Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Марказий банк: Айрим озиқ-овқат маҳсулотлари нархи кескин қимматлашди
8.02.2018 20:40,  
1

Иқтисодиётда нархлар ўзгариши жараёнини атрофлича ва чуқур ўрганиб бориш ва инфляцион хатарларни олдиндан аниқлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки республика ҳудудлари бўйича маҳсулот ва хизматлар нархларини мониторинг қилиб бориш амалиётини жорий этмоқда.

Кузатишларни амалга ошириш учун аҳоли томонидан кўп истеъмол қилинадиган 135 та маҳсулот ва хизмат тури танлаб олинди. Улардан 45 таси озиқ-овқат маҳсулоти, 75 таси ноозиқ-овқат маҳсулоти ва 15 та хизмат ҳисобланади. Ушбу маҳсулот ва хизматлар гуруҳларининг умумий нархлар ўзгариши кўрсаткичига таъсири мос равишда 57, 29,5 ва 13,5 фоизни ташкил этади.

Дастлабки кузатув натижалари шуни кўрсатмоқдаки, истеъмол товарлари нархлари 2018 йилнинг январь ойида, ўтган йилнинг декабрь ойида маълум даражадаги ўсишдан кейин, нисбатан барқарор бўлди. Бу асосан янги йил байрами арафасидаги даврга қараганда 2018 январь ойида истеъмол фаоллигининг нисбатан паст бўлгани билан изоҳланади.

Хусусан, мазкур ҳолат озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари динамикасида ўз аксини топди. Айрим маҳсулотлар нархларида юқори ўзгарувчанлик кузатилганига қарамасдан, озиқ-овқат маҳсулотлари умумий нархларида озроқ (1 фоизга) пасайиш бўлди.

Январь ойида кузатиш олиб борилган озиқ-овқат маҳсулотлари орасида тухум нархи – 10,5 фоиз, сабзавотлар ўртача нархлари – 5,8 фоиз ва мевалар ўртача нархлари – 4,5 фоизга арзонлашди. Хусусан, бодринг нархи – 14 фоиз, пиёз – 10,2 фоиз, помидор – 9,9 фоиз, карам – 9,3 фоиз, картошка – 6,3 фоиз, сабзи – 2,3 фоиз ва олма – 4,6 фоизга пасайди.

Шу билан бирга, кузатиш натижалари сут нархининг 4,9 фоиз, гўшт (мол ва қўй гўшти) – 1,1 фоиз, буғдой уни – 0,7 фоиз ва гуруч – 0,4 фоизга қимматлашганини кўрсатди.

Шунингдек, мазкур даврда кузатиш учун танлаб олинган ноозиқ-овқат маҳсулотлари умумий нархлари 2,1 фоизга ошди. Бунда кундалик истеъмолда ишлатиладиган маҳсулотлар нархларида нисбатан кам даражада ўсиб, юқори ўсиш кўрсаткичлари қурилиш моллари ва автомобиллар учун ёқилғи нархларида кузатилди.

Хусусан, ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўсишига, асосан қурилиш материаллари (10,8 фоиз), акциз товарлар (сигарет ва алкоголь маҳсулотлари – тегишли равишда 7,2 ва 0,3 фоиз) ҳамда автомобиллар учун метан ёқилғиси нархларининг (6,7 фоиз) ошиши таъсир кўрсатган. Бунда, тадбиркорлик субъектлари учун табиий газ тарифларининг оширилиши ва акциз солиқ ставкаларининг кўтарилиши нархлар ўсишининг асосий омилларидан бўлди.

Бундан ташқари, кийим-кечак ва пойабзалга бўлган талабнинг мавсумий камайиши натижасида ушбу гуруҳ товарлари нархлари 2,2 фоиз пасайди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банк Матбуот маркази хабарига кўра, кузатишлар амалга оширилган даврда хизматлар, умуман олганда, 4,2 фоиз қимматлашди. Хусусан, мактабгача таълим муассасалари хизмати учун тўлов 10,3 фоиз, транспорт хизматлари – 6,3 фоиз, маиший хизматлар – 3 фоиз ва тиббий хизматлар – 2,1 фоизга ўсди.

Умуман олганда, истеъмол талаби нисбатан сусайган шароитда 2018 йилнинг январь ойи давомида умумий кузатишдаги маҳсулот ва хизматлар нархлари динамикасида нисбатан паст даражадаги, яъни 0,6 фоизлик ўсиш кузатилди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан