Ўзбекистонда неча нафар талаба контракт пулини тўлолмай ўқишни ташлаб кетгани эълон қилинди

18.01.2018 | Ўзбекистон | 4253

Ўзбекистонда бир йилда 600 нафар талаба контракт пулини тўлолмагани учун ўқишни ташлашга мажбур бўлган, деб хабар қилинган Ўзбекистон Ҳукумати порталида.

"Ҳар йили мамлакатимиздаги олий ўқув юртларида таълим олаётган талабаларнинг маълум қисми турли сабабларга кўра ўқишдан четлаштирилади ёки ўқишни ташлашга мажбур бўлади", — дейилади хабарда.

Ўзбекистон Республикаси давлат статистика қўмитасининг расмий сайтидаги маълумотларга кўра 2016 йилнинг 1 ноябридан 2017 йилнинг 1 ноябрига қадар бакалавр босқичи талабаларининг 8 минг 582 нафари олий таълим муассасасидан кетган.

Улардан 2 минг 25 нафари ўзлаштиролмаганлиги сабабли, 410 нафари касаллиги туфайли, 600 нафари контракт тўловини тўлолмагани учун, 2 минг 980 нафари ўқишни бошқа олий таълим муассасасига кўчирганлиги боис ҳамда 2 минг 567 нафари бошқа сабабларга кўра ўқишдан кетган.