Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмоновга очиқ хат
21.01.2018 06:42,  
30

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг мамлакатимиз ривожи ва такомиллашуви йўлида олиб бораётган оқилона сиёсати ва эзгу ишлари кўпдан кўп таҳсинга лойиқ. Жумладан, илм аҳлига бераётган эътибори, илм-фаннинг ривожлануви учун жонфидойилик кўрсатиши ҳақиқатда ҳам қалбларимизни тўлқинлантириб, бизларга илҳом бермоқда. Мен – шахсан ўзим бу марҳаматлар ва қилинаётган ишлардан ғоят миннатдорман.

Шу ўринда алоҳида таъкидлашни истардимки, Президентимизнинг қарорига кўра Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси таркибига Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейининг қайтарилиши ниҳоятда тўғри ва адолатли иш бўлди. Негаки, бу Музей Ўзбекистон Фанлар академияси бағрида пайдо бўлган ва камолга етган. Унинг бутун тарихий фаолияти (келгуси 2019 йил унинг ташкил топганига 80 йил бўлади) айнан ФА билан боғлиқ бўлиб, у ўз таркиби ва моҳиятига кўра нафақат Ватанимизда балки жаҳонда ҳам ягона Музей ҳисобланади. Чунки, ҳазрат Навоий номи билан аталувчи, унинг ҳаёти, ижодини тарғиб этувчи ва кенг кўламда ўрганувчи ҳамда минг йилдан ортиқ оғзаки ва ёзма адабиётимиз тарихини кўргазмалар воситасида ёритиб берувчи бошқа бундай Музей йўқ. 

Мен ана шу даргоҳда 1980 йилдан бери меҳнат қилиб келаман. У мен учун ниҳоятда қадрли маскан бўлиб қолган. Шунинг учун унда бўлаётган ҳар бир ўзгаришни гўёки ўз шахсий ҳаётимдаги янгиликлар қатори қабул қиламан. Айниқса, “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қароридан (06.11.2017 й., №891) бениҳоя мамнун бўлдим. Унда кўрсатилган вазифалар ва ишлар амалга ошса шубҳа йўқки, Адабиёт музейи янада камол топиб, ривожланиб ва жаҳондаги энг машҳур музейлардан бирига айланади. 

Ҳурматли Раҳмонбек Жаҳонгирович!

Бошқа кўплаб адабиёт ва санъат, илмий жамоатчилик вакиллари каби мен ҳам мазкур қарордан сўнг ўз даврида Музейдан шаҳар ҳокимиятидаги мутасаддиларнинг айби билан хусусийлаштириб бериб юборилган қисми, яна музейга қайтарилади, деб кутган эдим. Бироқ, афсуски у амалга ошмади. 

Бундай дейишимга сабаб, Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи Олий таълим тизими таркибига ўтказилган қисқа муддатда музейнинг Тошкент шаҳар, Алишер Навоий кўчаси 69-уйда жойлашган музей биносининг маълум бир қисми 2016 йилда кир ювиш билан шуғулланувчи “Мирсалихов Т. С.” хусусий тадбиркорга ноқонуний равишда хусусийлаштириб бериб юборилган. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 13 майдаги №152-сонли қарорида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Тошкент шаҳри Навоий кўчаси, 69-уй манзилида жойлашган биносини қурилиш ишлари тугагунга қадар Тошкент шаҳар ҳокимияти ихтиёрига уни тасарруф этиш ҳуқуқисиз берилсин дейилган. Яъни, Тошкент шаҳар ҳокимияти ноёб архитектура ёдгорлиги бўлган мазкур бинони сотиш, кимгадир хусусийлаштириб бериш ҳуқуқига эга эмас эди. Афсуски, бу кўрсатмага риоя этилмади. 

Шаҳар мутасаддилари ҳеч бўлмаганда Президентимизнинг Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейини Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясига қайтариш ҳақидаги Қароридан сўнг, қилган хатолари устида ўйлаб кўришлари, бир умр Фанлар академиясининг мулки бўлиб келган бинони яна ўз эгасига қайтариш борасида бир хулосага келишлари жоиз эди. Ҳали ҳам кеч эмас, ҳали ҳам имкон бор деб ўйлайман. 

Хусусийлаштириб бериб юборилган музей биносининг бу қисмида Алишер Навоийнинг ижодий мероси акс этган экспозициялар жойлашган бўлиб, бино деворига ўз даврида машҳур рассом Чингиз Аҳмаров ҳамда Темур Саъдуллаевлар томонидан деворий расм ишланган. Алишер Навоийнинг экспозициялар зали, унинг деворидаги суратлар ўз даври учун ҳам, бугунги кун ва келажак авлод учун ҳам ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган бебаҳо хазина ҳисобланади. 

