Қозоғистондаги фавқулодда ҳолат муносабати билан бош вазир бошчилигида ҳукумат комиссияси ташкил этилди

18.01.2018 | Ўзбекистон | 2725

Қозоғистонда кўплаб ўзбекистонликларнинг ҳалок бўлишига олиб келган фожиа сабабларини ўрганиш юзасидан бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида ҳукумат комиссияси ташкил этилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

«Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига кўра бош вазир бошчилигида махсус ҳукумат комиссияси ташкил этилди», — дейилади хабарномада.

Унинг таркибига Ташқи ишлар, Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ва бошқа идораларнинг вакиллари киритилди.

Махсус ҳукумат комиссиясига Қозоғистон вакиллари билан ҳамкорликда содир бўлган фавқулодда вазият сабабларини ўрганиш, мамлакат фуқаролари шахсини аниқлаш вазифалари юклатилди.