Навбаҳор Имомова: Аччиқ ҳақиқат президентга аён

09.02.2018 | Таҳлил | 5583

Sof.uz сайти “Америка овози” халқаро телерадиокомпанияси сухандони ва журналисти Навбаҳор Имомова билан суҳбат ўтказди. Суҳбат мавзуи - журналистика, Ўзбекистондаги ОАВнинг ҳолатига доир мулоҳазалар.

Навбаҳор Имомова “Америка Манзаралари” туркумидаги илк теледастурлар муаллифи. ТВ, радио ва онлайн диктор, продюсер, мухбир ва муҳаррир. «Америка Овози»да 2002-йилдан бери ишлайди. Журналистик фаолиятини 1996 йилда Ўзбекистон радиосининг «Халқаро ҳаёт» таҳририятида бошлаган. Жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факультетида дарс берган. Оммавий ахборот воситалари бўйича бакалаврликни Ҳиндистоннинг Майсур Университетидан (University of Mysore), магистрликни эса АҚШнинг Бол Давлат Университетидан (Ball State University) олган. Шунингдек, Гарвард Университетидан (Harvard University) давлат бошқаруви ва лидерлик бўйича магистрлик дипломига эга. Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Қўшқўрғон қишлоғида зиёли оиласида улғайган.

1. Дунёнинг етакчи телерадиосининг ўзбек бўлимида ишлаб, ўзбеклар ва ўзбек жамияти ҳаётини ёритиш қай даражада машаққатли вазифа?

"Америка Овози" Ўзбек хизматида олти киши ишлайди. Мингдан ошиқ ходимга эга телерадиомиздаги энг кичик бўлимлардан биримиз. Лекин ишимизнинг аҳамияти катта. Шу боис тинимсиз меҳнатдамиз. Аудитория - бутун ўзбек дунёси. Жаҳоннинг қай бурчагида яшаманг, ўзбек тилида глобал майдонни қопловчи маълумот керак бўлса, биз сизнинг хизматингизда. Халқаро ҳаёт, АҚШ, Марказий Осиёдаги долзарб мавзулар диққат марказимизда. Албатта, ҳар бир янгиликни олиб чиқамиз, дея олмаймиз. Бунинг иложи йўқ. Лекин бошқа ахборот воситалари назаридан четда ва айнан бизнинг кўзимиз олдидаги муҳитни ёритамиз, масалан, АҚШдаги сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий манзарани, шунингдек, ватандошлар ҳаётини.

Ўзини ўзбек ёки ўзбекистонлик деб биладиган одамлар Америкада юзлаб мингни ташкил қилади. Улар билан доимий мулоқотдамиз. Штатма-штат саёҳат қилиб, ўзбекларнинг бугуни, ўтмиши ва келажак орзулари ҳақида материаллар бериб борамиз. Ҳафталик кўрсатувимиз "Америка Манзаралари"да ватандошлар қиссаси доимий мавзу. Уларнинг ҳаётини оммага ҳаққоний ва холисона тарзда олиб чиқиш, ҳар бир ишда бўлганидек, кучли профессионал уқув талаб қилади. АҚШ жамиятини тушуниш керак. Бу мамлакатдаги шарт-шароит, қонун-қоида ва энг муҳими, иммигрантлар билан боғлиқ масалаларни ва иммиграция тизимини яхши билиш талаб қилинади. Ички сиёсат ва маҳаллий вазиятни таҳлил қилиш зарур. Ватандошлар ишончини қозониш керак. Усиз уларнинг ҳаётини ҳикоя қила олмайсиз. 

Хизматимиз ватандошлар ва элатдошларни боғлайди, қолаверса улар ва Ўзбекистон орасидаги кўприк. Ҳар куни ватандошлардан ўнлаб мактублар оламиз. Ижтимоий тармоқларда алоқадамиз. Кечаю-кундуз. Ҳамманинг ўз дарди бор. Кимдир уни бошқалар билан баҳам кўргиси келади, кимдир эса фақат сизга ишониб айтишни хоҳлайди. Мадад сўрайди. Руҳий қувватловга муҳтож.

Журналистман, менга фақат репортаж керак деб юз ўгира олмайсиз. Кунига анча вақтим одамларнинг хатларига жавоб бериш учун кетади. Қисқа, лўнда жавоблар ёзаман. Бор гапни айтамиз. Биз хабар тарқатамиз. Билганимизга асосланиб маслаҳат берамиз.