Муҳтарам Президентимиз ҳар галги чиқишларида, бўлиб ўтаётган учрашувларда китобхонлик, адабиёт, санъат ривожи ҳақида миллат маънавияти ҳақида жон койитиб гапирадилар. Бу куйинишлару маърузаларини жойлардаги раҳбару ҳокимлар ҳам ўқиб, ўқишармикан?! 

Шавкат Миромоновичнинг ўзлари таъкидлаганидек: “Мамлакатимизда маданият ва санъат тараққий этмаса, жамият ривожланмайди. Халқимизнинг ривожланиш даражаси аввало миллий маданиятимизга қараб баҳоланади. Шу маънода, маданият – бу халқимиз, жамиятимиз қиёфасидир. Биз Ўзбекистоннинг янги қиёфасини яратишга киришган эканмиз, буни аввало миллий маданиятимизни ривожлантиришимиздан бошлашимиз лозим»лигини ҳурматли Раҳмонбек Жаҳонгирович, Сиз ҳам билармикансиз? Билганингизда, мен ҳам Сизни оввора қилиб бу мактубни ёзиб ўтирмасмидим? 

Тошкент шаҳар, Навоий кўчасида жойлашган 69-бино ноёб архитектура ёдгорлиги эканлигини ва унда Алишер Навоий номидаги давлат аҳамиятига молик Адабиёт музейининг жойлашганини, музейдаги қўлёзма, тошбосмалар, экспозиция материаллари ва архив фонди халқимизнинг бебаҳо маънавий хазинаси эканини инобатга оладиган бўлсак бу бинода кир ювиш фаолият тури билан шуғулланадиган хусусий тадбиркорнинг иш юритиши мақсадга мувофиқ эмас. Бу ҳолат бизнинг маданиятимизга, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобурдек улуғ алломаларимизнинг меросига, адабиётимизга, санъатимизга, миллий меросимизга ҳурматсизликдан бошқа нарса эмас. 

Тўғри, тадбиркорларни ҳам қўллаш керак, Бу хусусий тадбиркорга шаҳарнинг исталган бошқа жойидан ер ажратиб берилса ёхуд ушбу тадбиркор томонидан музей ёнбошига қурилган бинони кенгайтириш борасида таклифлар бериб, музейнинг Алишер Навоий экспозициялари зали жойлашган қисмини музей балансига тўла қайтариб бериш борасида амалий ёрдам кўрсатишингизни илтимос қилиб қоламан. 

Ҳурмат ва эҳтиром ила 

Азизхон Қаюмов,

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби,

филология фанлари доктори

Таҳририятдан: Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Жаҳонгирович академик, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Азизхон Қаюмовнинг фикрларига нима деркин?!

***

Азизхон Қаюмов – 1926 йил Қўқон шаҳрида дунёга келган. 

1949 йил Ўрта Осиё давлат Университетининг Шарқ факультетини тугатган. 1949 йилдан бошлаб Шарқ қўлёзмаларини ўрганиш институтида кичик илмий ходим, Шарқшунослик институтида илмий котиб, Тил ва адабиёт институтида директор лавозимларида ишлади. 1954 йилда фан номзоди, 1961 йилда эса докторлик диссертацияларини ўзбек адабиёти тарихи мавзулари асосида ҳимоя қилди. 

1961-1979 йиллар орасида илмий фаолиятни турли давлат идораларида масъул лавозимларда ишлаш билан бирга амалга оширган. 1979-1998 йилларда Қўлёзмалар институти директори лавозимида, 1998 йилдан то шу кунга қадар Алишер Навоий номидаги давлат Адабиёт музейида етакчи илмий ходим бўлиб ишлаб келмоқда. 

Азиз Қаюмов 1989 йил Ўзбекистон Фанлар Академиясининг мухбир аъзоси, 1995 йил эса академиги бўлди. 1983 йил “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби” ҳамда Беруний номидаги Давлат мукофоти лауреатига сазовор бўлди. 

Азиз Қаюмов раҳбарлигида кўплаб фан номзодлари ва фан докторлари етишиб чиққан бўлиб, улар ҳозирги кунда республикамизнинг илмий ҳаётида ўзларининг муносиб ўринларини эгаллаб келмоқдалар. 

Азиз Қаюмовнинг хизматлари давлатимиз томонидан юксак баҳоланиб, “Эл-юрт ҳурмати” (2003), “Ўзбекистон белгиси” (1995), “Шуҳрат” медали (1995) “Буюк хизматлари учун” ордени (2014) каби мукофотлар билан тақдирланган.

uza.uz сайтидан олинди

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан