Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Риштон бозоридаги Дилшод Болтабоевнинг янги битган Халқ кутубхонасини бузишмоқчи
8.02.2018 10:54,  
59

Ижтимоий тармоқларда Дима Қаюм номи билан танилиб асосан ҳажвия ва ҳикматлар улашувчи риштонлик тадбиркор Дилшод Абдуллаевич Болтабоев Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга кутубхонасини маҳаллий мансабдорлардан ҳимоялашни сўраб очиқ хат ёзди. Хатнинг матни билан танишинг:

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга Фарғона вилояти Риштон тумани Мискин МФЙ, Эҳтиром кўчаси 23-уйда яшовчи ҳунарманд тадбиркор Дилшод Болтабоевдан очиқ хат (илтимоснома)

Ота-онам нафақадалар, мен эса Риштон тумани деҳқон бозорида тунука ва печка маҳсулотлари савдоси билан шуғулланаман. Бозор ҳудудида қонуний жойимда сентябрь ойида китоб ва китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида қарорларингиздан илҳомланиб, бозорга ўз кутубхонамдан китоблар олиб чиқдим, кейин интернетдаги дўстларимга илтимос қилдим. Китоблар ёғилиб кела бошлагандан кейин Таълим вазир ўринбосари Алишержон Саъдуллаев ва Риштон туман ҳокими билан суҳбатлашиб, рухсат олиб ўзимнинг дўконимдан 12 кв метр жойига акфадан қурилиш ишларини бошлаб, 25 кунда замонавий “Рошидоний Халқ кутубхонаси”ни битказдим. Очганимга уч ой тўлган бўлса, китоблар сони 1500 донадан ошди. Ўқилган китоблар ўқувчилари сони 1000 дан ошди.

Бу қурилишга барча юртдошларим Хайрия акцияси қилиб пул беришди, мен эса ҳаммасини шу кутубхонага сарф қилдим.

Кеча Риштон туман ҳокими ёнида ўтириб буйруқ олган қурилиш архитектор бошлиғи тонгда туман ИИБ, Туман ёнғин хавфсизлиги билан чиқишиб “сен ноқонуний қурдинг”, деб иззатимга тегишди. “Кечагина ёнларида эшитдингиз-ку, хокимнинг гапини”, десам ҳам тан олмади. Кейин Риштон туманининг янги ҳокимининг ёнларига кирдим ва 30 млн ошиқ пул сарфлаганимни айтдим, улар “бошқа жойдан жой бериб кредит бераман”, дедилар.

Мен бошқа жойга боролмайман ва у жойни қуришга берилган кредитни тўлолмайман гаровга қўйишга ҳеч нимам йўқ. Ҳар куни ўқувчилар китоблар олиб кетишмоқда. Бир кунда 20-25 дона кетади, албатта, бепул тарқатяпман, ёнида дўкончамда савдо қиляпман.

Сиздан илтимос, шу жойим бузилмаслиги учун ўқувчилар ва ўз номимдан ўтиниб сўрайман - бузишмасин. Ҳеч қандай ёнғинга ва ҳоказоларга халақит қилмайди

Риштон тумани ҳокимлигининг ҳеч қандай ёрдамисиз қурган эдим.

Сизнинг сўзларингиз қулоғимда доимо жарангламоқда. “Жаҳолатни маърифат билан енгамиз” деган сўзларингиз. Илтимос, ўтиниб сўрайман кутубхонани бузишмасин. Ёрдам беринг.

Қишлоқда кутубхона бор, лекин шароити йўқ, ҳам узоқлиги учун ҳеч ким бормайди. Мен қурган бепул кутубхона бозор ичида бозорга юмуш билан келган одам олиб кетяпти. Албатта бепул.

Ҳурмат билан Дилшод Болтабоев”.

Дилшод Болтабоевнинг бу хатини ўқиб чуқур уҳ тортдик. Ҳа, интернетнинг минглаб фойдаланувчилари бу кутубхонани бирга қурди, ўз ҳиссасини қўшди, деб бемалол айта оламиз. Энг катта сарф-харажат ва албатта, ҳаракат эса Дилшод Болтабоевнинг ўзидан бўлган. У кутубхона қурилиши босқичларини ўз саҳифасида мунтазам улашиб борган, ундан илҳомланган бошқалар ҳам ўз туманида халқ кутубхонаси бунёд этишга бел боғлаган эди. Ҳокимиятнинг биргина буйруғи билан маърифат тарқатиш умидию, зиё улашиш орзулари чилпарчин бўлишига ачинмайдиган одам бўлмаса керак.

Президент Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаши ҳамда маърифат масалаларига кўп тўхталади. Чиндан ҳам мамлакатимиздаги энг долзарб масалалардан бири шулар десак бўлади. Вазиятни қарангки, тадбиркорлик ва маърифатпарварлик мужассамлашган бир шахснинг режалари поймол бўлмоқда. Риштон тумани ҳокимиятидан бу ҳаракатга изоҳ кутамиз.

“Рошидоний Халқ кутубхонаси” суратлари.

Дилшод Болтабоев Таълим вазири ўринбосари Алишер Саъдуллаев билан

Дилшод Болтабоевнинг тижорати

Кутубхона қурилиши

Ҳокимият томонидан бузилиши белгиланган кутубхонанинг ҳозирги кўриниши.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан