Президент фармони: Туризмни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари ҳақида тўлиқ маълумот

06.02.2018 | Таҳлил | 2648

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 3 феврал куни “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида” қарорни имзолади, деб хабар қилмоқда ЎзА.

Янги қарорнинг асосий мақсади – Ўзбекистон туризм салоҳиятини ривожлантириш,  ушбу соҳага инвестицияларни жалб қилиш, инновацион ғоя ва технологияларни жорий этиш, ҳамда мамлакатнинг бой табиий, маданий ва тарихий меросидан ҳар томонлама фойдаланишдир.

Виза олиш осонлашди

2018 йил 10 февралдан бошлаб Исроил давлати, Индонезия Республикаси, Корея Республикаси, Малайзия, Сингапур Республикаси, Туркия Республикаси ва Япония фуқаролари учун 30 кунлик визасиз тартиб белигаланди.

Ундан ташқари Ўзбекистонга мунтазам авиақатновлар амалга оширувчи хорижий авиакомпаниялар ҳаво кемалари экипажи аъзолари учун ҳам 30 кунлик муддатга визасиз режим белгиланди.

Учинчидан 39 давлат фуқаролари учун туризм визаси бериш тартиби соддалаштирилди ва тезлаштирилди. Хусусан, 10 февралдан бошлаб туристив ваучер ва таклифнома асосида виза бериш тартиби бекор қилинди, виза бериш муддати эса — 2 иш куни этиб белгиланди.

Австралия, Албания, Андорра, Болгария, Босния ав Герцеговина, Ватикан, Венгрия, Греция, Дания, Ҳиндистон, Ирландия, Исландия, Қувайт, Канада, Литва, Хитой, Лихтенштейн, Люксембург, Македония, Мальта, Монако, Нидерландия, Янги Зеландия, Норвегия, БАА, Уммон, Португалия, Руминия, Сан-Марино, Саудия Арабистони, Сербия, Словакия, Словения, АҚШ, Финляндия, Хорватия, Черногория, Швеция, Эстония.

Эслатиб ўтамиз, ушбу қарор қабул қилинмасдан олдин ҳам қуйидаги мамлакатлар учун виза олиш соддалаштирилган тартибда амалга оширилар эди: Австрия, Белгия, Буюк Британия, Германия, Испания, Италия, Латвия, Малайзия, Польша, Таиланд, Туркия, Франция, Чехия, Швейцария, Япония.

Июлдан электрон визалар бериш бошланади. Давлат персоналлаштириш маркази, Ташқи ишлар вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Молия вазирлиги ва бошқа идораларга  2018 йил 1 июлдан бошлаб электрон кириш визаларини бериш тизими ишга тушириш топширилди.

Миллий PR-маркази ташкил қилинди

Республика туризм салоҳиятини тарғиб қилиш мақсадида 2018 йилнинг 1 апрелига қадар «Миллий PR-маркази» ташкил қилинади ва барча керакли жиҳозлар билан таъминланди. Хусусан, замонавий ва юқори технологик суратга олиш ускуналари, автотранспорт воситалари, шу жумладан юқори ўтиш қобилиятига эга бўлган автотранспорт воситалари ва бошқа зарурий моддий-техник ускуналар. PR-маркази ижодий ва суратга олиш гуруҳлари, жумладан хорижий мутахассисларни жалб қилиш йўли билан шакллантирилади.

Ички туризм ривожлантирилади

Чет элдан меҳмонлар кам келадиган, туризм суст мавсумда, маҳаллий аҳоли учун республика ҳудудлари бўйлаб туризм-экскурсия саёҳатларини фаол ташкил қилиш йўлга қўйилади. Ички туризмга мактаб ўқувчиларидан бошлаб нафақахўрларгача барча ёшдаги аҳоли қамраб олинади.

«Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» ички туризмни ривожлантириш дастурини аҳоли орасида тарғиб қилиш давлат муассасалари ва жамоат ташкилотлари зиммасига юкланади. Улар ўз фаолияти доирасида бўлган аҳоли гуруҳлари орасида ички сайёҳликни тарғиб қилиш билан шуғулланади. Хусусан:

  • таълим муассасалари ўқувчилари учун – таътил даври ва дам олиш кунларида;
  • ташкилотлар ходимлари учун – дам олиш кунларида, умуммиллий байрамлар ва таътил кунларида, айниқса, туризм мавсуми суст даврда;
  • аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари, пенсионерлар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун – санаторий-курортларда дам олишдан фаол фойдаланган ҳолда йил давомида;
  • кексалар, ёш оилалар, фуқаролар йиғинлари фаоллари, хотин-қизлар ва бошқа жамоат бирлашмалари вакиллари учун.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бир ой муддатда «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастурини амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар режасини тузиши керак.

Туризм соҳасидаги ташкилотларга солиқ имтиёзлари берилади  

Тематик хиёбонлар хизматларини ташкил қилган юридик шахслар 3 йил муддатга – фойда солиғи, ер солиғи ва мол-мулк солиғи, шунингдек, ягона солиқ тўловини тўлашдан озод қилинади.

Меҳмонхоналар ва  тематик хиёбонларни қуриш, қайта таъмирлаш ва жиҳозлаш учун Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуналар, техника, хом ашё, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмларни олиб кириш учун божхона тўловларини тўлашдан 2022 йилнинг 1 январига қадар озод қилинади.

Туризм соҳасидаги тадбиркорлик фаолияти субъектлари 2022 йил 1 январга қадар – Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилаётган 8 ва ундан ортиқ ўриндиқли мирокавтобуслар, дор (осма) йўлларни, тоғ-чанғи кўтаргичлар, фуникулёрлар учун жиҳозлар, механизмлар ва эҳтиёт қисмлар, аэростатлар (ҳаво шарлари), мотор қайиқ ва квадроцикллар божхона тўловидан озод этилади.  

Қорақалпоғистон Республикаси туризм операторларига истисно тариқасида экстремал турларни ташкил қилиш учун юқори ўтиш қобилиятига эга бўлган йўлтанламас транспорт воситаларига амалдаги ставканинг 25 % эвазига йўлтанламас автомобиллар олиб келиш ҳуқуқи берилди. Ушбу оавтомобилларга махсус давлат белгиси берилади ва улардан фақат Қорақалпоғистон ҳудудида фойдаланилади.

Хўжалик субъектларининг онлайн брон хизматлари, электрон тўловлар, эквайринг ва бошқа электрон хизматлар ташкил қилиш билан боғлиқ харажатлари солиққа тортиш базасидан чиқариб ташланади.

Сифатли бепул Wi-Fi алоқаси ташкил ташкил қилган ва уни кенгайтирган корхоналар солиқ базаси ушбу хизмат учун сотиб олинган асбоб-ускуна қиймати ва интернет траффик миқдорида камайтирилади ва уларга жамоат жойларида ўз рекламаларини бепул жойлаштириш ҳуқуқи берилади.

Кредит линияси очилди

Меҳмонхоналар ва уларга туташ йўл, муҳандислик коммуникациялар қурилишига 200 млн АҚШ доллари миқдорида кредит линияси очилади. Максимал сумма — 10 миллион доллар. Кредит миқдори лойиҳа қийматининг 50%дан ошмаслиги керак. Кредитлар 15 йилга берилади, ундан 5 йили имтиёзли муддат.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон туризм соҳасини мамлакатнинг етакчи соҳаларидан бирига айлантиришни ният қилган. Ушбу мақсадда ўтган йилнинг август ойида президентнинг ПҚ-3217 сонли қарори имзоланган эди. Бугунги кунда республика ЯИМида туризм соҳасининг улуши ўртача 3% ни ташкил қилмоқда.