Иллатнинг илдизи қаерда ? Ёҳуд Сэм тоғанинг ақчасисиз битилган изтироблар

26.01.2018 | Блог | 4375

Биз Фарғоналиклар ғурури Шоҳимардон тоғларидай баланд халқмиз, бироқ бир неча кун ичида танасига ўн олтита игна суқилган чақалоқ билан бошимиз эгилиб қолганди. Кеча интернет тармоғида тарқалган аудиоёзув эса, танамга яна миллионта игна санчди…

…Ўғилларим кичкиналигида бирорта уят сўз айтиб қўйса, турмуш ўртоғим қаттиқ уришмас, унинг ўрнига атайин ювиниш хонасига киргизиб, ўн дақиқача тишларигача обдон тозалатар эди. “Яхшилаб ювгин, болам. Оғзинг, тишинг, тилинг ҳам кир бўлибди-ку! Тоза ювмасанг, овқат ҳам емайсан! Чунки таом уят гап чиққан оғизга киргиси келмайди!” дерди. Тарбиядан андак хафа бўлган каттам дадасига индамас, аммо менга ёриларди:
— Нега дадам шунақа? Ана, ўртоғимни “Ҳа ўғил бола, молодец!” деб эркалалашади. “Яна битта сўкиниб қўйинг! Битта янгисидан ўқиб ташланг, той!” деб пул ҳам беришади. Музқаймоқ билан сийлашади. У кўчадагиларга ҳам сўкинади.
Унинг гапларини тинглаб, ётиғи билан тушунтиришга харакат қилар эдим:
— Даданг хақ ўғлим. Ёмон гаплар чиқадиган оғиз тоза бўлмайди. Кейин, шу сўкинган тилинг билан мени “Аяжон” деб чақиргани уялмайсанми? Ўртоғингга ҳам айт, беадаб бўлмасин!

Тарбия усулимиз самара бериб, ўғилларим умуман сўкинмайдиган бўлишди. Хозир ҳам, сўкиниш тугул, бировнинг ҳамиятига тегадиган, дилига озор берадиган гапларни умуман айтишмайди. Менимча, фақат биздагина эмас, аксарият оилаларда шундай. Аҳён-аҳёнда учраб турувчи хунук ҳолатларни айтмаганда, мурғак гўдакка сўкинтириб пул билан рағбатлантириш бизнинг менталитетга ёт иллат. Бироқ, сўнги йилларда амалдорларнинг бепарда, беандиша, беадаб муомалалари урфга айланди. Бундан қулоқларимиз эмас, миямизнинг ўзагигача қизариб кетяпмиз. Оқилу олим, фозил инсонлари билан танилган миллат бугун бутун дунёга шарманда бўляпмиз. Нега?!

Қувасойда ҳам биттаси бор. Катта-кичик, эркак аёл демай, оғзидан боди кириб, шоди чиқади. Андижондаги-чи: “Ие, мен туфайли бутун Андижон халқи уятга қолди” демай, ҳамон тили ёмон. Паст-баланд мансабларда ўтириб, амалига билими билан чиққан бўлса-да, шалоқ тили билан ҳукмронлик қилаётганларнинг сон-саноғи йўқ. Хўш, ширинсуҳанлиги билан ҳам меҳр қозонган юртдошларимга нима бўляпти?! Уят, андиша, одобни йиғиштириб қўйган амалдорларнинг илкидаги “БЕАДАМЛИК НИЗОМИ”нинг муаллифи ким?

“Давр талаби!”, деди биттаси билағонлик билан. Нахотки?!
Янглишдингиз, дўстим! Чунки, замонамиздан минг марта оғир даврларда ҳам бунчалик “уятсиз” бўлмаганмиз. Тўғри, тарихимиз акс этган бадиий адабиётларимизда салбий қаҳрамонларимиз етарли, бироқ замонамиз хақида холис асарлар ёзиладиган бўлса, Ўткир Хошимовнинг “Икки эшик ораси” асаридаги Умар закунчи “Мен фаришта эканман-ку!” деб гўрида ирғишлайди. Китобни илк марта ўқиб чиққанимдаёқ уни жуда ёмон кўриб қолгандим. Уруш даврида эзилиб турган қишлоқдошларини одам ўрнида кўрмай, оғзидан боди кириб, шоди чиққан манқуртдан ўн тўрт ёшимдан буён нафратланаман. Балки адиб атайин, шу одамнинг феъл атворини ўқиганларга ибрат бўлсин, деган мақсадда бўрттиргандир. Балки Сталин даврининг сиёсати оддий Умардан қабих одамни шакллантиргандир. Чунки ўша вақтларда биз мустақил бўлмай, кимларгадир қарам, қўпол қилиб айтганда, фақат озиқ-овқат ва пахта етиштириб бериш учун хизмат қиладиган “каттакон лагерда” яшар эдик. Шу сабабли, бир бошоқ буғдой учун ҳам елкаларга қамчи тушар, “Халқ душмани” деган ёрлиқ билан Сибирга сургун қилишар эди…

