Аждарни енгган қаҳрамон ҳақида пессимистик эртак

02.02.2018 | Блог | 3000

Бугун яхши кун бўлди: севги ҳақида кино кўришга ва озгина ишлашга, ҳатто, темир-терсакдан узоқлашиб, хаёл суришга ҳам вақт топилди. Ижтимоий тармоқлардаги аксарият одамлар қўрадан энди чиққан эчкидек шаталоқ отиб, байрам қилишяпти, ҳа, байрам сабабини тушундингиз - ўша аллаким, ҳалиги одамнинг ишдан бўшаши миллатнинг озодлик байрами каби эмиш. «Болта причём здес?» байрам яхши-ку, лекин сен уларнинг «энди ривожланиб кетамиз, Касперскийдан қутулдик» дейишларига энсанг қотади, хуллас, менинг фикримча...

Ёшлигимда жуда кўп мултфилм кўрганман, ўшалар ичида бир япон эртаги аниқ ва тиниқ ёдимда қолган. Ҳозир сизга шуни айтиб бераман.

Қадим-қадим замонда, икки кўзи бир мошдай келадиган одамлар яшовчи серқуёш юрт бўлган ва унда золим Аждар император ҳукм сурган экан. Халқ тинимсиз ишлаб топган-тутганини унга ўлпон қилиб тўлар, ўзлари эса қашшоқликда ва тинимсиз меҳнатда эзилиб кун кечирар, бундай яшаш уларга ота-боболаридан мерос ва болаларига васият эмиш. Мамлакатнинг бир четида мавжуд сиёсатдан агрессив кайфиятда бир бола катта бўлармиш, у кўнглида мен катта бўлиб, албатта, Аждарни ўлдираман, халқимни жабру ситамдан халос қиламан, деган ниятни асраб ўсибди. Йиллар ўтиб бизнинг қаҳрамонимиз Чак Норрисдек бақувват бўлиб вояга етибди ва маҳалланинг катталаридан дуо олар чоғи аждарни енгишга кетаётгани ҳақида айтибди. Бобойлар дуо қилиб, асрлар давомида аждар зулмига қарши не не паҳлавонларимиз исён кўтарди, лекин уларнинг биронтаси аждар қалъасидан қайтиб чиқмади. Ҳаммаси паҳлавон йигитлар эди, аммо якунда аждарга жаркоп бўлгани қолди, модомики, сен ҳам ўз фикрингдан қайтмас экансан, майли ғалаба ёр бўлсин, асрлар давомида ўлмаган озод бўлиш умидимизни рўёбга чиқар омин, Оллоҳу акбар, деб Қаҳрамонни йўлга кузатиб юборишибди.

Халқини жабру ситамлардан қутқариш қасдида Қаҳрамон Аждарнинг қасри дарвозасига келиб уни жангга чорлабди:

- Аждар, чиқ буёққа, сен халқимга қилган ситамларинг учун ўлимга маҳкумсан.

- Ўвв, нақадар мард ва жасурсан, Қаҳрамон, лекин ёлғизсан менга кучинг етмайди.

- Бир бошга бир ўлим, чиқ, “давай”.

- Жасур ва мард экансан, кел, хизматимда бўл, сенга уй-жой ва пойтахтдан прописка қилдириб бераман (мен рози бўлардим).

- Йўқ, жанг қиламиз.

- Унда ичкарига кир, жанг қиламиз.

Жанг аждарнинг ғазнасида бошланибди ва уч кечаю уч кундиз давом этиб, Аждарнинг жигарига ханжар суқилиши билан якунланибди. Қаҳрамон карнайларни чалдириб, халқни йиғишни буюрибди, халқ келганда уларнинг озод бўлганини айтишни кўнглига тугиб атрофидаги мислсиз гўзалликлар олтину-кумуш ёқуту-жавоҳирларга маҳлиё бўлганча Аждар саройини айлана бошлабди. Бойликлар Қаҳрамоннинг кўзини қувонтириб, уларга эга бўлганидан масрурлик ҳиссини уйғота бошлабди, ҳатто, бундан кўпига эга бўлиши мумкинлигини ўйлай бошлаганда беҳуш Аждар тилга кириб, шундай дебди:

- Ҳа, мен сенинг ҳис этаётганларни англаб турибман, чунки мен ҳам қачонлардир сен каби бу қасрга Аждарни енгишга келган жангчи эдим ва мана шу бойликлар жилоси мени Аждарга айлантирди. Мен Аждар тамғасини ўзимдан аввал келган паҳлавондан олганман, ўша аждар ҳам мендан аввал бу даргоҳга ғалаба истаб келган паҳлавон бўлган. Демакки, Аждар енгилмайди, у – барҳаёт, бугун сен мени енгдинг ва янги Аждарга айландинг, - дея ўлибди.

Шунда соқчилар бошлиғи Қаҳрамонга халқ йиғилгани ҳақида малум қилибди, унга жавобан янги Аждар солиқларни икки баробарга ошириш ҳақидаги буйруқни уларга етказишни айтибди...

Шу ерда эртагимиз ҳам тугайди.

Мен эртакнинг хулосасини шундай чиқарганман: якка қаҳрамонлар бўлмайди ва якка золимлар ҳам бўлмаган. Замон одамлари ўз тарихи ва эртасини ўз қўллари билан яратади. Сиз, мен - биз бугун келажак яратяпмиз, қайси бир амалдорнинг келган ва кетгани келажагимизга катта таъсир кўрсатмайди, ундан кўра сиз эртага сигарет қутисини ахлат челагига ташланг, машинада йўл қоидаси бўйича ҳаракатланинг, иши тушиб келган одамдан обед пули олмай, ишини битириб беринг, тиқилинч жойда одамлардан навбатда туришни талаб қилинг ва ҳокозолар дориломон келажакка эришишимиз йўлида кўпроқ рол ўйнайди,  менимча

ХУЛЛАС, ЎЗИНГИЗНИ ВА МЕНИ ҚУТҚАРИНГ ҚАҲРАМОНИМ.

P.S. Эртакдаги барча персонажлар тўқима бўлиб, кимнидир такрорласа, бу албатта тасодиф меваси.

Беҳзод Камолиддинов

darbadarblog.blogspot.com