Ўзбекистондаги қатор университетлар ўртасида масофавий таълим тизими яратилди

02.02.2018 | Илм-фан | 2640

Тошкент тиббиёт академияси ҳамда Тошкент давлат педагогика университетининг Термиз шаҳридаги бўлинмалари, шунингдек Термиз давлат университетининг Деновдаги филиалларини боғлайдиган, оптик алоқа тармоқларига асосланган видеоконферентцалоқа тизими ишга туширилди, деб хабар қилди Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги.

Таъкидланишича, "Ўзбектелеком" АК томонидан тезкор ва сифатли интернетга асосланган видеоконференцалоқа тизими учун зарур дастурий ва ташкилий таъминотлар мажмуи ишлаб чиқилди. Олтита объектни қамраб олган бу тизим 24 та махсус компьютер, 24 та веб-камера ва микрофонлар ва махсус русумдаги 48 та динамиклар, 48 та кенг форматли экранлардан иборат.

Натижада, бу ҳудудда таҳсил олаётган ёшлар пойтахтда, қолаверса жаҳоннинг бошқа мамлакатларида фаолият кўрсатаётган пешқадам профессор-ўқитувчилар, экспертлардан таълим олиш имконига эга бўлдилар.

Шунингдек, жорий тизим янги билим ва тажрибаларни тезкор етказиш, бошқа университетлар билан уланиш ва тажриба алмашиш, таълимнинг иқтисодий самарадорлигини ошириш, ўқув жараёнида аудио-видео, анимация, графикалардан кенг фойдаланиш, назарияни амалиёт билан таққослаш ҳамда ихтисосликлар бўйича қисқа курсларни ташкил қилиш имконини беради.

Масофавий таълим тизими орқали кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, тингловчилар учун масофавий малака ошириш имкониятини яратиш, таълимнинг турли интерактив шаклларини бир-бирига яқинлаштиришга эришиш мумкин.

Бугунги кунда хорижда масофавий таълимдан шахсий режа асосида уйдан туриб билим олиш, университет томонидан тайёрланган видеодарслардан фойдаланиш, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим олиш, шунингдек бир вақтнинг ўзида қўшимча тарзда бошқа йўналишларда таълим олиш ва шахсий қизиқишлари бўйича салоҳиятини ошириш тажрибаси кенг татбиқ қилинмоқда. Юртимиз таълим муассасаларида жорий қилинаёгтан ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмаси ҳам келажакда бу каби имкониятлардан фойдаланишга хизмат қилади.