Пахта етиштирадиган фермерларга кредитлар ажратилади

14.02.2018 | Ўзбекистон | 2610

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов республикада пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг замонавий шаклларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамасининг қарорини имзолади.

Ҳужжатга кўра, 2018 йил пахта хом ашёси ҳосили доирасида синаб кўришни ҳисобга олган ҳолда рўйхат бўйича ҳудудларда тўқимачилик саноати корхоналари ҳамда фермер хўжаликлари ўртасида пахта хом ашёсини етиштириш ва етказиб бериш юзасидан тўғридан-тўғри контрактация шартномасини тузиш асосида пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкил этилади.

Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчиларига лизинг асосида қишлоқ хўжалиги техникаси харид қилиш, минерал ўғитлар, уруғлик, ёқилғи-мойлаш материаллари, ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситалари ва бошқа материал ресурслар етказиб бериш бўйича фермер хўжаликлари учун назарда тутилган шартлар ҳамда тартиб татбиқ этилади;

пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши доирасида ўз эҳтиёжлари учун ишлаб чиқарилган пахта толаси ихтиёрий асосда сертификатланади;

ишлаб чиқарилган пахта толасининг ўз ишлаб чиқариш қувватлари эҳтиёжларидан ошадиган ҳажмлари пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчилари томонидан тўғридан-тўғри контрактлар ёки биржа савдолари орқали бошқа маҳаллий истеъмолчиларга сотилади;

пахтадан олинган чигит пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчиси томонидан маҳсулотни қайтариш асосида ёғ-мой корхоналарига, ёғ-мой маҳсулотини кейинчалик биржа савдолари орқали реализация қилиш шарти билан, қайта ишланган чигит чиқиндилари (шрот, шелуха) эса тўғридан-тўғри шартномалар бўйича биринчи навбатда, фермер хўжаликларига, шунингдек, бошқа маҳаллий истеъмолчиларга сотилади;

қўшимча маҳсулотлар (линт, ўлик пахта ва бошқалар) пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчиси томонидан маҳаллий истеъмолчиларга биржа савдолари орқали сотилади;

пахта хом ашёси нархи фермер хўжаликларининг рентабеллиги ҳисобга олиниб, шартнома асосида белгиланади ва давлат эҳтиёжлари учун белгиланган нархлардан паст бўлмаслиги лозим.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда ўн кун муддатда фермер хўжаликлари рўйхати белгиланади ҳамда уларга пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчилари билан контрактация шартномаларини тузишда амалий ёрдам кўрсатилади.

Бир ҳафта муддатда пахта хом ашёсини етиштириш ва етказиб бериш бўйича намунавий контрактация шартномаси ишлаб чиқилиб, тасдиқланади унда жумладан фермер хўжаликларининг ўз мажбуриятларини сўзсиз бажариши чоралари назарда тутилади.

Ўзбекистон Бош прокуратурасига шартномалар шартларининг сўзсиз бажарилиши, шунингдек, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши доирасида ерлардан самарали фойдаланилиши юзасидан қатъий назорат ўрнатиш топширилди.

Ҳужжатга мувофиқ, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчилари 2018 йил мобайнида пахта хом ашёсини етиштириш ва уларга етказиб беришни молиялаштириш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг давлат хариди ва қишлоқ хўжалигини техника билан жиҳозлашни мақсадли молиялаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тижорат банклари орқали кредитлар ажратади ва таъминот сифатида суғурта полиси тақдим этади.

Кредитлар Жамғарма маблағлари ҳисобидан йилига 3 фоиздан ортиқ бўлмаган фоиз ставкаси бўйича ва давлат буюртмаси доирасида пахта хом ашёси сотадиган фермер хўжаликларини молиялаштириш учун назарда тутилган шартлар асосида ажратилади.

Кредитлар миқдорлари пахта хом ашёсини етиштириш ва етказиб беришни молиялаштириш учун давлат буюртмаси доирасида пахта хом ашёси сотадиган фермер хўжаликлари учун амалдаги шартлар инобатга олинган ҳолда ҳисобланадиган ҳисоб-китоб эҳтиёжининг камида 60 фоизини ташкил қилади

Фермер хўжаликлари билан харид қилинадиган пахта хом ашёси қийматининг 90 фоиздан кам бўлмаган миқдори бўйича якуний ҳисоб-китоблар пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчилари томонидан 2018 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб декабрь ойигача, қолган қисми эса 2019 йилнинг 1 апрелигача амалга оширилади.

Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши учун пахта хом ашёси етиштириш мақсадида ажратиладиган маблағлар фермер хўжалигининг махсус ҳисобрақамига ўтказилади ва бу маблағлардан янги пахта хом ашёси ҳосили етиштириш учун фақат зарур товарлар (ишлар, хизматлар) харид қилиш учун фойдаланиш мумкин. Ушбу маблағлар ҳисобрақамлар эгаларининг янги ҳосилни етиштириш билан боғлиқ бўлмаган илгари юзага келган мажбуриятларини қоплашга йўналтирилиши мумкин эмас.

Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этадиган пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчилари ва фермер хўжаликлари оладиган ҳамда улар томонидан бериладиган, ўзлари ишлаб чиқарадиган маҳсулотларни сотиш бўйича оборотлар билан боғлиқ бўлмаган пул маблағлари ва мулк, шунингдек, соф даромад тақсимоти солиқ солинадиган объектлар ҳисобланмайди.