Блогер мулоҳазаси: Тошкент катта қишлоққа айланадими? Ёки гигаполисга?

03.02.2018 | Блог | 4511

Узоқ йиллар мобайнида минглаб фуқаролар учун катта бошоғриғи бўлиб келган Тошкент пропискаси муаммосига ниҳоят эътибор қаратилгани, паспортдаги қимматли муҳрга эга бўлиш ёки усиз яшаш ва ишлаш шартлари бир қадар енгиллаштирилгани охирги пайтларда амалга оширилган энг ижобий ишлардан бири бўлди. Навбатдаги қадам — прописка институтининг бутунлай бекор қилиниши ҳам узоқ куттирмайди деган умиддаман.

Кузатишларимга қараганда, бу борада рўй бераётган ўзгаришлардан ҳамма ҳам мамнун эмас экан. Айрим ахборот сайтларидаги ҳамда ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларни кўздан кечирар эканман, пропискага ёпишиб олганлар, уни ростанам фойдали топилма деб ўйлайдиганлар ҳали ҳам кўплигига амин бўлдим. Айниқса “Vesti.uz” сайтидаги қуйидаги материал ўз руҳи билан диққатимни тортди.

Шу каби баҳсларда кўтарилган масалаларга, ўртага ташланган баъзи саволларга бефарқ қарай олмай, улар ҳақида ўз фикрларимни билдиришга жазм этдим.

“Энди Тошкент катта қишлоққа айланади”, “ҳаммаёқ ифлосланиб кетади”, “оёқ босгани жой қолмайди” сингари бесавод аргументларни эътиборсиз қолдираман. Лекин прописка хайрихоҳларининг айрим фикрлари жиддий, пухта ўйланган контраргументларни талаб қилади.

Прописканинг тарихидан бошласак

Сен бўлмасанг, ерни ким ҳайдайди?..

Милодий II–IV асрлар орасида шу пайтгача жаҳоннинг катта қисмида ресурслар ишлаб чиқаришнинг асосий шакли бўлиб келган қулдорлик тизими емирила бошлайди. Ижтимоий муносабатларнинг янгича шакли юзага келади: биринчидан, эркин, аммо ери ва маблағи йўқ улкан аҳоли қатлами пайдо бўлади, иккинчидан, собиқ қулдорларнинг ер-мулклари ишчиларга муҳтож. Шу тариқа, ҳукмрон табақанинг ерлари деҳқонларга ижара шарти билан тарқатилади, улар эса феодалнинг мол-мулкини тасарруф қилгани эвазига ҳафтанинг муайян кулари текин ишлаб беради, бундан ортган кунлари ўзи учун меҳнат қилиб, ҳосил тўплайди, ҳосилнинг солиқдан ортган қисми ҳисобига тирикчилик қилади.

Юқорида айтганимиздек, қулдорлик тизими барҳам топган эди. Лекин деҳқонларга чин эркинлик берилса, улар истаган ёққа кетиб қолиши, бу эса феодалнинг ерларида ишчи кучининг етишмаслигига олиб келиши мумкин эди, бу ҳолат, ўз навбатида, ҳосилнинг ҳажмига ҳамда ундан йиғиладиган солиқ миқдорига таъсир кўрсатар эди. Бунинг олдини олиш учун Европада деҳқонларни ўзлари ишлайдиган ерга боғлаб қўйиш анъанаси пайдо бўлди. Бизга бу нарса Россия тарихидаги крепостнойлик ҳуқуқи орқали таниш. Рус деҳқонлари ўз участкаларига боғланган, ундан айрилиб ҳеч қаерга кета олмас эди.

Бошқа Европа давлатларидан фарқли равишда, Россияда крепостнойлик XIX асрнинг иккинчи ярмигача етиб келди. Қрим урушидан сўнг (1853–1856) деҳқонлар орасида бошланган ғалаёнлар натижасида 1861 йил 19 февралида император Александр II крепостнойликни бекор қилди. Аммо у бироз кеч қолганди: миграция деярли йўқлиги боис шаҳарлар гавжумлашмаган ва ривожланмаган, қишлоқ ҳудудларида эса очарчилик авж олган эди.

