Пойтахтдаги шифохона ходимлари қўполлик учун ишдан бўшатилди

05.02.2018 | Тиббиёт | 3265

4-сонли Тошкент шаҳар клиник шифохонасининг тўрт нафар тиббий ходими мижозга қўпол муомала қилингани учун соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновнинг қарори билан вазифасидан озод қилинди.

5 февраль куни Соғлиқни сақлаш вазирлигининг навбатдан ташқари ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Унда 4-сонли Тошкент шаҳар клиник шифохонаси травмотология бўлими беморининг мурожаати кўриб чиқилди. Бемор ва унинг яқинлари билан суҳбатда травмотология бўлими мудири Т. Тоғаев ва ҳамшира М. Толипова тиббиёт этика қоидаларидан четга чиққани аниқланди.

Муассасада маънавий муҳитни бузгани, одоб-ахлоқ қоидалари талаблари, тиббий ходимлар деонтологияси масалаларига жавоб бермагани учун шифохона бош шифокори С. Алимов, шифохона бош ҳамшираси Ш. Алимова, травматология бўлими мудири Т. Тоғаев ва ҳамшира М. Толипова эгаллаб турган лавозимларидан озод қилинди.

Йиғилишда қайд этилишича, Президент Виртуал қабулхонасига юборилган соғлиқни сақлаш соҳасига тааллуқли мурожаатларнинг 12 фоизи беморлар ва уларнинг яқинларига қўпол муомалада бўлингани билан боғлиқ.

«Ҳар бир раҳбар халқнинг ташвишлари, ҳаётий муаммолари ва талабларини яхши билиши шарт. Биз бошқа муассасаларда бу каби ҳолатларга йўл қўйилмаслиги учун ушбу масалани кун тартибига киритдик. Барча тегишли хулосасини чиқариш лозим», — дейилади матбуот хизмати соғлиқни сақлаш вазири сўзларидан келтирган иқтибосда.