Миллион марта уялсам-да, айтай: Фарғона вилояти ҳокимининг аудиоёзувга муҳрланган “дилсўзлари” автобус, метро, ишхона, бекат, қўйингки, ҳамма жойда муҳокама қилиняпти. Ҳатто Фарғонада ҳам одамларнинг ғазаби қайнаган. Шундоқ ҳам тўлиб турган сабр косаларига яна бир томчи қўшилди. Вазиятни кузатган сари бир нарсага ҳеч ақлим етмаяпти — шундоқ ҳам жудаям ноқулай ахволда, югуриб-елиб, қарор кетидан қарор чиқариб,турмуш тарзимизни ўзгартиришга уринаётган Президент амалдорларга бизнинг ақлимиз етмаган бошқача кўрсатмалар берганми? “Онаси, энаси қолмай сўкиниб, оғзингни, қўлингни кучи етгунча шу дардисарларни қонини ич!” демагандир. Ёки ҳокимлар ҳокимият деганда фақат жойлардаги ижрочи органни эмас, салтанат ичидаги салтанатни тушунадиларми?!

Энг аламлиси, бешикдаги гўдагини ҳам сизлаб гапирувчи Марғилонликларнинг ҳам тили айнибди! Агар Тошлоқ Америка ёки Хитойда бўлганида ҳам бунчалик хафа бўлмас эдим. Марғилон-Тошлоқ ораси атиги беш километр, яъни ўн дақиқалик йўллигини ҳисобга олсак, демак, ҳурматли ҳокимимиз икки туман сувини ичиб катта бўлган. Демак, фақат Марғилон ширмойини эмас, Тошлоқда унган буғдойнинг нонидан ҳам еб катта бўлган.

“Эх, қани энди, ҳар бир ҳокимият, идораларда муомала одобидан дарс берувчи устоз ва қандай вазият бўлмасин ўзини идора қилишга кўмаклашувчи психолог хизмати ташкил қилинса!” дердиму, “лавозимларда ишловчи кадрлар барча оғирликларини зиммасига олиб, мансаб пилапояларидан кўтарилади-ку” , деб ўйлаб қоламан…

Тармоқдаги минглаб инсонларнинг фикрларини қўллаб-қувватлаб, ҳокимни айблаб қўйишим осонроқ бўлади, аммо мен ҳамманинг фикрига юз фоиз қўшилишни ўзимга эп кўрмай, ўз бошимдан ўтган биттагина воқеа билан бошқа айбдорларни, каттароқ айбдорларни ҳам кўрсатиб беришга уриниб кўраман.

Бундан икки йилча аввал қўнғироқ қилишиб, Республика Маҳалла жамғармасига зудлик билан етиб келишимни айтишди. Фарғонадан қандайдир хат келган экан. Қўнғироқ қилганни гапириш оҳангидан андак оғринган бўлсам ҳам, кечиктирмай етиб бордим.

У ерда танишим йўқ-ку, лекин кунора ойнаи жаҳонда кўриниб турганим учун эшикдан кирмасимданоқ айланиб-ўргилиб, келишим сабабини сўрашди. Жавоб бердим. Улар ҳайрон. Мени Фарғона вилояти бўйича мутахассиснинг олдига бошлаб кирган аёл “Опамизга сизнинг телефонингиздан қўнғироқ бўлган экан, тинчликми?” деб савол бергач, аёл ҳам ғалати бўлиб қолди. Келишимга сабаб бўлган номани хатлар орасидан топиб, яна бир кўз ташлагач, уни жойига қўйди. “Опа, устингиздан шикоят ёзиб юборишган экан, лекин ўлай агар ҳозир нима дейишга хайронман…Тавба, сизни яхши биламан-ку. Келинг, яхшиси, хатни ўқимай қўя қолинг” деб, ноқулай аҳволда қолди. Хатга беихтиёр қўл чўзиб ўқий бошладим. Нигоҳларим сатрлар устида югуряптию, кўксимда қаттиқ оғриқ турди. Танам қоқ ўртасидан болта урилган дарахтдай ҳолатда…