Яна бир муҳим омил - зарур ресурсга эга бўлиш. Саёҳат катта маблағ талаб қилади. Бюджетимиз эса катта эмас. Лекин тез-тез сафарларга чиқиб турамиз ва имкон қадар, муҳим воқеаларни Вашингтондан туриб бўлса ҳам ўз вақтида ёритамиз. Вақт - бебаҳо. Ҳар бир сонияни қадрлаш керак. 5, 10 ёки 30 дақиқалик материал ва дастурларни тайёрлаш соатлаб меҳнат талаб қилади. Кундалик лавҳаларнинг умри қисқа. Эфирга кетди, тамом. Биз аҳамияти ва қадрини йўқотмайдиган дастурлар беришни хоҳлаймиз. Мазмунан бой бўлсин, деймиз. Лекин кундалик янгиликларни ҳам ўз вақтида ёритиш керак. Таҳлилнинг ҳам умри бор. Хуллас, ҳар кунги машаққат шуки, биз қанча вақт ва иш кучини нимага қандай сарфлашни белгилаб олишимиз керак.

2. Ўзбек журналистикасидаги асосий муаммолар ҳақида нима дея оласиз? Замонавий ўзбек журналистларининг камчиликлари нимада?

Дунёнинг ҳеч бир қисмида журналистга агар ўзи талаб қилмаса, ўз билими ва иқтидорига суяниб иш тутмаса, эшик очишмайди, эътибор беришмайди ва энг муҳими, ишонишмайди. Журналистлари билимли, қобил ва масъулиятли жамиятлар эркинроқ ва фаровонроқ. Чунки ишимиз жамиятнинг виждони бўлишни талаб қилади. Аччиқ ҳақиқатни кўтариб, тегишли томонлар билан муҳокама қилиб, халқни огоҳ қилиш, одамларни ўйлатиш - мана шулар бизнинг асосий вазифамиз.

Ўзбекистонда қачон шундай бўлган? Журналистлар шу вазифаларни бажаришга интилган дамлар бўлган. Эплашган ҳам. Лекин улар узоқ давом этмаган. Ҳамиша тўсиқ, сиёсий ва сунъий чегаралар билан юзлашишган. Журналистлар ўз ишини қилгани ёки қилмоқчи бўлгани учун жазоланган, қамоқда ўтирган, азобланган.

Журналистика кучайиши учун эркинлик керак. Эркинликни эса ҳеч ким сизга қўшқўллаб тутқазмайди. Бу - бир айлана. Сиз эркинликни ҳис қила олишингиз керак. Лекин ҳис қила олиш учун уни қўлга киритиш керак. Қўлга киритиш учун эса ҳаракат қилиш керак. Ҳаракат эса сизни хавфга етаклайди. Таҳдидни камайтириш учун журналистлар бир-бирини қувватлаши керак, бир-бирига суяна олиши керак. Бу фикр ҳамиша бир жойдан чиқиши керак, дегани эмас. Турфа қарашлар, агар соғлом бўлса, ечимга етаклайди. Ўзбекистондаги муаммо шундаки, аччиқ ҳақиқатни кўтариб чиққан одамларга тош отишади. Масалан, ўз фуқароларини ҳақорат қилган ҳокимни саволга тутган журналистлар қора кучлар, уни мақтаган журналистлар эса қаҳрамон. 

Ҳозирги Ўзбекистонда эркинлик шабадаси агар эса бошлаган бўлса, журналистлар жипслашиб ҳар бири эркин ахборот йиға олиши, узата олиши ва ишини профессионал тарзда бажара олиши учун ҳаракат қилиш керак. Чеклов керак, деб бонг урадиганлар ҳамиша бўлади. Журналистлар орасида мунозара бўлмаса, демак, улар ноқобил. Этик меъёрлар ва касбий тамойиллар мана шу мунозаралар натижасида вужудга келади. Афсуски, уларни шу пайтгача ҳукумат белгилаб келган.

Туб муаммо - ахборот воситалари давлат назоратида экани. Буни ҳукуматдагилар ҳам билади, журналистлар ҳам билади. Лекин иккала тараф ҳам ўзини бир-бирисиз тасаввур қилолмайди. Ваҳоланки, мустақил матбуот - эришса бўладиган орзу. Ҳар икки томон бир-бирининг профессионаллашишидан манфаатдор.

Ҳукумат агар ҳақиқатдан ҳам халққа хизмат қилмоқчи бўлса, унинг дардини ҳаққоний тарзда олиб чиқадиган журналистларга кўприк сифатида қарайди, назорат қилиниши керак бўлган тизим деб эмас. Ахборот воситалари ҳам халқ ишончини қозониши керак. Ҳозиргача улар ҳукуматнинг оғзи бўлиб келган. Таълим ва малакада ҳам гап кўп. Бу борада тинимсиз ишлаш керак.
Журналистика мактабини кучайтириш керак, албатта. Лекин журналистика мактаби кучли давлатларда ҳам журналистлар тинимсиз тренингда. Биз, масалан, ҳар ой камида бир курсга боришимиз керак. Янги технология, янги ускуна, янги программа, янги услуб ва кўникма. Тинимсиз янгилик.

