Жанжал оқибатида йиқилиб вафот этган хотинини уйига кўмиб юборган эр қўлга олинди

15.02.2018 | Жамият | 3172

12 февраль куни Самарқанд вилоятининг Тайлоқ туманида туман ИИБ ходимлари мазкур тумандаги Гулобод қишлоғида яшовчи, 1968 йилда туғилган шахс билан суриштирув ишлари олиб боришди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабар бермоқда.

Хабарга кўра, суриштирув ишлари натижасида, у 2017 йил 25 август куни соат 22.00ларда 1973 йилда туғилган турмуш ўртоғи билан ўзаро жанжаллашганлиги аниқланган. Оқибатда аёл йиқилиб тан жароҳати олган ва эртаси куни соат 23.00ларда уйида вафот этган.

Шундан сўнг эр жиноятини яшириш мақсадида жасадни яшаш уйидаги таъмирланаётган хонага кўмиб юборганлиги, турмуш ўртоғини эса Россия Федерациясига ишлаш мақсадида чиқиб кетганлигини маълум қилганлиги аниқланган.

Айни пайтда у қўлга олинган.