Хуллас, хатда мен аҳлоқан бузуқ аёллигим, маҳаллада ҳам айнан шу туфайли ном чиқарганим, бўхтон ёзиб, ҳокимнинг шаънини булғаганим, энг дахшатлиси, менга тарбия берган инсон, яъни дадам ҳам жамиятда ҳурматга эга бўлмаган шахс, деб ёзилган ва уч вароқдан ортиқ нома остига бир гуруҳ маҳалладошларим имзо чекишган эди.

Карахт бўлсам ҳам, англадим. Бу мактуб ҳоким устидан Президент девонхонаси ва Бош прокуратурага ёзган арзномам ва муштипар ойимнинг Маҳалла фуқоролар йиғини раисининг ақл бовар қилмас найранглари туфайли берилган шикоятининг акс -садоси эди.
Даҳшати, хақиқат, адолат учун курашаман деб, ёмонотлиқ бўлганим. Янаям ёмони шуки, бошимдан бир челак ахлат тўкканлар туғилиб ўсган қишлоғимда мени, оиламизни жудаям яхши таниган одамлар эди.

Хатдан нусха олдиму, қишлоққа келдим. Маълум бўлишича, Республика Маҳалла жамғармасига нома юбориш ва устимдан иғво уюштиришнинг бошида шахсан ҳоким турган экан. У бир гуруҳ эркакларни йўл юзидаги “АЁҚШ” биносига йиғиб: «Қишлоқдошларинг жонимдан тўйдириб юборди. Агар бирор чора кўрмасангиз, кунингизни кўрсатаман!» деб дағдаға қилган экан. “Қонун устувор давлатмиз” деб чиранамиз. Бироқ, кимнингдир устидан ёзган шикоятингга, холис инсонлар эмас, шикоятингда тилга олинган фуқароларнинг ўзи жавоб хати ёзишса, адолат бормикин, деб ўйланиб қолар экансан, киши.

Фаросатни қарангки, шикоят аризам ўрганилиш учун Фарғонага юборилганида ҳоким ва Маҳалла Фуқаролар йиғининг раиси биргаликда жавоб ёзишган, қолганлар имзо чекишган экан.
Ўша ерда йиғилганлардан фақат битта ҳамқишлоғимгина: «Мен имзо чекмайман. Бир бегуноҳга жабр қилишдан, Аллохдан қўрқаман!» деб чиқиб кетган.

Ўшанда қишлоқ теграсидаги адир тепасига чиқиб роса йиғлаганман. Уч йилдан бери давом этаётган адолат учун курашда кўп азият чекдик. Собиқ ҳарбий прокурор бўлган ҳокимнинг қахридан қўрққан ҳамшаҳарларим майли, аммо ҳар бир дарвозаси, дарвоза қоқсангиз аккиллайдиган итигача таниш қишлоқдошларимнинг муносабатидан дилим вайрон бўлган.
Аммо, адолат барибир ғалаба қозонди. Бунинг учун бировга иғво уюштирмадим, бировни ноҳақ айбламадим. Ҳаммага ёмон кўринсам ҳам охиригача курашдим!

Биласизми, агар Қувасойликлар ўша сўконғич, бебурд, беодоб ҳоким тайинланганидаёқ қулдай бош эгишмаганида, ҳозир Суфондаги машҳур беҳизор вайрон қилинмаган, Лашкардаги олмазор чала пишган олмалари билан қўпорилмаган, пиёзи йиғилмаган далаларга трактор солиниб, эгалари чирқираб қолмаган бўлишар эди. Агар одамлар озгина хуқуқларини танишганида, бошқа туман тадбиркорларига сотилган ерларда хозир ўзлари дўкон қуриб, оила боқишаётган бўлишарди. Полмонлик икки йигит иш топа олмай алданиб, Сурияга кетишида ҳам, ҳар йили Россиядан келаёган тобуталардаги ака-укаларимнинг ўлимига ҳам ҳамшаҳарларимнинг ўзлари сабабчи! Довруғи республикага кетган заводлари бор, қачонлардир иқтисодий бой бўлган шаҳарнинг одамлари иш сўраб Президент Девонхонаси, Бош Прокуратура, Олий суд, Халқ қабулхоналарида сарғайиб юришади. Бўш иш ўринлари ташкил қилмоқчи бўлган тадбиркор ҳокимга ёқса, нимадир узатса, ишлайди. Бўлмаса, йўқ!