Журналистлик нима? Унинг вазифаси одамларнинг кўнглини олиш эмас, уларни хурсанд қилиш эмас, уларнинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириш эмас. Давлат, қадрият ва маданият мадҳини куйлаш эмас. Журналист уларни борича очиб беради. Холислик, бетарафлик деганда шу назарда тутилади. Журналист жамият аъзоларини бир-бири билан боғлайди. Журналист реал вазиятни кўрсатади, унинг учун айбдор эмас. Бунга бир зумда эришилмайди. Қаттиқ меҳнат қилиш керак. Жасорат керак. Журналистлар бир-бири учун туриб бера олиши керак.

3. Ўзбекистонда журналистикани ривожлантириш ва ОАВни ҳақиқий маънода 4-ҳокимиятга айлантириш учун ҳукуматимиз нималарга кўпроқ эътибор бериши керак? Сизнингча, алоҳида Журналистика олийгоҳини ташкил этиш, ОАВларга солиқ бўйича имтиёзлар бериш каби ўзгаришлар самара берадими?

Ўзбекистон ҳукумати, юқорида айтганимдек, халққа хизмат қилиш аҳдида самимий ва қатъий бўлса, барча ахборот воситалари устидан азалий назоратни бас қилиб, уларга халқ ишончини қозониш учун имкон беради. Қонунлар бор. Янгилари бўлади. Ҳуқуқий замин сув ва ҳаводек зарур. Журналистлар профессионал меъёрлар устида келишиб, ўз фаолиятини ўзлари ҳал эта бошлайди. Мураккаб давр бўлади. Тартибсиз бозор бўлади. Судлов кетидан судлов, қоралов кетидан қоралов. Бақир-чақир. Лекин асталик билан чинакам ахборот бозори шаклланади. Рақобатга чидаган майдонда қолади.

Журналистлар устидан назоратни бой беришни хоҳламаса, демак, ҳукумат жамият том маънода эркин бўлишини истамайди. Чунки ахборот эркинлиги ва ахборот воситалари эркинлигисиз ҳеч бир халқ эркин яшай олмайди. Менинг гапларимга айримлар лаънат тошлари отишлари табиий. Лекин иқтидорли журналистика иқтидорли жамият қуради. Иқтидорли жамият эса иқтидорли ҳукумат ва давлат демакдир. Булар фалсафа эмас, инсоният тарихига асосланиб қилинаётган хулоса. Жамият ҳамиша ўзгариб боради ва бу жараённи таҳлил қилиш, у ҳақда одамларни бохабар қилиш журналистларнинг иши. Журналист - жамият кўзгуси.

Журналистика таълим даргоҳларини кучайтириш, янгиларини очиш ва ахборот сифатини ошириш шу соҳа эгаларининг вазифаси. Ҳукумат журналистикани ўз манфаатларига мослаштирмаслиги керак. Лекин бу қонга сингиб кетган одат. Янги олийгоҳ сиёсий лойиҳа бўлмаслиги зарур. Режалашдан тортиб, амалиётгача, бу жабҳада чуқур билимга эга одамлар шуғулланиши керак. Ташаббус президентники, лекин уни ташкил этиш ва юритиш билан ҳукумат шуғулланмаслиги керак.

Имтиёзларга келсак, камроқ солиқ тўлаш билан журналистлар эркинроқ ёки бойроқ бўлиб қолмайди. Ахборот воситалари барқ уриши учун уларнинг йўлини тўсмаслик керак. Даромадни таъминлаш, зарур ресурсга эга бўлиш устида уларнинг ўзлари бош қотирсин.

4. Aмерика сиёсатдонлари бугунги кун Ўзбекистон ҳукумати олиб бораётган ислоҳотлардан нималарни кутмоқда?

Америка сиёсий ва илмий доиралари назарида Ўзбекистонда ислоҳотлар бошланган, лекин уларни баҳолашга шошмаслик керак. Улардан шуни эшитасизки, мамлакат бу ислоҳотлар натижасида нафақат иқтисодий жиҳатдан тараққий этиши, балки сиёсий-ижтимоий жиҳатдан олға силжиши, яъни эркинлашиши, ҳуқуқ ва қонун эъзозланадиган жамиятга айланиши зарур. АҚШ расмийлари ва арбоблари дейдики, Ўзбекистон фаровон ва демократик яшашидан бу давлат манфаатлидор. У билан яқиндан ҳамкорлик қилишни хоҳлайди. Вашингтон назарида Президент Шавкат Мирзиёев ислоҳотчи сифатида оёққа турмоқда. Улар бу жараён тўхтамайди, деган умидда. Америка ўтган бир йил ичида қилинган ишларни қувватлайди ва энг муҳими, ўзгаришлар тизимма-тизим юз берсин, дейди. Ғарбда, яъни ҳукуматлар ва ноҳукумат ташкилотларда Ўзбекистонга нисбатан ёндашув "эҳтиёткор оптимизм" дея изоҳланади. Бу дегани, ҳозирги жараёнлар уларга умид бағишламоқда аммо республика орқага ҳам қадам ташлаб турибди, яъни муаммолар талай.

