Меҳнат миграцияси агентлиги 3500 нафардан ортиқ кишини Жанубий Корея ва Японияга ишлаш учун жўнатди

24.02.2018 | Иқтисод | 2532

2017 йилда Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан 3500 нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари ташкилий равишда ишлаш учун хорижга жўнатилди. Бу ҳақда 23 февраль куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Жумладан, 2613 нафар Ўзбекистон фуқароси Жанубий Кореяда ишлашга юборилган бўлса, 2710 нафар номзод корейс тили бўйича тест синовларини топширди. Ўзбекистон ва Россия ўртасида 2017 йил 5 апрель куни Москвада имзоланган келишувга мувофиқ эса 922 нафар меҳнат мигранти Россияга жўнатилди. Яна 17 нафар ўзбекистонлик Японияда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун юборилди.

Матбуот анжумани жараёнида бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Зокир Умаровнинг маълум қилишича, 2018 йилда фақатгина Россияга 50 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқаросини ташкилий равишда юбориш режалаштирилмоқда.