Жанубий Кореяда Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ваколатхонаси очилади

10.02.2018 | Ўзбекистон | 2790

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги Жанубий Кореянинг Кванжу шаҳрида ваколатхонасини очади. Бу ҳақда агентликнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилинди.

Хабар қилинишича, 8 февраль куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Кореянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Квон Ён У билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири А.Хаитов, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги раҳбари Р.Ибрагимов, шунингдек вазирликнинг ХМТ билан ҳамкорлик ва халқаро алоқалар сектори мудири Б.Алимуҳамедов, Корея элчихонасининг биринчи котиби У Хи Чан, EPS маркази директори Сон Санг Жин иштирок этдилар.

Учрашувда Кореянинг Кванжу шаҳрида Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг ваколатхонасини очиш, Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари ва Корея Меҳнат ва бандлик вазирлиги ўртасида имзоланиши кутилаётган Ўзбекистон фуқароларини Кореяга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун бандликни ҳал этиш тизими орқали жўнатишга оид янги Меморандумни ишлаб чиқиш ва имзолашга оид масалалар муҳокама этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Кореянинг Кадрларни бошқариш вазирлиги ўртасидаги Меморандумни амалга оширишга оид ҳамда икки томонни қизиқтирган бошқа масалалар кўриб чиқилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида ҳукумат қарори асосида тақдим этилаётган "Далварзин" маиший хизмат кўрсатиш коллежи базасида Кореяда ишлашга рухсатнома олиш учун Ўзбекистон фуқароларига корейс тилини ўргатиш марказини очиш бўйича қарор қабул қилинганди.