Кеча Вилоят ҳокимиятидаги селекторни қандай ўтганини тасаввур қила оламан. Сабаби, шаҳар ҳокими қабулига атиги бир марта кириб, етти букилиб турувчи амалдорларнинг ҳолини кўрганман. Уларинг бирортаси халқни ҳимоя қила олмайди. Аммо қинғир ишларга кўр-кўрона қўшилиб, қамалиб кетаверишади…

Фурсати бўлмаса ҳам ўз дардим мисолида иллат сабабларини очишга уринганимдан хафа бўлманг, жаноб ҳоким! Агар англаган бўлсангиз, мен ҳам асосий айбдор қилиб сизни эмас, мутъе бўлиб, тарсаки, тепки, хақоратларга миқ этиб чидаётган ХАЛҚНИ айблаяпман.

Аммо, “Ойнани аввал ўзингга тут!” деган нақл бор.Мутахассис сифатида қизишиб кетганингизни тўғри тушунман, лекин нима бўлганида ҳам ҳаммани ёппасига ҳақорат қилишга хаққингиз йўқ эди! Афсус, сизни кечаги “нутқингиз” биринчиси ёки охиргиси ҳам эмас! Афсус, сиз ёлғиз эмассиз, қўполликни қурол қилган амалдорлар тиқилиб ётибди. Лекин, халқ эмас, ўз хулқини ҳам идора қилаолмаётган раҳбарларнинг айбини кечираверсак, қачон тонг отади?! Сизлардан ўрнак олаётган бўлажак ҳокимлар оғзидан эртага бундан ҳам бадтарроқ сўзлар чиқмаслигига кафолат берасизми?

Хизмат тақозоси билан хорижий сафарларга бориб тураман. Яқинда Туркиянинг қатор вилоятларида ўтган Халқаро анжуманларда бир гуруҳ Ватандошлар билан бирга иштирок этдик. Қаерга бормайлик, Баладия мудири (шаҳар ҳокими) ва валийлар (вилоят ҳокимлари) билан учрашувлар ташкил қилинган экан. Мулойим ва маданият билан муомала қилувчи раҳбарларни кўриб, рости ишонмадим. “Шунақаси ҳам бўладими? Йўқ, булар артистлик қилишяпти” деб, валийнинг хузурига атайин хорижий меҳмон, журналист мақомида эмас, оддий инсон сифатида кирдим. Тил билганим иш берди. Ташқарида турган қўриқчига (биздагидек беш-олтита эмас) шу шаҳарда яшашим ва ёрдамга муҳтож бўлиб қолганимни баён этдим холос. У ичкарига киргизиб юборди. Сумкамни титмади, телефонимни олиб қолмади, навбат кутишим кераклигини бюрмади. Ташқаридан қўнғироқ қилишгани учун валийнинг шахсан ўзи кутиб олди (Ўнинчи даражадаги югурдаги эмас!). У аввал нима ичишимни сўраб, бош чайқасам ҳам чой буюрди. Тўридаги креслосида эмас, рўпарамдаги ўриндиққа ўтириб жилмайиб (сизларга ўхшаб қовоғини солгани йўқ) диққат қилди. Шундагина ростдан уни ҳаммага бир ҳил муомала қилишига тан бериб, Ўзбекистонлик эканимни айтиб, узр сўрадим. Ана ўша дақиқаларда, нима учун оддий халқ Тоййиб Эрдўған учун ўзини танклар тагига ташлаганини тушуниб етдим.

Туркияда ёмон амалдорлар йўқ, демайман, аммо аксарияти унга ишонган халқ учун сидқидилдан хизмат қилишади. Ватанга қайтар чоғим ўйланиб қолдим: балки биз ҳам ҳоким ва ҳокимият сўзларини ишлатиб нотўғри қилаётгандирмиз? “Вилоят ҳокими” деган сўзнинг ўрнига “Вилоят валийси” сўзини қўлласак-чи ? Ҳарқалай, “Валий”, “Авлиё” га жарангдош экан. Балки ана ўшанда Президентнинг вилоятдаги вакиллари авлиёсуратгина эмас, авлиёсийрат бўлишга ҳаракат қилишиб, оддий одамларга ибрат бўлишар? Шаҳар ҳокимини эса, аввалгидек “Шаҳар ижройи қўмитаси раиси” десак ҳам бўлади, бирор жойлари камайиб қолишмайди.