5. Дунёнинг кўплаб давлатлари қаторида Ўзбекистон ҳам демократик ривожланиш йўлини танлаган. Бироқ шарқона давлатларнинг аксарияти ўзига хос “бошқарилувчи демократия” йўли мавжудлигига даъво қилади. Ўзбекистон учун ғарбча андозадаги демократия муҳимми ёки шарқона “бошқарилувчи демократия” муносибми, нима деб ўйлайсиз?

Буни Ўзбекистон халқининг ўзи ҳал қилади. Демократия бозордан сотиб олинадиган, растадан танланадиган нарса эмас. У қурилади. Демократия мураккаб жараёнлар, ҳар томонлама ўсиш маҳсули. Унинг тубида эркинлик ётади, шунингдек, масъулият ва бурч. Ғарб ва шарқ демократияси деб муайян тузумлар таҳлил қилинади ёки мисол келтирилади. Одатда бу таҳлил ортида раҳбарларнинг ўз сиёсатини оқлаш, бирор ҳукмрон кучнинг ўз манфаатини таъминлаш каби мақсадлари ётади. Лекин дунёнинг қай тарафида бўлмасин, қай халқ ва менталитет ҳақида гап кетмасин, демократиянинг талаби - эркинлик ва қонун устуворлиги. Ҳукумат ва халқ орасидаги ишонч ҳурматга бориб тақалади. Инсон қаерда яшамасин, ўз ҳуқуқлари ҳурмат қилиниши хоҳлайди. Қай элат ва дин вакили бўлмасин, муаммолар бартараф этилишини, яхшироқ яшашни, орзу-ҳавасга асосланган келажак истайди. Тартиб-назорат, қонун-қоида ҳар жойда керак. Лекин уларни белгилашда ва амалга оширишда халқ овози ва фикри муҳим. Шундай экан, сиз ё демократия истайсиз ё истамайсиз. Ғарб ва шарқ менталитетини рўкач қилиб, ўзингизни алдайсиз.

Сиз ё сизга хизмат қилувчи, сизни фуқаро сифатида ҳурмат қилувчи бошқарув тизимини хоҳлайсиз ёки сиз билан ҳисоблашмай, сизнинг манфаатларингизни сиздан ҳам яхшироқ билишини баҳона қилиб, сизни босим остида ушлаб турувчи тизим истайсиз. Баъзилар униси ҳам эмас, буниси ҳам эмас керак эмас ёхуд ҳар иккисини қориштирган "ўзимизга мос" тизим керак дейиши мумкин. Лекин, юқорида айтганимдек, демократия баъзида жўшқин, баъзида эса кескин динамика. У тиришқоқлик ва кучли сиёсий-ҳуқуқий онг талаб қилади.

6. Aхборотни қайта ишлаш бир санъат, уни талқин этиш, тушуниш шахсдан кучли билим, малака талаб этади. Сизнингча, бизнинг жамиятимиз танқидий мақолаларни “ҳазм” қилишга нечоғлик тайёр? 

Ҳеч бир жамиятда ҳамма ҳеч қачон ҳар нарсага тайёр эмас. Танқидий фикрлайдиганлар ҳар қандай муҳитда кўп ёки кам. Танқид асослими? Муаммо муаммоми, яъни реалми? Уни профессионал тарзда очиб бераяпсизми? Ҳа, дея ишонсангиз, демак, одамлар уни ҳазм қилади. Дод, деб норози бўлса ҳам қабул қилади.

Одатда муаммо оддий одамларда эмас, амалдорларда. Кўп ҳолларда улар ўзларини жамиятнинг юқори табақаси деб ҳисобласа-да, оддий ҳақиқатга тик қарай олмайдиган, қилган ё қилмаган ишини тушунтириб беришга журъат қилолмайдиган қўрқоқ инсонлар.

Ўзбекистонда қийноқлар ҳақида очиқ гапириб бўлмайди, деб келишди. Коррупция ҳақида оғиз очиш хавфли, деб келишди. Мана муҳокама қилинмоқда, асталик билан. Осмон узилиб eрга тушдими? Ўзбекистондаги муаммоларни халқ билади, чунки унинг ичида яшайди. Бу муаммолар аслида шу халқнинг қилмиши.

