерга ва қўшалоқ камерага эга ҳамёнбоп 4G-смартфон – MDC Prime Lite моделини пойтахтдаги электроника бозорларидан 1 млн сўм эвазига харид қилишингиз мумкин. Хуллас, мазкур моделни харид қилиб, бир вақтнинг ўзида битта ўқ билан иккита қуённи урган бўласиз: кам харажат қиласиз, аммо сифатли смартфонга соҳибига айланасиз!