Блогер мулоҳазаси: “Фуқаролиги йўқ шахс”…

02.02.2018 | Блог | 3701

Маълумки, Ўзбекистонда 2018 йил “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб номланди. Биз ҳам ўз ўрнида бу қарорни қўллаб-қувватлаган ҳолда, бугун Президентимиз Шавкат Миромоновичга мурожаат этмоқчимиз! Зеро, ушбу мурожаатномамиз лойиҳанинг биринчи қисмига, иккинчи ва учинчисига ҳам тўлақонли мос келадиган бир ажойиб инсонга тегишли. Гап фаол тадбиркор (“Бешбармоқ” ресторани эгаси), инновацион ғояларга тўла ақл соҳиби (бир қанча ижтимоий сайтларга асос солган) ҳамда юртимизда технология ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган ва ҳалигача Ўзбекистон фуқаролигини ололмай қолаётган марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф шогирди Абу Муслим (Адҳам Атажанов) ҳақида боряпти.

Ҳурматли Шавкат Миромонович, ушбу мурожаатимни нафақат менинг номимдан, балки у кишини танийдиган ва ҳурмат қиладиган барча ватандошларимиз номидан қабул қилгайсиз!

Ўзбек интернет оламида Абу Муслим тахаллуси билан яхши танилган блоггер Адҳам Атажановни кўпчилик яхши танийди. Унинг тақдири жуда мураккаб ва достон қилишга арзийди. Ўзи поляк миллатига мансуб бўлса ҳам, тақдири ўзбеклар, Ўзбекистон билан чамбарчас боғлиқ. Биз, ўзбеклар уруш вақтида қанча-қанча етимларни бағримизга босган миллатмиз. Наҳотки, бугун бир поляк йигитига ёрдам бериб юбора олмаймиз?

1975 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Отаси поляк, онаси карис миллатига мансуб. Онаси ёшлигидан ногиронлиги ҳамда уйсиз-жойсиз бўлгани туфайли иккита фарзандни тарбия қила олмай опачаси ва ўзини болалар уйига топшириб юборган. Уч ёшида Чимкент вилояти, Туркистон шаҳрида яшовчи, миллати ўзбек бўлган Атажановлар оиласи Адҳам Атажановни ўзларига фарзанд қилиб асраб олган. Туркистонда ўрта мактаб, Аҳмад Яссавий номидаги Халқаро университетнинг ҳуқуқшунослик факултетини тамомлаган (Қозоғистон). Халқаро Интеллектуал мулк ташкилотининг дипломига эга (Всемирная академия ВОИС – WIPO Academy). 1994 йил Тошкент шаҳрига кўчиб ўтган. Фуқаролиги йўқ шахс мақоми берилган.

Фуқаролик ҳақидаги қонунга кўра, Ўзбекистонда 5 йил яшаб, сўнг фуқаролик олиш ниятида бўлган. Аммо, Адҳам Атажанов Тошкентда туғилгани боис, беш йил кутиш шарт қилинмаган. Аммо, президент номига ёзилган аризаларига жавоб олмаган. Фуқаролиги йўқ бўлгани учун ҳам ўз касби билан ишлаш имкони бўлмаган.

2003 йилдан бошлаб Ўзбекистонга қайтган таниқли уламо Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари билан яқиндан танишган. Шайх ҳазратларининг исломий сайтни ишга тушириш керак деган таклифини қабул қилиб Islom.uz сайтини ишга туширди. Шу сайт фаолияти доирасида жуда кўп фойдали лойиҳаларни амалга оширди. Хусусан, Адҳам Атажановнинг таклифларига кўра, Ўзбекистонда илк бор “Фатво хизмати”ни ишга туширди. Яъни, бу лойиҳага кўра, дунёнинг истаган чеккасидан истаган одам етук дин олими ҳисобланган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларига бевосита савол бериш ва саволларига жавоб олиш имкониятига эга бўлди. Орадан яна бир оз вақт ўтиб, Қуръони каримнинг ўзбек тилидаги маънолар таржимасини онлайн ўқиш учун катта лойиҳани ишлаб чиқди. Мазкур лойиҳа ҳам муваффақиятли қабул қилинди. Ҳозиргача ишлаб хизмат қилиб турибди.