Мақоламни ўқиган нодўстлар, ғимирлаб, яна маломат тошларини отишни бошлашади: «Бу билан нима демоқчисиз? Ўзбекистонда бирортаям яхши ҳоким, амалдор йўқ деб, иддао қиляпсизми?» дегувчиларни таҳмин қиляпман. Аллохга бехисоб шукур, халқ қалбидан чуқур ўрин олган ҳамюртларим ҳам бор. Анча йиллар аввал Қувасойда Шухрат Шерхонович Аҳмедов деган одам аввал ижроий қўмита раиси, сўнг ҳоким бўлган. Хозир нафақага чиқиб, Чимёнда яшайди. Кичкина болани ҳам сизлаши билан меҳр қозонган. Шаҳарда жуда чиройли ишлар қилган. Дарвозадан чақирса, уй эгаси овоз бермагунича ичкарига кирмайдиган (ҳозиргиси бостириб кираверади), шаҳар ободончилиги учун кўп ишларни қилган Рахматов деган шаҳар ижрои қўмитасининг раиси ҳам бўлган. Охирати обод бўлсин! Нима учун ҳамшаҳарларим уларни ҳалиям эслаб, ҳурмат билан тилга олишади?! Жавоб битта: уларни унутиб бўлмайди!

Сурхондарё вилоят ҳокимини Тошкентга келган камбағалгина бемор аёл тинмай мақтади:

— Вой, ҳокимга ўхшамайди. Ўлай агар, тузукроқ кутиб ҳам олмабман. «Момо, моможон» деб эси кетади. Бир соат гаплашиб, индамай чиқиб кетди. Даволанишим учун пул ва озиқ-овқатни ҳам бировга билдирмай ташлаб кетди. Агар шаҳарда ишлайдиган қўшним таниб қолиб айтмаганида, уйимга Хизр келдимикан, деб юраверар эдим.

Ижтимоий тармоқларда ҳам яхши ишлари тез-тез тилга олинаётган ўша ҳокимнинг исми шарифи Эркинжон Турдимовдир. Уни оддий халқ мақтаяпти! Унга эргашиб, ҳар бир ишда қамарбаста, ёрдам беришяпти.

Момомнинг гапини эшитдингизми? “Валий” сўзини қўлламасак ҳам, авлиёга қиёслаб қўяпти!

Бошқалар ҳам шундай савобли ишларни қойиллатиб қўяётганларига шубҳам йўқ. Кунда йигирма, йигирма икки соат оёқда тик туриб, қишлоқма–қишлоқ, далама-дала юриб, катта-кичик муаммоларини хал қилишга уринаётган давлат хизматчиларини ҳурмат қиламан. Бироқ бир умр йиққан обрўни бир лаҳзада тўкиб қўйиш мумкинлигини унутмасалар бўлди.

Мақолам сўнгида, яна болалар тарбиясига урғу бермоқчиман

Ҳозир ҳам сўкиниб турадиган кичкинтойларни ота-оналарига оиламиз тажрибасини тавсия қилиб, кир бўлган оғизчаларни дарҳол тозалаш усулини ўргатиб қўяман. Ишонаверинг, энг сўкоғичлари ҳам уялиб, катталарни ўзини тарбиялаб қўйишяпти. Фарзандларингизни “яхши ўқиб олим бўл!” деб тергайверманг, “ЯХШИ ЎҚИМАСАНГ ҲАМ, ОДАМ БЎЛ! деб тарбия қилинг, деб такрорлайвераман. Чунки, “бола бошдан “ деб, бежиз айтишмайди. Мурғак қалбларга қадалган эзгулик уруғлари албатта бир куни ширин меваларни беришига ишонаман.

Унутманг, халқпарвар раҳбарлар, халққарғар амалдорлар ҳам бошқа қитъа ёки мамлакатдан эмас, ўзимиздан чиқади!

Муаззам Иброҳимова

fayzbog.uz