Урганчда Ўзбекистондаги энг катта масжидлардан бири қурилиши якунига етмоқда

17.02.2018 | Ўзбекистон | 2644

Урганчда Ўзбекистоннинг энг йирик масжидларидан бирига айланадиган "Охун бобо" масжиди қурилиши ниҳоясига етмоқда.

Масжид президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қурилмоқда. Давлат раҳбари ўтган йили Урганчга ташрифи чоғида Ўзбекистондаги энг йирик масжидлардан бири қурилишига тамал тошини қўйганди.

"Айни пайтда масжид қурилиши деярли якунига етди. Ҳудуди 3,5 гектар майдонда 3,5 минг кишига мўлжалланган ёзги айвонлар, қабулхона, автотураргоҳ барпо этилди. Масжид ёнида баландлиги 45 метрли минора қад ростлайди. Бетакрор архитектурага эга ушбу иншоот мамлакатдаги энг катта масжидлардан бири бўлади", — дея қайд этишди Ўзбекистон мусулмонлари идорасида.

Қурилишга 10 миллиард сўмга яқин ҳомийлик ва хайрия маблағлари сарфланмоқда. Масжид Рамазон ойининг биринчи кунида очилиши кутилмоқда.