Ўзбекистон Тожикистонга олиб борувчи илгари бузиб ташланган темир йўлни тикламоқда

09.02.2018 | Жаҳон | 3244

Ўзбекистон Тожикистонга олиб борувчи илгари бузиб ташланган темир йўлни тикламоқда, деб хабар берди ТожикТА агентлиги.

"Ўзбекистон томони Тожикистоннинг Хатлон вилояти йўналиши бўйича борувчи темир йўлларни тиклашга киришди. Мазкур ишлар яқин вақт ичида якунланиши режалаштирилган", — деди агентликка мамлакат ҳукуматидаги манба.Ушбу йўналиш бўйича поездлар март ойининг дастлабки ўн кунлигида ҳаракатлана бошлаши кутилмоқда: Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи ана шу даврга мўлжалланган.

Манбанинг айтишича, келгусида икки мамлакат пойтахтлари ўртасида йўловчилар учун темир йўл рейслари ташкил қилиш режалаштирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2011 йил ноябрда Ўзбекистон томони Амузанг-Ғалаба участкасидаги темир йўлларни олиб ташлаган.

Январь ойида Ўзбекистон ва Тожикистон вакиллари Ўзбекистон орқали Россияга темир йўл қатнови очиш имкониятини муҳокама қилганди. Гап Туркманистонни айланиб ўтувчи Душанбе-Пахтаобод-Бойсун-Қарши-Тошгузар темир йўл маршрути ҳақида бормоқда. Агар ушбу йўналиш очиладиган бўлса, юк ва йўловчи ташиш вақти ҳамда масофаси қисқаради.