Қўқон. Кар-соқовлар мактабида ҳам соғломлар мактабидаги каби шароит бўладими?

22.02.2018 | Ўзбекистон | 2440

Ўтган йилнинг декабр ойида Қўқон шаҳридаги кар-соқовлар мактаби ўқувчиларининг бир гуруҳ ота-оналари сайтимизга дардини тўкди. Уларнинг айтишича, мактабда ўқиш учун шарт-шароит яхши эмас, жумладан,

  • мактаб совуқ, синфхоналар иситилмайди;
  • мактаб биноси яхши таъмирланмаган;
  • болалар фойдаланадиган ҳожатхона анча узоқда, аниқроғи бошқа мактабнинг ҳожатхонасидан фойдаланади;
  • маҳаллий болалар мактаб ўқувчиларига зўравонлик қилмоқда.

Ушбу муаммони ёритиш учун мактабга боришга қарор қилган вақтимизда яна бир хабар келди: мактаб ўқувчилари шароити яхшироқ жойга кўчирилмоқда, эски бино эса таъмирланади ва иситиш тизими тузатилади. Хурсанд бўлдик, муаммони ОАВга олиб чиқмасданоқ ҳал бўлгани қандай яхши.

...Аммо феврал ойида ота-оналар яна эшигимизни тақиллатишди. Ваъдага кўра мактабнинг эски биноси таъмирлангани йўқ, иситиш тизими ҳам шундоқлигича ётибди. Қизиғи шундаки, болалар март ойидан яна ўша бинога кўчар экан.

Шундан кейин мактабни топиб бордик. У Қўқон шаҳридаги “Сервис ва тадбиркорлик коллежи”нинг биноларидан бирида вақтинча жойлашган экан. Ота-оналар болалари ўқишни тугатишларини коридорда кутиб туришарди. Уларнинг орасида ҳар куни боласини 20-30 кмдан олиб келадиганлар ҳам бор. Улар юқоридаги маълумотларни тасдиқлашди. 71 нафар бошланғич ўқувчи таълим олувчи мазкур мактаб бундан бир неча йиллар олдин шаҳардаги 18-мактаб биноси ичида бўлган. Сўнгра 23-мактабга кўчган. Ниҳоят саргардонлар тўрт йил аввал 9-мактаб биносида қўним топган. Аниқроғини айтсак, кар-соқов болалар учун бир муқим жой ажратилмаган.

Ота-оналарни анча гапга солдик.

- Олдинги мактаб биноси (9-мактаб ичидаги) яхши иситилмасди, котёл бор, аммо иссиғи етмайди. Ногирон болаларимиз палто-телпакда ўтиришади. Ремонт қиламиз, деб буёққа кўчиришди, бу ерда нисбатан шароит бор, шунисигаям раҳмат. Лекин кейинги ой яна эски жойларингга кўчасизлар, дейишяпти. Ҳали ремонт бошланганиям йўқ, - деди уларнинг бири.

- 9-мактабда худди бир сиғиндидай турамиз, свет ҳам етарли бермайди. Болаларимиз учун алоҳида ҳожатхона ҳам қурилгани йўқ. Ҳожатхонага фалонча юз метр босиб боради. Мезбон мактаб болалари бизникиларга дўқ қиларкан. Бизни болалар гап қайтаролмаса, нима қилсин, - дея шикоят қилди яна бири.

Бу мактаб Марғилон кар-соқовлар мактабининг филиали ҳисобланади. Шунинг учун Марғилондаги директор М. Ҳусанов билан боғландик, мактабнинг ҳолати ҳақида бир қанча саволлар бердик. М. Ҳусановнинг айтишича, бу масалада мурожаат қилинмаган жой қолмади. “9-мактабдан жой олгунимизгача ҳам неча йил ўтди. Ҳоким 2015 йилда қарор чиқарди. 2 йилдан бери жорий таъмирга арзимаган пуллар ажратиляпти. Ўтган йили 30 млн пул қўйилди”, деди у. Шунингдек, яқин кунларда яна хат билан чиққани, кўпроқ маблағ ажратилишини сўрагани, смета тасдиқланса, бу пулга электр ва бошқа тизимлари созланиши, таъмирлаш ишлари ҳам бажарилишини қўшимча қилди. Бундан ташқари ўзини таништирмаган бир ҳомий бу мактаб ўқувчиларига алоҳида ҳожатхона ва мактаб ҳудудини ажратувчи девор қуриб беришга ваъда қилганини ҳам айтди. Бу йили долзарб муаммоларнинг кўп ҳал бўлар экан. Молия бошқармаси, халқ таълими бошқармаси, вилоят ҳокимлиги ва ҳомийлар ёрдами ҳам эслаб ўтилди.

Бироқ юқорига ёза-ёза ҳафсаласи пир бўлаёзган ота-оналар қўлимизга бир нечта шикояту аризалар нусхасини тутқазди. 2014 йилдан бери юқорига йўлланган хатлар мазмунидан ота-оналарнинг қўйни анча-мунча пуч ёнғоққа тўлдирилгани маълум бўлди. Мутасаддилар бунинг ўрнига ҳақиқий пуч ёнғоқдан бир самосвал жўнатишганда эди, қишда печкага ёқиб болаларни иситиш имкони юзага келарди.

Биласизми, инсон ота бўлишидан олдин Яратгандан нимани тилайди? “Болам тўрт мучаси соғлом туғилсин”, дейди. Негаки, бу аёвсиз ҳаётнинг синовлари кўп, тўрт мучаси соғларнинг ҳам силласини қуритадиган... Ногиронни қўллашга эса ҳар бир соғлом киши бурчлидир.

Биз Фарғона вилояти Молия бошқармаси, халқ таълими бошқармаси ва асосийси, вилоят ҳокимлигидан умид қиламизки, бу болакайларга ҳам соғломларга яратилган каби шарт-шароит яратишади. Гарчи оғиз очиб аҳволидан шикоят қила олмаса-да, улар ҳам шу юртда бекаму кўст таълим олишга ва қулай шароитдан баҳра олишга ҳақли, ахир.

Ҳозир болалар қишлоқ хўжалиги техникасини ўрганишга мослаштирилган хонада ўқияпти

Таъмирлашга ваъда берилган, аммо иш бошланмаган.

Шукуржон Исломов