"Ўзбектелеком": йил охирига бориб интернет ўн баравар тез ишлайдиган бўлади

22.02.2018 | Технологиялар | 2818

Ўзбекистонда интернет тезлиги йил охирига қадар аввал айтилганидек тўрт эмас, ўн бараварга ошади, деб хабар берди Sputnik нашри.

"Ўзбектелеком" АКнинг маркетинг ва савдо бўйича директори Евгений Вишневскийнинг айтишича, компания бу борада фаол иш олиб бормоқда.

"Ўзбектелеком" интернет тезлигини ошириш борасида қўшни ва бошқа давлатларнинг турли алоқа операторлари билан кўплаб келишувларга эришди. Биз улар тақдим этадиган каналларни кенгайтиришни режалаштирганмиз. Бундан ташқари, асосий каналлар тезлиги пасайганида фойдаланиш учун захира каналлар ташкил этилади", – деди Вишневский.

Хусусан, "Ростелеком" билан яқинда ўтказилган музокараларда интернет-каналларни кенгайтириш масаласи муҳокама қилинди.

"Ўзбектелеком" Россиянинг ушбу оператори билан кўп йиллардан буён ҳамкорлик қилиб келади.

"Биз йил охирига қадар интернет-канални президент айтганидек тўрт эмас, ўн бараварга оширишни таъминлашни режалаштирганмиз", – деди суҳбатдош.

Унинг айтишича, шу билан бирга тармоққа уланиш нархлари ҳам пасаяди. Аммо истеъмолчи учун қандай вазият пайдо бўлиши провайдер ва операторларга боғлиқ бўлади.

"Гап "Ўзбектелеком" нархларининг операторлар учун пасайиши ҳақида бормоқда. Истеъмолчилар учун интернет нархини эса ҳар бир провайдер ўзи белгилайди. Кимдир нархни пасайтириши, кимдир қўшимча тезлик ёки қўшимча трафик тақдим этиши мумкин", – деди Вишневский.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантириш ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича ўтказилган йиғилишда интернет нархини кескин арзонлаштириш, тезлигини камида 4 баробарга ошириш, 2020 йилгача эса МДҲ давлатлари даражасига етказиш чора-тадбирларини кўриш бўйича топшириқ берганди.

Ҳозирда МДҲ давлатларида интернетга уланишнинг ўртача тезлиги Ўзбекистондагига нисбатан ўн баравар юқори.

Ўзбекистон Қозоғистон ва Россия орқали келувчи шимолий-интернет каналдан фойдаланади. Ахборот технологияларини ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги жанубий йўналиш – Туркманистон, Эрон, Қирғизистон, Хитой орқали интернет каналга уланиш масаласини кўриб чиқмоқда.