Дунёда ҳар олти боладан бири уруш ҳудудида яшамоқда 

19.02.2018 | Таҳлил | 2295

Айни пайт дунё 357 миллион бола қуролли низолар кечаётган ҳудудларда яшамоқда. Save the Children гуманитар ташкилотининг маълум қилишича, бу 1990-йиллардагидан 75 фоизга кўпдир.  

Бу болаларнинг қарийб ярми – 165 миллиони йирик низолар ҳудудида яшайди, уларнинг мактаблар ва тиббиёт муассасаларига бориш имконияти йўқ. “Уруш болаларга қарши” деб номланган ҳисоботда болалар учун энг хавфли мамлакатлар сифатида Сурия, Афғонистон, Сомали, Нигерия, Жанубий Судан, Судан, Конго Демократик Республикаси, Марказий Африка Республикаси, Яман ва Ироқ тилга олинган.  

2010 йилдан бери дунё бўйича ўлдирилган ва яраланган болалар сони қарийб уч баравар ортган. Болалар кўпинча аҳоли пунктларида портловчи моддалар ишлатилиши ҳамда қуролли низолар сонининг ортиши ва уларнинг чўзилиб кетиши туфайли ҳалок бўлмоқда.