Танқидий материаллар беришдан қочиш ёки уларга тайёр эмасмиз, деб баҳона қилиш ҳақиқатдан қўрқишдир, ваҳоланки, у ҳар тарафда намоён.
Одамларнинг онги паст, мураккаб масалаларни тушунмайди, мушоҳада қилолмайди десангиз, демак, сиз журналистика нима эканини билмайсиз.
Журналистика масалани ҳамма тушунадиган тарзда кўрсатади, халқнинг онги ўсиши учун ҳисса қўшади.

Ўзбекистоннинг ҳозирги президенти танқидни ҳазм қила оладиган раҳбар, назаримда. Очиқ танқидга бу давлат раҳбарлари ўрганмаган, лекин ўрганиши керак. Мирзиёевнинг замонни ва вазиятни қандай таҳлил қилаётганини кузатиб келар эканман, бу одам ўзини алдаб яшамаса керак, деб ўйлаяпман. Аччиқ ҳақиқат унга аён. Уни эшитиб, жамоатчилик томонидан саволга тутилишнинг нимаси хавфли? Танқид уни ҳокимиятдан айирадими? Аксинча, унинг нуфузини ошириб, унга ишончни кўтариб, ўз сиёсати ва қарорларини изчилроқ тушунтириш имконини беради. У танқидий қараш заминида самарадорлик ва сифат ётишини англаб, раҳбар ва лидер сифатида ўз ролини мустаҳкамлайди. Танқид ҳаммани ўстиради. Халқни ҳам, унинг амалдорларини ҳам, шу жумладан, унинг президентини ҳам.

7. Ўзбекистонда ҳукуматнинг ОAВга нисбатан фикри ўзгариши учун қандай қадамлар ташланиши керак, қилиниши керак бўлган қандай ишлар бор? Aсосий муаммолар нималарда кўзга ташланяпти?

Бу борада юқорида анча гапирдим. Ҳукумат ва ахборот воситалари бир-бирининг қисми эмас, бир-бири билан ишлайдиган икки профессионал тараф бўлиши керак. Бир-биридан мустақил. Ҳукумат нима қилаётганини халққа тушунтириб бориши керак. Ахборот воситалари улар орасидаги кўприк. Ўзбекистон ҳукуматида жамоатчилик билан ишлаш тизими азалдан жуда заиф ёки умуман шаклланмаган. Матбуот хизматлари асл вазифаси нима эканини билмайди, ҳатто энг юқори поғоналарда ҳам. Ҳукуматнинг медиа уқуви паст. Бу Ўзбекистоннинг ўзида ҳам, хорижда ҳам яққол кўзга ташланади ва зарари беқиёс. Ҳозирда матбуот хизматлари фаоллашгандек, лекин улар ҳали ҳам буйруқбоз идоралар. Журналист ва сизнинг орангизда ишонч шаклланиши керак. Тўғри, информацион таъсир ўтказишни хоҳлайсиз, лекин сиз журналистларнинг талабларига ҳам қулоқ тутишингиз керак. Профессионал алоқа ва муроса нима эканини тушуниш керак. Журналистлар ҳам матбуот хизматлари билан ишлашни ўрганиши керак. Янгилик нима? Факт нима? Таҳлил нима? Фикр нима? Ҳар икки тараф уларни яхши тушуниши керак. Энг кўп иш ўзи шу жабҳада.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида "Жаҳон" ахборот агентлиги бор. Вазирликда ҳам ахборот агентлиги бўладими? Қачонлардир ўша шароитдан келиб чиқиб қилинган қарор маҳсули бўлмиш бу орган мисолида ҳукумат коммуникация бобида нақадар орқада эканини кўрасиз. Вазирликка кучли матбуот хизмати ва кучли таҳлилчилар керак. Улар ташқи сиёсатни тушунтириш билан банд бўлиши керак. Сизга эффектив пиар керак, ахборот агентлиги эмас. Миллий ахборот агентлиги бор, қолаверса, янгилари пайдо бўлаверсин.

Ўзбекистон президентининг ва вазирларининг, умуман, юқори лавозимлардаги одамларнинг ҳали ҳам "расмий матбуот вакиллари" билан юриши уят. Бу ишончсизлик ва қўрқоқликдан дарак. Матбуот хизматлари профессионал ахборот воситалари билан ишлаб, ҳар бир воқеа ва ўзгариш вақтида ва сифатли ёритилиши учун замин яратиб бериши керак. Нотўғри маълумот берилса, тегишли томонларга шикоят қиласиз, журналистни саволга тутасиз. Ҳозир эса, масалан, Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг хорижий сафарларини ҳам "Жаҳон" ёритиб юрибди. Ўзингизни ўзингиз ёритаяпсиз. Мантиқ йўқ. Ўзбекистонга қизиқадиган журналистлардан қочишади ёки улар билан қандай ишлашни билишмайди.