Совет даврида қонунийлаштирилган прописка тизими ўша крепостнойликнинг мантиқий давоми бўлди. Ундан совет ҳокимияти икки мақсадда фойдаланар эди:

- турли сабабларга кўра улкан империянинг у еридан бу ерига кўп маротаба кўчирилган халқларни, айниқса уруш йиллари “хоин”ликда айбланган чеченлар, қрим татарлари ва бошқа этносларни назорат қилиш. Улар муайян ҳудудга боғлаб қўйилар, ундан узоқлашиши тақиқланар эди;

- модернизация жараёнларини бошқариш учун. Ўтган асрнинг 20–40-йилларида СССР жуда ғайриоддий тараққиёт йўлини босиб ўтаётганди: бир томондан, у тезлаштирилган модернизация жараёнини бошдан кечираётган, иккинчи томондан эса қолган дунёдан узилган, модернизация ички ресурслар ҳисобига ўтказилаётган эди. Ана шу ички ресурслар тақсимотига прописка институти хизмат қилар эди. Айтайлик, Россия ҳудудида шаҳарларни саноатлаштириш, гавжумлаштириш, ишчилар синфини кенгайтириш зарур эди. Шу боис одамлар шаҳарларга кўчирилар, заводлар сони ортиб борар, қишлоқлар эса ҳувиллаб қолар эди. Ўрта Осиё эса дастлабки босқичда ана шу саноатни хом ашё билан таъминлайдиган ҳудуд ҳисобланарди, шунинг учун бу минтақада одамларни қишлоқда ушлаб қолиш муҳим эди. Шу мақсадда қишлоқлар ободонлаштирилар, мактаблар, шифохоналар ва бошқа инфраструктур муассасалар барпо этилар эди. Бундан ташқари, прописканинг жорий этилиши одамларнинг ёппасига шаҳарларга кўчиб келишига халақит бериши керак эди.

Мустақиллик даврида прописка институти сақлаб қолинди, бунга асосий сабаблар тариқасида пойтахтнинг одамга тўлиб кетиши, вилоятлар ривожланмай қолиши кабилар кўрсатилди. Аммо биз қуйида прописка тилга олинган масалалардан бирортасини ҳал этмаслигини исботлашга уриниб кўрамиз.

Биринчидан, прописка йўқ дегани — шаҳар тўлиб кетади дегани эмас. Шаҳар инфраструктураси етганича одам қабул қила олади, ундан кейин ижтимоий механизмлар ишга тушиб, кўчиш оқими меъёрга келиб қолади. Бунинг учун махсус қонуний тўсиқ шарт эмас.

Иккинчидан, одамларни вилоятда ушлаб турган билан вилоятлар ривожланиб қолмайди. Вилоятлар ривожланишининг бирламчи омили — жиддий инвестициялар, инфраструктуранинг яратилиши, одамлар яшаши учун барча қулайликларнинг мавжуд бўлиши. Бу эса биринчи галда давлат раҳбариятига ва инвестицион имкониятларга боғлиқ. Шундай экан, “ҳамма кетиб қолаверса, вилоятни ким ривожлантиради” шаклидаги эътирозлар мутлақо ўринсиз: агар вилоятда ривожланиш салоҳияти кўзга ташланса, уни ривожлантирадиган одам топилади, кетганлар қайтадан кўчиб кела бошлайди.

Ниҳоят, мен юқорида тилга олиб ўтган баҳсларда эътибордан четда қолиб кетган бир саволни ўртага ташламоқчиманки, у масалани чуқурроқ тушунишга имкон беради: ўзи вилоятларни ривожлантириш шартми?

Гигаполислар асрига марҳамат

Ҳозирги замонда глобал шаҳарлашув тенденцияси ҳукм сурмоқда. Кўплаб нуфузли социологларнинг бир овоздан таъкидлашича, биз гигаполислар асрига қадам қўймоқдамиз. Яқин келажакда жаҳон аҳолисининг асосий қисми 500–600 та улкан шаҳарларда яшай бошлайди, қолган ҳудудлар деҳқончилик, чорвачилик, саноат, технологик ва табиий фаолият учун мўлжалланган кенг майдонга айланиб қолади.

Дарҳақиқат, ҳозирги кунда аксарият ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларда аҳоли марказда — пойтахтда тўпланиб бораётганини кўришимиз мумкин. Жанубий Корея пойтахти Сеулда, Буюк Британия пойтахти Лондонда ушбу мамлакатлар нуфусининг учдан бир қисми истиқомат қилади. Ҳатто энг ривожланган давлатлар ҳам бепоён ҳудудларида бирдай ривожланишни таъминлаб бера олмайди — шиддатли ўзгаришлар оғушида кечаётган бугунги замонда бу шунчаки имконсиз. АҚШ, Германия, Хитой, Япония сингари камдан-кам буюк давлатлардагина бир неча қанча шаҳарлар гуллаб-яшнамоқда. Шундай экан, фақат шаҳарларга зўр бериш энг тўғри қарор сифатида тушунилмоқда.

Одамларнинг асосий қисми шаҳарларга кўчиб ўтиши мамлакат тараққиётини таъминлайдиган асосий тенденция бўлиб қолмоқда. Қишлоқларда миллионлаб одамлар яшашига ҳеч қандай эҳтиёж қолмаган — АҚШ, Нидерландия ва Исроил тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, аҳолининг 2–3 фоизигина деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланиб, бутун мамлакатни бемалол тегишли маҳсулот билан таъминлаши ва ортиб қолган салмоқли қисмини экспорт қилиши мумкин. Қишлоқ хўжалигини машиналаштириш, аграр соҳани илғор билимлар ва технологиялар негизига қуриш айнан шундай натижа беради.

Шаҳарлар эса саноат тараққиётини, интеллектуал салоҳият ортиб боришини, фуқароларнинг кўпчилик қисми қулай шарт-шароитларда яшашини таъминлаб беради. Шаҳарларнинг кенгайиб бориши иш ўринларининг, уй-жойнинг, охир-оқибат “ҳаво”нинг етишмаслигига олиб келади деган қарашлар ўзини оқламайди. Одамлар — ишлаб чиқарувчилар ва хизмат кўрсатувчилар учун ҳам мижоз, ҳам тайёр ишчи кучидир. Одам сони қанча кўп бўлса, маҳсулот ва хизматга бўлган талаб шунча ортиб боради, уларнинг кўплиги айни пайтда етарли миқдорда сифатли ва арзон ишчи кучи топиш имконини ҳам беради.

Миллионлаб одамлар бир нуқтада тўпланиши ҳар томонлама манфаатли бўлади. Ўз-ўзидан тушунарлики, бир-биридан узоқда жойлашган ўнта кичкина шаҳарга маҳсулот етказиб бериш ёки уларни ривожлантириш, ҳар бири учун алоҳида мактаб ва шифохоналар қуриш ўрнига бу ишларни битта катта шаҳарда амалга ошириш ҳам арзон, ҳам осон бўлади. Инфраструктура, маҳсулот ва хизмат таннархининг арзонлиги, ўз навбатида, нархнинг ҳам ҳамёнбоп бўлишига хизмат қилади. Шаҳарда мавжуд инфраструктура саводхон қатламнинг кенгайиши, мактаб ва университет таълимининг яхшиланиши, мутахассислар синфининг пайдо бўлишига олиб келади.

Биз — ўзбекистонликмиз

Бошқа ижобий жиҳатлар қаторида маҳаллийчилик, миллатчилик каби иллатлар глобал шаҳар шароитида жиддий зарбага учрашини айтиб ўтиш жоиз: шаҳарларда турли этнос (элат) вакиллари, ҳар хил вилоят намояндалари аралашиб яшайди, улар орасидаги фарқ йўқ бўлиб, миллат бирдамлиги ортади.

Тан олиш керакки, Ўзбекистонда бугун ҳам маҳаллийчилик унсурлари сақланиб қолган. Мамлакатнинг кенг ҳудудларини ватанимиз деб ҳар қанча кўксимизга урмайлик, қашқадарёлик одам Наманганни ўз ери деб билиб, уёққа бутунлай кўчиб кетишини тасаввур қила олмаймиз. Вилоятимизга, қишлоғимизга боғлиқлигимиз кучли. Бу ҳолат баъзи ижобий томонлари қаторида ҳар қандай давлат учун бирламчи бўлган феноменга — миллий бирдамликка тўсқинлик қилади. Фақат глобал шаҳар шароитидагина одамлар вилояти ва этносини (ёки миллатини) унутиб, том маънода ўзбекистонликка айланади.

Хулоса

Бундай мураккаб масалада тўла холисликка даъво қилиш нотўғри бўлади. Ҳамма бугунга ва келажакка ўз нуқтаи назаридан қарайди, турлича шароит ва вазиятда яшашни хоҳлайди, ҳамманинг ўз қизиқиш, мақсади, манфаати, орзу-интилиши бор. Менга қолса, Тошкент аҳолиси 10 миллион кишини ташкил этиши лозим деб ҳисоблайман. Шундан кейингина у чинакам мегаполисга айланади ва Ўзбекистон тараққиётининг локомотиви бўлади.

Агар буни амалга ошириш қийин бўлса, ҳеч йўқ Тошкентдан бошқа бир-иккита минтақавий марказларга алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Ён қўшнимиз Қозоғистон ўз вақтида шу йўлдан борди, бунинг натижасида ҳозир 18 миллион киши яшайдиган бу давлатда аҳолиси миллион кишидан ошадиган учта йирик шаҳар бор.

Бизда ҳам ҳар бирида миллион киши яшайдиган икки-учта ана шундай минтақавий марказлар яратиш имконияти бор — бу урбанизация жараёнида Тошкент ўзига қабул қилиши мумкин бўлган “зарба”ни бирмунча енгиллаштиради ва миграциянинг бир қисмини ўзига тортиб олади.

Элдор Асановнинг Facebook саҳифасидан