Ёш ўзбек муҳандиси тарафидан ишлаб чиқилган янги технология дунё ва Европа иттифоқи мутахассисларининг эътибори ва эътирофида

23.01.2018 | Илм-фан | 5752

Ўзбекистонлик ёшлар ўз билим ва қобилиятлари билан хорижий давлатлардаги мутахассисларни эътирофи ва эътиборини қозонишмоқда. Бугун сиз азиз муштарийларга таништирмоқчи бўлганимиз ўзбек муҳандис йигити Жумабек Алихоновдир. Жумабек Алихонов шу йилнинг 15-19 январь кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказилган технологиялар кўргазмасида қатнашиб, ўзининг янги технологияси билан Европа Иттифоқига қарашли ITEA (https://itea3.org/) ташкилоти ва бошқа 5 давлатдан бўлган мутахассисларнинг эътирофини қозонди.

Жумабек Алихонов, асли наманганлик. Таълимнинг бакалавр босқичини Тошкент ахборот технологиялари университетида имтиёзли равишда битиргандан сўнг, билимини янада ривожлантириш учун Жанубий Кореянинг Инҳа Университетига йўл олди. Бу университетда магистратура босқичини тўлиқ стипендияли дастур асосида ўқиб битирар-битирмас, Кореядаги бир хусусий технология ширкатига ишга қабул қилинди ва 1 йилдан кўпроқ муддатдан бери бу технология ширкатида «сунъий заковат (artificial intelligence) ва тубдан ўрганиш (deep learning)» соҳасида малакали муҳандис сифатида меҳнат қилиб келмоқда.

2016 йилда Европа Иттифоқининг EUREKA фондига қарашли ITEA3 дастуридан Туркия, Испания, Португалия, Руминия ва Жанубий Корея каби 5 давлатдан 8 та ширкатга 4 миллион евролик янги бир лойиҳа учун грант ажратилади. Бу лойиҳа жамоат транспортлари назорат ўтишларида карта ёки жетон технологиялардан воз кечган ҳолда смартфонлардан фойдаланишни илгари суради. Бу лойиҳанинг энг асосий қисмларидан бири бўлган инсон юзини таниш технологияси Корея ширкатига берилади. Корея ширкати эса ўз навбатида бу юз таниш тизимини Жумабек Алихоновнинг зиммасига юклайди. Бу йигит ўзининг бор маҳорати ва билимини ишга солиб, ҳақиқий вақтли юз таниб олиш тизимини ишлаб чиқади. Келинг, азизлар, гапни кўп чўзмайликда, бу янги технология ҳақида Жумабекнинг ўзидан тинглайлик.

Жумабек, бу қандай технология, нимаси билан янги, қаерларда ва қандай қўлланилади, яратиладиган қулайликлар, нималарнинг олди олинади, шулар ҳақида батафсил тушунтириб берсангиз.

Авваламбор, катта картина кўз ўнгингизда намоён бўлиши учун лойиҳа ҳақида қисқача тўхталсам. Бизни гўзал Тошкентимиздаги метродан ўтишдаги назорат турникетларини кўз олдингизга келтиринг. Метронинг киришидаги бу турникетлардан ўтаётганда жетон ташлаб ўтамиз. Жетон сотиб олиш ва уни ташлагандан кейинги турникетдаги тўхталиш киши вақтини олиб қўяди. Қолаверса, бу катта шаҳарларда тирбандлик ва ноқулайликларни келтириб чиқади (келажакда бу ҳол Тошкентда ҳам кузатилиши кундек равшан). Шу сабабдан Жанубий Корея ва Европадаги ривожланган давлатлар жетон ўрнига NFC карталардан фойдаланишади. Назарияда бу каби карталарни максимум 20cм масофадан аниқлаш мумкин. Шу боисдан метрога кириш учун бу каби карталарни NFC сканер жойлаштирилган ускуналарга теккизиш керак булади. Бу эса ўз навбатида картадан керакли пулни ечиб олади. Энди бу каби усулда иккита муаммо бор: 1) аҳоли зич бўлган шаҳарларда тирбанд соатлар бўлади. Бу соатларда картани ускунага теккизиш ва тўсиқни очилишини кутиш кишини кўп вақтни олади. 2) Бу каби NFC карталарни шахсийлаштириб бўлмайди. Мисол учун сизни картангизни бошқа бир кимса бемалол фойдаланиши мумкин. Агар картани шахсийлаштириш имкони бўлса, жиноятчилар метродан фойдалана олмайди ва шахсий карта эгалари эса маълум муддат бу турдаги хизматдан фойдаланганлари учун чегирма оладилар. Энг муҳими эса йўловчилар оқимини назорат қилиш имкони пайдо бўлади. Яъни қайси соатда қанча одам қайси метро бекатига киради ва чиқади. Бунга қараб метро ширкатлари ўз тараддудини кўради, ҳамда метро каби жамоат транспортларида турли-туман таҳдидларни олди олиниб, хавфсизлик чоралари сони ва назорат сифати ортади.