Ўзбекистон халқаро майдонда ўз нуфузини, имиджини тузатмоқчи бўлса, ишни мана шундан бошлаши керак. Мана шу қолоқлик сабаб ҳукумат ва халқ қанчадан қанча имкониятлардан қуруқ қолади. Сармоя қилишни истаганлар, Ўзбекистонга саёҳат қилишни истаганлар, бу мамлакат билан ҳамкорлик қилишни хоҳлаганлар элчихоналар ва ҳукуматнинг вакиллари билан алоқа қилолмай қўл силтаб кетади. Йиллар давомида мен бундай ҳолларга қайта-қайта гувоҳ бўлдим.

8. Сизнинг назарингизда хориж матбуотида “Uzbekmeltdown” деб аталаётган бугунги сиёсий жараёнлар қай даражада тизимли ва изчил?

Ўзбекистон ўзгаришларга тайёр эмас, деганлар адашгани исботланди. Xалқ ва ҳукумат, агар ирода бўлса, олдинга қадам ташлаши мумкинлигини кўрсата олди. Одамларда эртанги кунга ишонч бор ва кимдан сўрамай, бунга асос борлигини айтади. Давлат раҳбари муаммоларни ҳар куни ўзи айтиб турибди. Ҳақиқатни тан олиб, ҳукуматнинг тили ҳам, уйи ҳам куйгани йўқ. Энди шу тан олинган муаммолар eчими устида ишлаш керак. Жараён ҳар доим ҳам тизимли бўлмайди, чунки мақсад, агар самимий бўлса, бутун тизимни янгилаш. Бу дегани халқ машаққатли бир даврга тайёр туриши керак. Ҳеч бир замонда, ҳеч бир юртда ислоҳотлар бир маромда, кўзланганидек кечмаган. Мослашувчан бўлиш керак. Халқ бу жараёнлар ҳақида тўғри маълумотга эга бўлсин десангиз, матбуот эркинлашиши керак. Журналистнинг иши ҳукуматни мақташ ёки раҳбарга тинимсиз тасаннолар айтиш эмас. Мутасаддиларни, хоҳ давлат хоҳ нодавлат органларда бўлсин, хорижий ёки маҳаллий бизнес, саволга тутиш. Халқ ҳаётини ҳаққоний тарзда ёритиш. Ислоҳотлар қанчалик изчил эканини акс ҳолда қайдан биламиз?

9. Ўзбек журналистларини тажриба ортириш, қайта тайёрлаш, касб этикаси салоҳиятини оширишда хориж хусусан "Америка Овози" ва "Би-Би-Си"да амалиёт ўташ каби тажрибани йўлга қўйиш учун муаммо ва асосий тўсиқлар нималарда кўриняпти?

Имкон берилса, нафақат "Америка Овози" ёки "Би-Би-Си" балки бошқа хорижий ахборот воситалари жон деб Ўзбекистон журналистлари ва ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилади. Кўплаб ташкилотлар йиллаб давомида республикага киришни хоҳлаб келган. Маҳаллий мухбирлари судланган, қамалган, ҳайдалган. Шу боис ҳам қизиқиш қанчалик юқори бўлмасин, Ғарб ахборот воситалари шошмай ҳаракат қилмоқда. Хўш, ҳукуматнинг медиага нисбатан сиёсати қанчалик ўзгарди? Регистрация ва аттестация жараёни қандай? Кимга мурожаат қилиш керак? Бу жараённи бошлаш, тажрибадан маълумки, боши берк кўчага кириб қолиш билан баробар. Ҳозир қанчалик бошқача? Ҳукумат билан алоқа қилиш ҳамон амри маҳол. Ким нима учун масъул, билиш қийин. Расмий тартиб бор, дейишади, протоколни рўкач қилишади лекин уларнинг ўзлари шу протокол бўйича ишлашни билишмайди.

Дипломатларга ёзилган хатларга жавоб олмайсиз. Ҳамма муаммо охир-оқибат оддий нарсаларга бориб тақалади. Профессионал алоқа сирларини билмасликка.

Бу энди танганинг бир томони. Иккинчи томони эса бизнинг ташкилотларимизнинг қурби ва иродаси. "Америка Овози" тренинглар таклиф қилади. Уни турли давлатларнинг журналистик ташкилотлари билан ҳамкорликда олиб боради. Бу дегани менга ўхшаган журналистлар ўз ташкилотларимизни Ўзбекистон сингари жамиятлардаги ҳамкасблар билан алоқани кучайтириш, тажриба алмашиш ва уларга ёрдам бериш учун кўндира олиши керак. Ҳозир ҳаммамиз учун мана шундай синов даври. Ўзбекистонда шароит ижобий томонга ўзгаргани сари янги имкониятлар ҳам очилаверади.

