"Севги изтироблари" сериалининг диск савдоси авж оладими?

18.02.2018 | Блог | 3218

Zo'r TV телеканали орқали намойиш этилаётган турк ижодкорлари томонидан ишлаб чиқилган "Севги изтироби" сериали тўхтатилди.

Ушбу сериал қаҳрамонларига овоз берган актёрлардан бири Алишер Узоқов Instagram'даги ўз саҳифасида сериал намойиши телеканалдан олиб ташланаётганига ишора берган.

Ўтган йилнинг сентябр ойидан бошлаб Zo'r TV экранларида қўйиб келинаётган сериал жамоатчилик вакилларининг кескин танқид ва муҳокамаларига сабаб бўлган.

Айрим интернет нашрлари ўз манбаларига таяниб ушбу танқидларга Бош вазир Абдулла Арипов ҳам қўшилганини айтган. Бироқ ушбу хабарлар қанчалик асосли эканлиги борасида ҳозирча анқи маълумот йўқ.

Томошабинларнинг ёзишича, 16 феврал куни эфирга узатилган сериал сўнггида "биринчи фасл" тугади деган ёзув чиққан.

Ижтимоий тармоқларда фикр қолдирганлар энди ушбу сериални интернетдан юклаб олиб кўришини маълум қилган. Айримлар бундан сўнг "Севги изтироби" сериали туширилган дисклар "ўтмишдошлари" каби савдоси авж олиши мумкинлигини таҳмин қилишмоқда.