Энди биз шу икки муаммони ечиш учун ETS (Electronic Ticketing System) лойиҳасини 5 давлат билан ҳамкорликда амалга оширмоқдамиз. Қуйидаги бизнинг (Истанбулдаги) тажрибавий ҳудудимизда кўрсатилганидек йўловчилар ҳеч қандай тўсиқсиз метрога кира оладилар. Улардан пул ечиш ва таниб олиш Beacon Scanner ва Face Recognition орқали амалга оширилади. Мен фаолият кўрсатаётган фирма DTS (http://datongsol.com/) эса бу лойиҳада кореялик ҳамкор сифатида иштирок этмоқда. Мен эса вазифам ўлароқ метрога кираётган йўловчи юзини камера орқали аниқлаб оладиган ва ким эканини танийдиган алгоритм дастурини ишлаб чиқишим керак бўлади, бу галги йиғинда мен дастурнинг прототипи билан қатнашган бўлишимга қарамасдан, дастурим ITEA баҳоловчиларига маъқул келди. Бу йиғилишда муҳандис сифатидагина эмас лойиҳа етакчиси сифатида қатнашиб ўз лойиҳамизни европаликларга тақдимот орқали таништирдим. Йиғилиш якунида эса ITEA баҳоловчиларидан бўлган Эрик Роденбач бунга қизиқиш билдириб, бу технологияни патентлаган ёки патентламаганимиз ҳақида мендан сўради. Бундан ташқари ITEA ҳайъати раиси Зейнеп Сарилар келажакда Ўзбекистон ҳам ITEA лойиҳасида қатнаша олиши мумкинлигини таъкидлаб, агар шу каби истагим бўлса, менга шахсан ёрдам беришини айтди.

Менинг юзни таниб оладиган дастурим икки ҳолатда қўлланилади:

Йўловчи метрога кираётганда унинг картаси Beacon Skayner орқали ўқиб олинади ва карта IDси орқали маълумотлар базасидан фойдаланувчига тегишли маълумотлар олинади. Бу маълумотлар ичидаги карта эгасининг юзини тасвирлайдиган маълумотлар менинг Face Recognition (юзни таниб олиш) дастуримга юборилади. Жорий юзни таниб олиш дастури эса камерадан аниқланган юз ва карта регистрация қилинган юзни бир бирига солиштириб, бир хил инсонми ёки йўқ билиб беради.

Маълумотлар базасида хавфли жиноятчилар ёки метро хизматидан фойдаланиши мумкин бўлмаган кимсалар рўйхати ва юзини тасвирловчи маълумотлар бўлади. Жорий дастур эса DTS камералари орқали ҳар бир йўловчи юзини ана шу «қора» рўйхатдаги кимсаларга солиштиради. Агар бирон-бир шу каби кимса топилса, унинг юзи ва жойлашган ўрни метро ходимларига хабар қилинади.

Хабарни Жаҳонгир Азимжонов ва Жумабек Алихонов тайёрлади