10. Ислоҳотлар даврини бошидан кечираётган, музларнинг эриши кечаётган Ўзбекистонда коррупция ва порахўрликка қарши курашишнинг энг самарадор йўллари ҳақида нима дея оласиз? Бу борада амалга оширилиши керак бўлган қандай фикрларни ўртага ташлаган бўлар эдингиз?

Кучли ахборот воситалари ва кучли адлия тизими. Мустақил матбуот ва мустақил адлия. Таълимда гап кўп, албатта, лекин ислоҳотлар мана шу икки йўналишни янгилаши керак. Коррупциясиз жамият йўқ, аммо унга қарши кураш, дунё тажрибасидан маълумки, ўткир журналистика, ошкоралик ва қонун устуворлигини талаб қилади. Айнан шу муаммоларни ёритишни ўргатадиган, матбуотчилар малакасини оширадиган лойиҳалар бошлаш мумкин. Жиноят ва жазо борасида махсус дастурлар бериб боришни йўлга қўйиш мумкин. Бу борада Ўзбекистондаги ҳамкасблари билан ишлашга қизиқадиган мутахассислар бор. Боя айтганимдек, эшик очилса, улар боради.

11. AҚШнинг ҳозирги маъмурияти C5+1 форматидаги учрашувларга қандай қизиқиш билдирмоқда? Бу формат нафақат Aфғонистондаги, шунингдек Марказий Осиёдаги муаммоларни ечишда қай даражада самарали?

С5+1 диалоги Барак Обама президентлиги давридан қолган лойиҳа. Трамп маъмурияти уни йўққа чиқариши мумкин, деган тахминлар бор эди, лекин бундай бўлмади. Вашингтон дипломатик мулоқотга ишонади. Бу - мунтазам мулоқот учун платформа, деб ишонишади.
Мулоқот самара бериши учун эса давлатларнинг ўзи ҳаракат қилиши керак. Америка ўзини воситачи, деб кўради. Бу формат АҚШ учун Марказий Осиёнинг беш давлати билан бир доирада ўтириш, ўз манфаатлари ва позициясини тушунтириш имконияти.

Вашингтон регионал интеграция тарафдори, азалдан. Хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт нуқтаи назаридан якдиллик, савдо ва тижорат бобида яқинлик, барқарорлик юзасидан ҳамкорликни тарғиб қилади. Америкаликлар дейдики, улар регионга имкон қадар ёрдам беради, лекин зиддиятларни ва туб муаммоларни ҳал этиш уларнинг қўлида эмас.

Афғонистонда барқарорликка эришиш учун бу давлат шимолдаги қўшнилар билан яқинроқ бўлиши керак, иқтисоди ва турмуши ривожланиши учун улар билан ҳамкорлик зарур ва бу қўшнилар ҳам Афғонистон орқали Жанубий Осиё билан боғланади. Бу қараш Америка сиёсий доираларида олдиндан ҳукмрон. Лекин АҚШ ҳукуматидан бу борада сармоя кутманг. Сармояни Америка бизнеслари қилиши мумкин. Бунинг учун эса регионда шароит тузалиши керак. Хуллас, айланиб-айланиб, яна Марказий Осиёнинг ўзига ҳавола.

12. Ўзбекистон ичкарисидан туриб фаолият юритиш борасида "Америка Овози"нинг Ўзбек бўлими қандай ишларни амалга оширишни мақсад қилган?

"Америка Овози" 2005 йилгача Ўзбекистонда 15 га яқин ТВ марказлар билан ҳамкорлик қилган. ТВ дастурларимиз эфирга узатилган. Радио эшиттиришларимиз ҳаво мавжларида эди. Маҳаллий мухбирларимиз бор эди. 2010 йилда жамоатчи мухбиримиз Малик Мансур "жамоат хавфсизлигига таҳдид қолувчи маълумот тарқатганликда айбдор" деб топилиб, катта миқдорда жарима билан жазоланган. Шундан кейин ватанни тарк этишга мажбур бўлди. Ташкилотимиз мухбирни айбсиз, деб ҳисоблаган. Андижон воқеаларидан кейинги манзара кўпчиликка маълум.

Ташкилотимиз бугунги ўзгаришларга қараб, Ўзбекистонга бориб маълумот йиғиш, балки яна мухбирларга эга бўлиш имконияти пайдо бўлар деган умидда. Имкониятларни ўрганаяпмиз. Хорижий ахборот воситаларига нисбатан сиёсат қанчалик ўзгарганини аниқлашга ҳаракат қилаяпмиз. Сабр билан ёндашамиз. Бу орада эса материалларимиз маҳаллий матбуотда чиқиб турибди. Ўзбекистон Миллий Ахборот Агентлиги тарқатмоқда. Мамнунмиз. Журналистлар журналистларни тушунади, сифатли материалларни қадрлайди. Албатта, танлан-танлаб беришаяпти. Очилиш давом этади, деган умиддамиз. Танқид хавф эмас, аксинча масъулиятга етакловчи омил деб қараш вақти келди. Буни кўплаб ҳамкасбларимиз билади.

