Туркиядаги ўзбекистонлик талабалар учрашув ўтказиб, жамият ташкил этишди

23.01.2018 | Илм-фан | 2741

Туркия Республикасида ўқиётган ўзбекистонлик талабалар 2018 йилнинг 20 январ куни Истанбул шаҳрининг Ускудар туманида жойлашган “Ёшлар Маркази” саройида “Талабалар учрашуви” ўтказди. Учрашувда жаъми 100 га яқин талаба билан бир қаторда Ўзбекистон Республикасининг Анқарадаги элчихонаси ва Истанбул шаҳридаги Бош консулхона вакиллари, Туркиядаги университетларда фаолият юритаётган ўзбекистонлик профессор-ўқитувчилар, қатор университетлардан туркиялик меҳмонлар, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ҳам иштирок этди. 

Тадбир шу йилнинг 18 январида Қозоғистоннинг Ақтўбе шаҳридага фожеада вафот этган юртдошларимизни хотирлаш билан бошланди, уларнинг хотираси учун Қуръон тиловат қилинди. Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси талабалар жўрлигида ижро этилди, Туркия Республикасининг мадҳияси янгради.

Ҳозирда Туркия Республикасида ўзбекистонлик 1000 га яқин талаба таълим олаётган бўлиб, ўтган ўқув йилида 736 ўзбекистонлик талаба таълим олди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикасининг Анқарадаги элчихонаси ва Истанбул шаҳридаги Бош консулхона вакиллари расмий очилиш учун нутқ сўзлаб, “Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси”нинг мақсад ва вазифалари, Ўзбекистонда ташкил этилиши режалаштирилаётган “Ёшлар фестивали” ҳақида маълумот бериб ўтди.

Дипломатик корпусларнинг вакиллари талабалар томонидан бундай ташкилий тадбирни уюштирилиши қувончли ҳолат эканини,  ташкил этилиши режалаштирилаётган ўзбекистонлик талабалар иттифоқига ҳар қандай ёрдам ва қўллаб-қувватлашни кўрсатишга тайёр эканини таъкидлаб, бундан кейинги фаолиятларда муваффақият тилади. 

Дастурхон атрофида “Ўзбек палови” билан самимий суҳбат ва кўтаринки руҳ шаклида “Ўзбекистонлик талабалар иттифоқи”ни ташкил қилиш масаласи муҳокама қилинди ва овозга қўйилди. Тўпланган овозлар натижасида “Талабалар бирлашмаси”ни ташкил этиш тасдиқланди. Ундан кейинги жараёнда эса “Ўзбекистонлик талабалар иттифоқи”нинг вакиллик ҳайъати раҳбарлиги учун сайлов ўтказиилди. Сайлов натижасида Истанбул 29 Май университетининг сиёсатшунослик ва халқаро алоқалар бўлими 4- курс талабаси Аҳмаджонов Маъмуржон вакиллик ҳайъатининг раҳбари этиб сайланди. Шунингдек Анқара, Қўня, Кўжаели, Самсун, Измир, Ялова сингари Туркиянинг бошқа вилоятларидан ҳам маҳаллий вакиллар сайланиб олинди. 

“Ўзбекистонлик талабалар жамияти” талабаларнинг ўқув дарсларидан ташқари бўш вақтларини фойдали ишларга сарфлаши мақсадида илмий-маърифий, маданий, ижтимоий ва спорт фаолиятлари олиб боришни мақсад қилиб олади. Ушбу фаолиятлар билан талабалар ҳам ўз устида ишлашни ўрганади, ўз салоҳиятини ривожлантиради, ҳам кўрсатган фаолиятлари икки халқ ўртасида кўприк вазифасини ўтайди.

Фақат талабалардан иборат бўладиган ушбу бирлашманинг вазифалари қуйидагилардир: 

- илмий-маърифий, ижтимоий-маданий фаолиятлар уюштириш; 
- Туркиядаги барча ўзбекистонлик талабалар билан алоқалар ўрнатиш, ҳамкорлик қилиш, ўзаро ёрдамлашиш;
- талабалар дуч келган муаммоларида, қийналган масалаларида маслаҳат бериш, амалий ёрдам кўрсатиш; 
- Туркияда ишлаётган ва ўқиш истагида бўлган ўзбек ёшларига университетга кириш билан боғлиқ ишларда маслаҳатлар бериш, улар билан учрашувлар уюштириш;
- оммавий ахборот воситаларида талабалар бирлашмасининг фаолиятини ёритиб бориш; 

 Таркиб 

  1. Талабалар орасидан юритувчи вакил ҳайъати сайланади. 
  2. Сайланган ҳайъат ўз фаолият дастурини талабаларга танитади. 
  3. Вакиллар бир йиллик сайланади. 
  4. Сайловда энг кўп овоз олган номзод вакил этиб сайланади ва ўз вакиллик ҳайъатини тузади. 
  5. Жамиятнинг маркази Истанбул бўлади. Туркиянинг бошқа вилоятларида ҳам вакил талабалар фаолият юритади. 
  6. Вакиллик ҳайъати йилда икки марта тўпланиб жамият фаолиятларини муҳокама қилади. 
  7. Вакил ва вакиллик ҳайъати барча фаолиятларини Ўзбекистоннинг дипломатик корпуслари аъзолари ва Туркияда тажрибали, ёши катта кишилардан иборат бўлган “Маслаҳат кенгаши”нинг маслаҳати ва назорати остида олиб боради. “Маслаҳат кенгаши” аъзолари сифатида Б. Тоғаев, Ж. Парманов, Қ. Шокиров, Э. Жумаев, С. Болтабаев фаолият юритади. 

Тадбир сўнгида она ватани Ўзбекистон бўлган Туркияда яшовчи ёзувчи Собир Сайҳон сўзга чиқиб, талабаларнинг бундай эзгу фаолиятлари сабаб жуда хурсанд бўлганини, бу давлат сиёсатининг тўғри юртилаётганининг далилларидан бири эканини таъкидлаб ўтди.