Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Шоира Гулбаҳор Саид Ғани Фарғона ҳокимининг “инсоний сифатлари бисёр”лигини билдирди
25.01.2018 21:57,  
43

Таниқли шоира ва “Фарғона ҳақиқати” газетаси муҳаррири Гулбаҳор Саид Ғани Facebook тармоғидаги саҳифасида яқинда тошлоқликларни қаттиқ ҳақоратлаган вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевни ёқлаб муносабат билдирди. Шоиранинг фикрича, ҳоким бир сўзли, талабчан инсон. Ҳоким бу сўзларни куйиниб айтган, деб ёзади у. “Шу ёзувни тарқатган “раҳбарча” ўзига гуноҳ орттириб қўйибди”, “агар шу одам қаттиққўллик билан талаб қилиб олмаса, Президент фармонлари ва қарорлари ижроси сустлашиб кетади”, “аудиони тарқатишдан эса Сэм тоғанинг ақчаси илинжидаги чет эл журналистлари манфаатдордир”. “Фарғона аҳолиси вилоят ҳокимининг олиб бораётган сиёсатини, ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз”, деб якунланади мурожаат.

Бироқ унинг остида бир қанча фарғоналиклар изоҳ ёзиб бу мурожаатни мутлақо қўлламаслигини билдирган ва муҳаррирни ўзларининг номидан гапирмасликка чақирган. Қуйида мурожаатномани тўлиқ келтирамиз.

ФАРҒОНА АҲОЛИСИ НОМИДАН МУРОЖААТ

Фейсбук тармоғида тарқалган Фарғона вилояти ҳокимининг сўзлари борасида билдирилган фикрларни ўқиб юрагимизда бир ўт ёнмоқда. Бу ўт, бир томондан фожиа, мусибат туфайли бўлса, бир томони ноҳақ айблов, одамни яхши билмай туриб айтилаётган фикрлар туфайлидир. Вилоятимиз ҳокими бир сўзли, талабчан одамлиги тўғри. Бу раҳбар инсонга керакли жиҳат. Айнан ўша селектор йиғилишидаги нутққа эътибор қилган бўлсангиз, халққа, аҳолига эмас, яхши иш олиб бормаган қуйи бўғин раҳбарларига, бефарқ масъулларга юзланиб куйиниб айтилган сўзлардир. Сиз ғазабингиз келганда нималар демайсиз? Албатта, юз фоиз ҳақ, шундай дейиш керак демоқчимасмиз. Қолаверса, селектор йиғилиши раҳбарларнинг ички масаласи ҳисобланади. Шу ёзувни тарқатган “раҳбарча” ўзига гуноҳ орттириб қўйибди.

Ушбу аудиоёзувни интернетга қўйишдан ким манфаатдор? Албатта, биринчидан, буни катта байрам қиладиганлар мухолиф фикрли чет эл “журналистлари”. Чунки ватанни ёмонласа, чўнтаги қаппаяди. Уларни боқиб турган Сэм тоғалар ақча беради. Иккинчидан, Ўзбекистон халқининг бирдамлиги, жипслигини бузишга ҳаракат қилганларга керак. Ёзилган шарҳлар, қўйилган постлар ичида атай провокация учун ёзилганлари кўп. Ўзбекистонда тинчлик йўқолса, тинч турмуш бузилса кимлардир хурсанд. Шунинг учун улар пашшани кўрса, ундан фил ясаб ташлайди. Содда ўзбегим эса уларнинг ўчоғини ўт олдирмоқда.

Шуҳрат Ғаниев тажрибали ҳоким. Кўпмиллатли, кўпсонли Фарғона вилоятини бошқариш ҳаммага ҳам эмас. Бу инсоннинг ҳалол меҳнати, кечаю кундуз тиним билмаслигини вилоятда ёшу қари билади. Ҳеч бир ишни ўзини ўйлаб эмас, 3 600 000 аҳолини ўйлаб, уларни боқиш учун қиляпти. Тинимсиз кўпайиб бораётган аҳоли, тинимсиз ажрашаётган ёшларга уй-жой топиш ҳам унинг зиммасида.

Агар шу одам қаттиққўллик билан талаб қилиб олмаса, Президент фармонлари ва қарорлари ижроси сустлашиб кетади. Вилоятда янги иш бошлаган эркин иқтисодий зона, кичик саноат зоналари, янги барпо бўлаётган уй-жойлар кимни ўйлаб қурилмоқда? Бозорларимизда доимий озиқ-овқат турларининг бўлиши, доимий асосий турдаги асосий истеъмол молларининг мавжудлиги, кўчаларимизнинг ободлиги учун ким ҳаракат қиляпти? Вилоятдаги бошқа раҳбарлардан талаб қилиб олинмаса, қаттиқ турилмаса, иш олдинга юрмайдику.

Нонкўрлик қилиб, тилимизга эрк бермайлик. Бир кун тилимиз учун ҳам Оллоҳ олдида жавоб берамиз. Агар бу инсоннинг меҳнатларини билмоқчи бўлсангиз, бошқа вилоятлар билан вилоятимизни солиштиринг-қўйинг. Биргина мисол, Фарғона вилоятида ҳеч қайси вилоятда йўқ бўла туриб, “Ҳайвонот боғи” фаолияти ташкил этилиб, вилоятимиз фарзандлари қувончига сабаб бўлмоқда. Шу билан бирга, вилоятдаги олис бориши қийин бўлган чегара ҳудудда жойлашган Шоҳимардон қишлоғига узоқ йиллардан бери автобус қатнови бутунлай узилиб қолган эди. Вилоят ҳокимининг сай-ҳаракати билан қўшни республиканинг Баткент вилояти раҳбарлари билан олиб борган самарали музокаралари ва амалий тадбирлар туфайли Фарғона шаҳридан Шоҳимардон қишлоғига автобус қатнови йўлга қўйилди.