Машҳур муҳаддисларнинг китобиларини таржима қилиб, кенг халққа етказиш учун амалий ишларни бажариб “Муҳаддис” деб номланган веб лойиҳани ишга туширди. Мазкур лойиҳа “Олтин силсила” китоблари туркуми билан китоб бўлиб нашрдан чиқишига асос бўлди. Бундан ташқари, диний-маърифий мазмунда йигирмадан ошиқ веб лойиҳаларни ишга туширди. Ҳар йили бўлиб ўтадиган Ўзбекистон интернет танловларида доим ғолиб бўлиб келди. Кузатувчиларнинг айтишича, Адҳам Атажанов тарафидан ишга туширилган йигирмадан ошиқ диний-маърифий сайтлари жаҳолатга қарши маърифат вазифасини бажарган ва шу вазифани ҳали ҳам бажариб келмоқда.

Адҳам Атажанов Интернетда Ўзбек тили, адабиёти ва тарихининг амалий тарғиотчиси ҳисобланиб, бу соҳада кўзга кўринадиган анча ишларни бажарган. Дунёдаги энг машҳур веб платформаларнинг аксарини ўзбек тилига таржима қилиб (vBulletin, phpBB, smf, php-
nuke, mambo, joomla, drupal ва ҳк), бу ишлари билан ўзбек интернетининг ривожига ўзига яраша амалий ҳисса қўшган. Ўзбекистон тарихи ва адабиёти, оила институтига бағишланган ўзбек тилидаги йирик сайтлари ҳам бор. Бу сайтларни ўз маблағлари ҳисобидан юритиб келмоқда.

Шунингдек, у Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси, «Ҳидоят» журнали ва Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтининг веб лойиҳаларини ишга туширишда бевосита иштирок этиб, бу лойиҳаларни бошқарган.

Интернет нашрларида, газета ва журналларда унинг ижтимоий-сиёсий мавзудаги мингдан ошиқ мақола, таржима ва бошқа асарлари бор. “Бағдоднинг қулаши”, “Шахсга сиғиниш”, “Қизил террор”, “Янги Дунё”, “Коррупция”, «Миссионерлар ҳамласи», “Асранди бола ноласи” ва “Фитна» деб номланган китобларининг муаллифи ҳамдир. Бундан ташқари, Афлотуннинг “Парменид” ва Макиаввелининг “Ҳукмдор” китобини Ўзбек тилига таржима қилган.

Адҳам Атажанов Интернетдаги турли ижтимоий тармоқ ва форумларнинг фаол иштирокчиси. Фейсбукдаги ўзбекистонлик энг машҳур блоггерлардан бири. Ўзбекистон ва ўзбек тили учун оз бўлсада хизмат қилган одам фуқаролик ололмаётгани тўғри бўлмаса керак.

Ўтган йили, сентябр ойида Фейсбукдаги ўз саҳифасида қуйидагиларни ёзган экан:

