Мактабгача таълим тизими ислоҳ қилинади — Президент

15.02.2018 | Илм-фан | 2616

14 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш бўйича  кўрилаётган  чора-тадбирлар натижадорлиги таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда жойлардаги мактабгача таълим муассасаларининг аҳволи, соҳадаги ишларни жадаллаштириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев бу тизимни чуқур таҳлил қилиб, шу пайтгача назардан четда бўлган энг кичик жиҳатларигача эътибор қаратди ва танқид қилди:

Андижон вилоятидаги 87 та маҳаллада биронта ҳам болалар боғчаси йўқ;

84 та боғча филиалини мустақил муассасага айлантириш ёки давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат боғчаларини ташкил этиш бўйича туман ҳокимликлари томонидан аниқ чоралар белгиланмаган;

вилоятда мавжуд 451 та мактабгача таълим муассасасидан 200 тасида озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш учун махсус омбор йўқ, совуткич, шкаф ва стол-стуллар етишмайди;

ҳанузгача 123 та боғчага ичимлик суви ташиб келтирилади;

134 тасида мусиқа хоналари жиҳозланмаган;

420 тасида кичик кутубхоналар ташкил этилмаган.

Шундай камчиликлар Наманган, Самарқанд, Фарғона ва Жиззах вилоятларида ҳам кузатилган.

ТАЪМИРЛАШДАГИ КАМЧИЛИКЛАР

Йиғилишда янги қуриладиган ва реконструкция қилинадиган боғчаларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини сифатсиз тайёрлаш, қурилиш ва таъмирлаш ишларини охирига етказмаслик, баъзиларини таъмирламасдан қолдириб кетиш ҳолатлари кўп учраётгани танқид остига олинди.

Масалан, ўтган йили Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги 14-боғчада қурилиш-таъмирлаш ишлари сифатсиз бажарилган, муҳандислик тармоқларига тўлиқ уланмаган, жиҳозлар тўлиқ етказиб берилмаган. Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманидаги 3-, Нишон туманидаги 20-, Косон туманидаги 32-боғчада таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилмаган. Бухоро шаҳридаги 3-, Бухоро туманидаги 19-, Ромитан туманидаги 11-, Қоракўл туманидаги 7-боғчаларда пардозлаш ишлари сифатсиз бажарилган, жиҳозларнинг 50 фоизи етказиб берилмаган. Кўплаб лойиҳаларда назарда тутилмагани сабабли боғчалар ҳудудини ободонлаштириш, атрофини ўраш, ташқи коммуникация тармоқларига улаш ишлари бажарилмай қолмоқда.

Бу каби камчиликларни бартараф этиш учун ҳокимликлар, Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасига тегишли топшириқлар берилди.

НОДАВЛАТ БОҒЧАЛАР ТАРМОҒИНИ КЕНГАЙТИРИШ

Навбатдаги муҳим масала, деди Шавкат Мирзиёев, давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат боғчалар тармоғини кенгайтиришдир. Ҳудудларга бириктирилган тижорат банклари ва тадбиркорлар томонидан 2018 йилда жами 222 минг нафар болага мўлжалланган 3 мингдан зиёд нодавлат болалар боғчасини ташкил этиш режалаштирилган. Шундан 1 минг 200 таси янги қуриладиган бинода, 1 минг 360 таси мавжуд биноларда ва 470 таси уй боғчаси сифатида ташкил этилади.

Хусусий боғча учун яхши жойдан ер, бино ва имтиёзли кредит олиб, қурилган ёки таъмирланган бинодан 1-2 йилдан кейин бошқа мақсадда фойдаланаман, деган “хомхаёл” билан юрган “қўштирноқ ичидаги тадбиркорлар” ҳам бор, деди Президентимиз. Шу сабабли ҳокимликлар хусусий боғчалар учун ер ва бино ажратиш, банклар эса кредит бериш тўғрисидаги ўз қарорларида бундай бинолардан камида 15-20 йил давомида боғча сифатида фойдаланиш зарурлиги тўғрисидаги шартларни назарда тутиши керак.

Давлат-хусусий шериклик асосида хусусий боғчалар ташкил этиш бўйича ҳам қатор вазифалар белгиланди.

КРЕДИТЛАР АЖРАТИШ

Молия вазирлигига Нодавлат мактабгача таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармасини тузиш, Жамғарма маблағларини нодавлат болалар боғчалари учун бино ва иншоотларни харид қилиш, янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларига имтиёзли ставкада кредит ажратишга йўналтириш топширилди.

Мактабгача таълим вазирлигига давлат-хусусий шериклик асосида боғчаларни ташкил этиш моделлари, давлат ва хусусий шерикнинг хуқуқлари ва мажбуриятлари, боғчаларни малакали кадрлар билан таъминлаш бўйича низом лойиҳасини ишлаб чиқишни тезлаштириш вазифаси қўйилди.

Ҳокимликлар ва банкларга 2018 йилда ташкил этиладиган 3 мингдан зиёд хусусий боғчанинг ҳар бири бўйича ер, бино ва кредит ажратиш, боғчаларни ишга тушириш муддатлари аниқ белгиланган жадвалларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлатиш юзасидан кўрсатма берилди.

ТЎҒРИ ВА СИФАТЛИ ОВҚАТЛАНТИРИШ

Ҳал этишимиз зарур бўлган яна бир муҳим муаммо, деди давлатимиз раҳбари, боғчаларда болаларни белгиланган меъёрлар асосида тўғри ва сифатли овқатлантиришни ташкил этишдир.

Афсуски, болаларга сут маҳсулотлари ва мева тасдиқланган нормадан кам миқдорда берилмоқда, балиқ маҳсулотлари эса деярли берилмаяпти.

Йиғилишда бу борада берилган топшириқларга мувофиқ, болаларни сифатли овқатлантириш, кўрпа, ёстиқ ва чойшабларини белгиланган муддатларда алмаштириш, дори-дармон ва ювиш воситалари учун ажратиладиган маблағлар миқдори етарли экани аниқ ҳисоб-китоб қилинади.

Мактабгача таълим вазирлиги ва унинг жойлардаги бўлинмалари раҳбарлари боғчаларда болаларнинг белгиланган меъёрлар асосида соғлом ва тўғри овқатланишини ташкил этишга шахсан масъул бўлади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги боғчаларда таомларни тайёрлаш, озиқ-овқат маҳсулотларини қабул қилиш ва сақлашда санитария нормалари ва гигиена қоидаларига қатъий риоя этилишини назорат қилади.

ТАРБИЯЧИЛАР САВИЯСИ

Йиғилишда мактабгача таълим муассасалари тарбиячиларининг савияси, билими ва кўникмалари масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Тизимда фаолият юритаётган қарийб 60 минг тарбиячининг атиги 21 фоизи олий маълумотли, 79 фоизи эса ўрта махсус маълумотга эга экани қайд этилди.

Болалар тарбияси жараёнига ўз ишини пухта биладиган, малакали ва ҳар бир болага индивидуал ёндаша оладиган педагог-кадрларни жалб қилган ҳолда, уларни гўдаклигидан онги ва тафаккурини тўғри шакллантириб бормасак, келажакда юксак савия, билим ва маънавиятга эга бўлган баркамол авлодни тарбиялаш қийин бўлади, деди Шавкат Мирзиёев.

Маълумот учун:

2018 йил учун тасдиқланган Инвестиция лойиҳалари рўйхатига мувофиқ, 771 миллиард сўм бюджет маблағлари ҳисобидан 60 та боғча янгидан қурилади, 295 таси реконструкция қилинади ва 176 таси мукаммал таъмирланади.