Наманган шаҳрида Наврўз байрами тантаналари доирасида 20-21 март кунлари илк бор ташкил этиладиган "Сумалак сайли" туризм ва миллий қадриятлар фестивали давомида 5 тонналик қозонда сумалак тайёрланади.
Хабарда айтилишича, бунча миқдордаги сумалакни тайёрлаш учун 2 тонна буғдой ивитилади. Буғдойдан ташқари, 2 тонна ун, 1 тонна ёғ, 450 кг зоғора уни, 50 кг новвот ишлатилади. Сумалакни тайёрлаш учун 25 нафар онахон – сумалак усталари жалб этилади.
Тайёрланган сумалак барча ташриф буюрган меҳмонларга тортиқ қилиш билан бирга, қариялар ва меҳрибонлик уйларига, маҳаллалардаги кам таъминланган оилаларга тарқатилади.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йил 8 сентябр куни Тошкентда "Ўзбегим" фестивали доирасида 7360 кило палов тайёрланган ва Гиннеснинг рекордлар китобига киритилганди.