Ўзбекистонда совуқ даврлар тугаб, янгиланиш даври бошланмоқда - ОАВ

14.02.2018 | Жамият | 3693

Британиянинг Financial Times газетаси Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларга бағишланган махсус мақола эълон қилди, деб ёзади «Жаҳон» ахборот агентлиги.

Мақола муаллифи Найл Бакли Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатни ташқи дунё учун очишга қаратилган бир қатор дадил қадамларни ташлаганини таъкидлади. Улар орасида сиёсий маҳбусларнинг озод этилиши, аввалроқ сафар қилиш ва ишга жойлашишда тўсиқларга учраган минглаб кишиларнинг «қора рўйхат»дан чиқарилиши тилга олинади.

Давлат раҳбарининг витуал қабулхонаси, ОАВларнинг янада эркинлашуви алоҳида қайд этилди.

Иқтисодий соҳадаги ўзгаришларга тўхталар экан, журналист Ўзбекистон Президентининг бизнесни режадан ташқари текширишлар учун икки йиллик мораторий киритиш ташаббусини эсга олди. Стратегик аҳамиятга эга муҳим чора сифатида инвесторлар учун солиқ имтиёзларини тақдим этувчи махсус иқтисодий зоналарнинг яратилиши бўлгани айтилди.

2017 йилнинг сентябрида Ўзбекистонда валюта чекловлари бекор қилинди, бу миллий сўмнинг қадрсизланишига олиб келган бўлса-да, ташқи савдо ва инвестициялар учун сезиларли тўсиқларни бартараф қилди. «Умуман олганда, Ўзбекистонда, четл эллик мансабдорлардан бири тахмин этаётганидек, совуқ даврлар тугаб, янгиланиш даври бошланмоқда», — дейилади мақолада.

Британиялик журналист фикрича, Ўзбекистондаги ўзгаришлар катта кўламли натижаларга олиб келиши мумкин. Улар Ўзбекистон ташқи сиёсатига хос бўлган яккаликни заифлаштириб, уни Россия, Хитой ва АҚШ томонидан Евросиё юрагига таъсир қилиш учун олиб борилаётган «Янги катта ўйин»нинг муҳим ўйинчисига айлантириши мумкин.