Биз ва "Озодлик" бир агентлик остидаги ташкилотлармиз. Бизни Америка Халқаро Телерадио Кенгаши (Broadcasting Board of Governors, BBG) бошқаради. Кенгаш - мустақил агентлик, яъни бирор бир вазирликка қарамайди. Молия бизга Конгресс томонидан ҳар йили ажратилади. Фаолиятимизни асослаб беришимиз керак. "Америка Овози" телерадиоси 1942 йилдан бери эфирда. 47 тилда ахборот узатади - ТВ, радио ва интернетда. Ташкилотнинг ўтган йилги бюджети 220 миллион долларни ташкил этган. Ҳафталик аудиториямиз дунё бўйлаб 240 миллионга яқин. Мухлисларимизнинг ишончини қозонганмиз ва уни сақлаш учун астойдил хизматдамиз. Бизнинг мустақиллигимиз қонунда ҳам, амалда ҳам таъминланган. АҚШ ҳукумати ишимизга аралашмайди. Биз уни танқид қилар эканмиз, мухлислар ҳатто қандай қилиб "Америка Овози" Америка ҳукуматини танқид қилади деб хайрон бўлишади. Ишимизга қараб баҳо бераверинг, деймиз. Зиммамизга улкан масъулият юкланган. Профессионал тамойилларимиз бор. Холис, ишончли маълумот беришимиз керак. Глобал мавзуларни ёритамиз, Америка ташқи сиёсатини таҳлил қиламиз ва бу мамлакат ҳаётини очиб берамиз.

"Америка Овози" Ўзбекистонни ичкаридан ёритмайди, нафақат шароит йўқлиги сабаб, балки миссиямиз ҳам бу эмас. Мақсад Ўзбекистонга дунёни олиб бориш. "Озодлик"нинг вазифаси эса ичкаридан туриб ҳаққоний ахборот бериш. Мустақил ахборот воситаларига эга бўлмаган жамиятларда ишлайдиган ташкилот у. Биламан, бизга кўп лаънатлар ёғилади. Лекин биз виждонсиз одамлар эмасмиз. Хоин ҳам эмасмиз. Мен учун "Америка Овози" эркин журналистик платформа. Ишимнинг таъсирига ишонаман. Ўзбекистон ва дунё ўзбекларига зарур информация берамиз.

13. Журналистлар ва бўлажак журналистларга қандай тавсиялар берасиз?

Журналистлар уни қилиши керак, буни қилиши керак, деб кўп гапираман. Ҳамкасбларга ақл ўргатаётганим йўқ. Камчилик ҳаммада бор. Ҳеч бир журналист ишим аъло, дея даъво қилолмайди. Лекин ҳаммамиз таъсиримиз ошсин, деймиз. Ишимиз самарали бўлсин, деймиз. Умид қиламанки, бир-биримизни тушунамиз. Бир-биримиздан ўрганамиз. Мен Ўзбекистон ахборот воситаларини тинимсиз кузатаман. Меҳнатингиз сезилади. Ишлаётганларга куч-қувват ва зафарлар тилайман. Асабни сақланг. Ўзингизни эҳтиёт қилинг. Бу соҳага кираётганларга эса матонат, сабр-қаноат ва кучли ирода тилайман. Бу соҳа, журналистика домлам айтганидек, сизни бой ҳам қилмайди, машҳур ҳам қилмайди. Лекин ахборотнинг қудрати чексиз. Уни тўплаш,текшириш ва тасдиқлаш, узатиш ва муҳокама қилиш бутун инсоният равнақи учун хизмат қилади.

14. Бугунги кунда Ўзбекистондаги расмий ОАВ "Америка Овози"ва "Би-Би-Си" янгиликларига таянган ҳолда ахборот тарқатмоқда. Яқинда сиз тайёрлаган янгиликлар УзАда тарқатилди. Узтелерадио компанияси сиз ва сиз орқали Америка Овози билан ҳамкорлик қилиш истагини билдиришдими?

Ҳозирча бу борада бирор янгилик йўқ. Лекин материалларимиз Ўзбекистон телаканалларига ва кенг оммага қизиқ эканини биламиз. Ўтмишда дастурларимиз эфирга узатилган. Ҳозирги янги каналлар ҳам, яшил чироқ ёнса, айрим лавҳа ва туркум кўрсатувларимизни олиши мумкин. Бу, албатта, биз учун ҳам катта синов бўлади. Ҳозирги ўзгаришлар шуниси билан янада ҳаяжонли ва қизиқ. Огоҳмиз ва ишдамиз.