Танасида игналар топилган болакайнинг аҳволи ҳақида маълумот берилди

01.02.2018 | Ўзбекистон | 5913

Facebookдаги "Халқ билан мулоқот/Диалог с народом" гуруҳида танасида 16 та игна ва сим бўлаклари топилган 11 ойлик чақалоқ ётган шифохонага бориб, боладан хабар олиб юрган ўзбекистонлик Эльбек Таджиев видео лавҳа жойлаштирган.

Видеода фойдаланувчи касалхонага 4-5 марта келиб, шифокорлардан чақалоқ аҳволи ҳақида сўрашга ҳаракат қилади.

"Мана Чилонзор туманидаги жойлашган 16-чи шаҳар шифохонасига бола аҳволини билиш учун келдим. Шифокорлар Азизбек тирик, аҳволи, юрак уриши яхши, каша емоқда экан, шишлари қайтган, ўзгаришлар бор, деб айтишди. Уч-тўрт кундан кейин яна келамиз", — деб айтади видеода Эльбек.

Эльбек Таджиев билан боғланиб, унга бир нечта саволлар билан мурожаат қилдик.

- Шифокорлар боланинг аҳволи ҳақида нималарни айтишмоқда?

— Ҳозирги кунда чақалоқнинг аҳволини шифокорлар ижобий баҳоламоқдалар. Шифокорлар ҳам умид билан боланинг тузалиб кетишини кутмоқдалар. Яхши томонга ўзгаришлар бор.

- Нима сабабдан боладан хабар олиб юрибсиз?

- Кечқурун миш-мишлар тарқалиб кетди, гўёки бола ўлганмиш. Бу хабарни эшитиб, ўзимнинг ҳам фарзандим бўлгани учун чидай олмасдан касалхонага бордим. Тахминан кечқурун соат 3 ларда миш-мишларга чек қўйдим. Боланинг тириклигини замондошларимизга етказдим. Мен ўйлайманки, бу бизнинг жамиятдаги бурчимиздир. Боланинг бегонаси бўлмайди. Менинг ичим ачигани учун боладан хабар олдим, бошқа ҳеч қандай сабаб йўқ.

- Шифохонада боланинг ота-онаси, яқинлари борми?

— Шифохонада боланинг ота-онаси бор. Қоровуллар билан суҳбатлашганимда отаси кечаю-кундуз шифохонада ўтирганини таъкидлашяпти.

- Сиздан бошқа яна ким бола ҳолидан хабар оляпти?

— Бу саволга аниқ жавоб беришим қийин, лекин маълумотларга кўра, жуда кўп одамлар хабар олиб турибти.

- Болага зарур бўлган дорилар ҳақида маълумотингиз борми?

- Болага ёрдам керакми деб сўраганимда, шифокорлар давлатимиз томонидан ҳамма нарса қилинаётганини айтишди.

Эслатиб ўтамиз, Фарғона вилоятида шифокорлар 11 ойлик гудакнинг танасидан 16 дона тикув игналарни топишди. Игналар бола танасида бир ой давомида бўлган. Шифокорлар болада игналарни унинг онаси мурожаат қилгандан сўнг, ренгент қилингач аниқлашган. Гўдак зудлик билан Тошкендаги Республика илмий шошилинч тиббий ёрдам марказида операцияга ётқизилган. 9 соатлик жароҳлик операцияси ўтказилди, бола танасидан 13 дона игна чиқариб олинди.

Ушбу ҳолат юзасидан ҳуқуқ тартибот органлари томонидан жиноий иш қўзғатилган.