“Ўзим Тошкентда туғилганман. 2-3 ёшимгача детдомда бўлганман. Туркистондан асраб олишган (ҳозир у ерлар Қозоғистон). 1994-96 йиллардан то ҳозиргача Тошкентда
тураман. Фуқаролигим йўқ. Фуқаролик олиш учун бир икки марта ариза берганман. Жавоб келмаган.
Ўткан йили порталга ёздим. Фойдаси бўлмади. Қандайдир текширув бўлди, сўнг Ўзбекистонда туғилган, армиясида хизмат қилган ўғлим фуқаролигини ҳам олиб қўйди.
Кейинги ўғлимга ҳам «фуқаролиги йўқ», деган хужжат беришди. Ҳолбуки, туғилганидан бери ўзбек ва Ўзбекистонда яшайди.
Хўп, буларни нимага ёзяпман..?
Менга ўхшаган минглаб одамлар бор. Шахсан ўзим, 20 йилдан бери жуда қийналдим.
Ҳозир бошқа давлатда бўлган дўстларим, қариндошларимни йиллаб кўра олмайман,
боришим муаммо. На тўй, на таъзияларга бора оламан. Мана шу кунлар қайнонам оғир
аҳволда шифохонада ётибди. Бора олмадим… Боришим учун хорижга чиқадиган паспорт
олишим керак. Сўнг, Қозоғистон миграция хизматидан кимдир чақирув мактубини юбориши керак. Ўша чақирув қоғозини берадиган бино жойлашган шаҳар (Чимкент) учун алоҳида кимдир бориш керак.
Сўнг бир икки ойда тайёр бўладиган жавоб хатини олиб, Қозоғистон элчихонасига боришим лозим. Навбат жуда катта ва (виза бир икки хафтада тайёр бўлади) виза
қилиб беш-олти кунга чиқишим мумкин. Агар Қозоғистонда туғилганимда эди, чақирув қоғозисиз бир икки хафтада рухсат олиб чиқиш мумкин.
Онахон ва аёлим Қозоғистон фуқароси. Ҳар уч-олти ойда «прописка»га қўйиш керак.
Мана «Паспорт столига» қатнаб юрганимга 20 йилдан ошди… (улар учун ҳар хил баҳонлар билан доим доимий прописка йўқ) Яна қанча вақт ўтиши керак…
1994-96 йиллар киндик қоним тўкилган ерга яхши ниятда келгандим (Миллатим поляк
бўлса ҳам). Шу бир чизиқдан, яъни чегардан ўтиш нақадар қийин, нақадар азоб…”

Расмда чапдан ўнгга: Адҳам Атажанов, Хайрулла Ҳамидов ва Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Энг оғири, Адҳам Атажановнинг фарзандлари Ўзбекистон республикасида туғилган бўлсалар ҳам уларга фуқаролик берилмади. Катта ўғлига аввал фуқаролик берилди, Ўзбекистон армиясида хизмат ҳам қилган. Аммо, Адҳам Атажановнинг президент порталига фуқаролик сўраб ёзилган аризасидан сўнг, текшириш бўлиб, ундан ҳам фуқаролик олиб қўйилди. (Фуқаролик ҳақида қонуннинг 12, 15 бандлари бузилган).

Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён 368 кишига Ўзбекистон фуқаролигини берган эди.

Бундан аввал 2016 йил декабрида 179 шахсга, 2017 йил 22 февралида эса қўшимча яна 94 кишига Ўзбекистон фуқаролигини бериш тўғрисидаги фармонларни имзолади.

1992 йили қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонунда айтилишича, чет эл фуқаролигидан воз кечган ва сўнгги 5 йил давомида Ўзбекистон ҳудудида яшаган шахслар фуқаролик олишлари мумкин. Бизга маълум бўлишча, яқинда Адҳам Атажанов яна бир карра Президент номига порталга ариза ёзган, аммо масала ҳал қилинмасдан, умумий жавоб билан кифояланган.

Бундай мутахассислар Ватанимиз учун бугун сув ва ҳаводек зарурдир! Буни ҳамма яхши тушуниб турибди. Миллати поляк, туғилиш жойи Қозоғистон бўлгани билан айнан Ўзбекистон фуқаролигини олиш учун ёнаётган улкан истеъдод соҳиби, иқтидорли ижодкорга наҳотки ўз бағримиздан жой ажратиб беролмасак?! Менимча, Шайх ҳазратлари ҳурмати учун ҳам у кишига ҳар доим ёрдамлашган ва бутун динимиз ривожига беминнат ўз ҳиссасини қўшаётган Адҳам Атажановга фуқаролик берилиши керак! Шарт ва зарур!

Ҳозирча эса, Ватанимиз учун фойдаси тегиб турган бу каби инсонларнинг нима учун фуқаролик олишлари қийин, деган саволни очиқ қолдирамиз…

Темурмалик Тожиддинзода

Fayzbog.uz