Халқ таълими вазирлиги тожик мактаблари ёпилмаслигини билдирди

25.01.2018 | Илм-фан | 2465

Бир муддат илгари Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани аҳолиси Ўзбекистондаги тожик мактабларида кадрлар етишмаслиги масаласини кўтарган эди. Халқ таълими вазирлиги бу масала бўйича расмий баёнот билан чиқди, деб хабар беради ЎзА.

«Бугун турли оммавий ахборот воситаларида ‘Ўзбекистон тожиклари тожик мактабларининг ёпилиши эҳтимолидан ташвишга тушди’ сарлавҳаси остида бир қатор мақолалар эълон қилинди. Унда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги таълим тожик тилида олиб бориладиган мактаблар ёпилиши мумкинлигидан аҳоли хавотир билдирилганлиги айтиб ўтилган», — дейилади баёнотда.

Халқ таълими вазирлиги бундай хавотирга ўрин йўқлигини маълум қилди.

Бугунги кунда республикамизда 245 та умумтаълим мактабида таълим тожик тилида олиб борилмоқда. Улардаги 62 минг нафар ўқувчига 5 минг 755 нафар ўқитувчи-педагог тожик тилида таълим-тарбия бериб келмоқда. Бўстонлиқ туманидаги 8 та умумтаълим мактабида 886 нафар ўқувчига 138 нафар ўқитувчи тожик тилида таълим-тарбия бермоқда.

Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги қонунида ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши республика ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг ўз она тилини қўллашдан иборат конституциявий ҳуқуқларига монелик қилмаслиги белгилаб қўйилган бўлиб, бугунги кунда республикамиздаги умумтаълим мактабларида таълим 7 тилда олиб борилмоқда. Улар давлат таълим стандартлари асосида чоп этилган 7 тилдаги дарсликлар билан тўлиқ таъминланган.

Ўзбекистонда таълим олиш тилини миллатидан қатъи назар, ота-оналар фарзандлари билан танлаш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай тажриба дунёдаги кўпгина ривожланган давлатларда ҳам йўлга қўйилмаган.