Ўқув машғулотларини ўтказганлик учун меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш 15 фоизга оширилди

23.01.2018 | Илм-фан | 3104

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 18 январдаги қарори билан янги Ўқув машғулотларини ўтказганлик учун меҳнатга соатбай ҳақ тўлашнинг миқдорлари тасдиқланди. 

Ҳужжатга мувофиқ, бунгача амалда бўлган миқдорлар 15 фоизга оширилди. Бунда айтиб ўтилишича, янги оширилган ставкалар 1.12.2017 йилдан, яъни ўтган санадан бошлаб қўлланилади, деб маълум қилади "Норма".

Бундан ташқари, белгиланишича, умумтаълим мактабларининг 10-11 синф ўқувчиларига касбий таълим беришга ихтисослаштирилган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаси ишлаб чиқариш таълими усталарининг соатбай ҳақ тўлаш миқдорлари 14 561,9 сўмни ташкил этади. Илгари улар белгиланмаган эди.

Маълумот ўрнида, соатбай ҳақ тўлаш миқдорлари 1 академик соат учун белгиланган. Олий таълим тўғрисида низомнинг 35-моддасига кўра, барча турдаги аудитория машғулотларининг давомийлиги белгиланган – 45 дақиқа (бирга олиб бориладиган ягона парада машғулотлар ўтказилганда - 40 дақиқа).