Фарғона жаннатга ўхшайди. Ўтган йиллар ичида Шуҳрат Ғаниев раҳбарлиги остида Фарғона вилояти, хусусан Фарғона шаҳрида улкан бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Жумладан, Фарғона шаҳрининг аниқ ечимларга эга Бош режаси ишлаб чиқилиб, халқнинг кўзи олдида “марказий Халқа йўли” қуриб битказилиб, шаҳарда транспорт қатнови тирбандлигини олди олинди. Ҳаммамиз биргаликда бир аравани тортаяпмиз. Сарбонимизга ўзимиз тош отадиган бўлсак, аравамиз лойга ботади.

Эй одамлар! Кўзингизни очинг, бировларнинг иғвосига учманг! Ғам-ташвиш бизники, қайғу бизники, муаммо бизники, ташқаридан ҳеч ким келиб уларни ҳал қилиб бермайди. Шу ҳокимимиз билан бирга ўзимиз ечамиз.

Баландпарвоз гапирмоқчи эмасмиз, аммо халқ қабулхоналарида ҳоким билан бирга вилоят ташкилотлари раҳбарлари баҳамжиҳатликда ишлаб, фуқароларнинг муаммолари билан шуғулланмаганда, бугун бу вилоятдаги халқ қабулхонаси республикада биринчи ўринни олмаган бўларди. Шунча ногиронлиги борлар, кам таъминланганлар йиғлаб дуо қилганларини кўрдик, халқ ичида умрида ҳокимни кўрмаган одамлар олиб бораётган ишларини кўриб у билан бир мақсад йўлида ишлашга бел боғладилар. Улар содда одамлар эканлиги шундаки, уларнинг интернетда ғийбатлашиб ўтиришга вақтлари йўқ, шунинг учун бу ерга ёзолмайдилар.

Тўғри, кимнингдир иши вилоят ҳокими билан битмагандир, муаммо ҳам, масала ҳам ҳар хил бўлади. Ҳар ким ўз кўмочига ун тортади. Ўз манфаатини кўзлаб, ноҳақ талаб қилинган ишлар, албатта, ижобий ечим топмайди. Ёки республика миқёсида ҳал бўладиган масала вилоятда ҳал бўлмайди. Бу эса ёмонлашга асос бўлмайди.

Кундузлари 500 километрлаб йўл юриб вилоятни кезиб халқ билан суҳбат қуриб, кечалари китоб ўқиб сиёсату бадиий адабиётдан, санъату спортдан баҳс қилган арбобга нисбатан адолатсиз муносабатлардан, биз – фарғоналикларнинг дилимиз оғриди.

Кўпчиликда қўймижозлик бор. Ҳокимларни ёмонлаш касаллиги юқумли экан. Ўзи умрида кўрмаган, билмаган одамини ҳам бошқаларга эргашиб ёмонлаб кетаётганлар ҳам бор. Дўппини олиб қўйиб, фикр қилинг. Бизнинг нотинчлигимиз бузғунчиларга керак. Бу эски гап, аммо доимий бор гап. Поданинг ичида битта тиррақиси бўлса, бутун подани булғайди, дейди халқимиз.

Кейинги пайтда ўзи фейсбук айрим савиясиз кишиларнинг ғийбат ўчоғига айланди. Ҳар кун битта мавзу бор. Эртадан кечгача ғийбат. Эссиз вақт, эссиз умр... Меҳнаткаш одамнинг бунга вақти йўқ, у доимо банд. Демак, ҳаётимиз қаердадир юрмай турган, басталик тушаётган бўлса, ўзимиз айбдор эканмиз. Соғлом фикрли одамлар вақтини беҳуда кетказмай, одамларга яхшилик улашиш билан машғул. Эртагалик эмас, бугунги ҳаётимизни ҳам юргизиш учун вилоят раҳбари билан бирга меҳнат қилмоқдалар.

Вилоятимиз ҳокими сиёсати қаттиқ раҳбар, аммо инсонийлик сифатлари бисёр. Ҳеч қачон ёмонлик қилган одамга ҳам ёмонлик билан жавоб берганини эшитмаганмиз. Ҳар бир инсоннинг қалби тубида гўзаллик бор. Ўша гўзалликни кўра олиш ҳам ҳаммага эмас. Сиз уни ёмонлаб ўтирганингизда бу одам далаларда, чегара районларда ором нима билмай кезиб, муаммоларни ўрганиб юрган бўлади. Сиз тинч ухлаб ором олаётган пайтда шу инсон тунлари бедор меҳнат қилаётган бўлади. Сиз бемалол овқат тановвул қилаётган пайтингизда шу одам кун бўйи туз тотмаган бўлади. Сиз оилангиз бағрида кулиб ўтирганингизда шу инсон одамга ўхшаб кечки пайт уйига бориб оила даврасида ўтиришга вақт топмаган бўлади. Эзгуликка бахшида умр деб шуни айтилса керак. Биз, Фарғона аҳолиси вилоят ҳокимининг олиб бораётган сиёсатини, ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.

Гулбаҳор Саид Ғани

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан