Канададан юрист Раҳмат Собиров: Канаданинг эшиклари ҳаммага очиқ! Аммо бу эшикдан киришга тайёрмисиз?

25.02.2018 | Жамият | 4990

Sof.uz сайтининг навбатдаги суҳбатдоши Канадада кўп йиллардан бери юрист сифатида фаолият юритувчи, Sobirovs Law юридик фирмасининг раҳбари ўзбекистонлик Раҳмат Собировдир. Раҳмат Собиров билан суҳбатимиз йўналиши ҳозир долзарб бўлган меҳнат муҳожирлиги, Канадада иш, ўқишга жойлашиш ва иш ҳақи ҳамда туризмни ривожлантириш каби мавзуларда бўлди.

Муҳим эслатма: Ушбу суҳбатда билдирилган фикр ва тавсиялар юридик хулоса сифатида қабул қилинмаслиги кераклиги таъкидлаб ўтишимиз лозим. Ҳуқуқий маслаҳат ёки ҳуқуқий юридик хулоса учун Sobirovs Law юридик фирмасига [email protected] адресига мактуб жўнатишингиз мумкин.

Суҳбатдошимиз ҳақида қисқа маълумот:

Раҳмат Собиров (Rakhmad Sobirov) - Жаҳон Иқтисодиёти ва Дипломатия Университетининг Халқаро ҳуқуқ факултетини 2003 йилда битириб, Венгриянинг Будапешт шаҳридаги Марказий Европа Университетида (Central European University) Қиёсий конституциявий ҳуқуқ (LL.M. Comparative Constitutional Law) йўналиши бўйича магистратурани битирган. Бир неча халқаро ташкилотларда, хусусан, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Котибиятида (Вена, Австрия) ва Халқаро Жиноий Судда (Гаага, Голландия) амалий тажриба орттириб, Канаданинг Оттава Университетининг ҳуқуқ факултетини 2011 йилда тугатган ва Juris Doctor in Common Law унвонини олган.

Канаданинг Онтарио вилоятида адвокатлик лицензиясини олгандан сўнг Bombardier Aerospace самолётсозлик компаниясида фуқаро самолётларини сотиш, лизингга бериш ва молиялаштириш (aircraft financing) соҳасидаги халқаро шартномалар ва музокараларни олиб бориш бўйича ҳуқуқшунос бўлиб ишлади. Лондондаги Bird & Bird LLP халқаро юридик фирмасида авиация соҳасида юрист сифати ишлагандан сўнг, Канадага қайтиб келиб, ҳозирги кунда Sobirovs Law (www.sobirovs.com) юридик фирмасини бошқариб келмоқда. Қизиқишлари орасига авиация ва самолётсозлик, хорижий тилларни ўрганиш ва саёҳат қилиш киради. Она тили бўлмиш ўзбек тили билан бирга кундалик ва иш ҳаётида рус, турк ва француз тилларидан ҳам фойдаланади.

1. Sobirovs Law юридик фирмаси ҳақида қисқача маълумот берсангиз.

Sobirovs Law юридик фирмаси 2012 йили Торонто шаҳрида ташкил этилган бўлиб, Канада аҳолисига ва Канадага келмоқчи бўлган ёки Канада билан тижорий алоқалар қилмоқчи бўлган инсонларга ва компанияларга хизмат кўрсатади.

Фирмамизнинг асосчилари – оилам Феруза Джамалова ва мен – Ўзбекистонда, Европада ва Канадада ҳуқуқий таълим олган ва Канаданинг Онтарио вилоятида адвокатлик лицензиясини олган адвокатлардир.

Ундан ташқари фирмамизда Канада Чегара Ҳизматлари Агентлигига ишлаган ёш адвокатимиз ҳамда Германия ва Озарбайжонда таълим олган 2та стажёр адвокатлар ҳам ишлашади. Жами 8та тилда бемалол гаплаша оладиган тажрибали бир жамоаси бўлган юридик фирмамиз. Аҳолига холис ва очиқ юридик маслаҳат бериш бу энг асосий мақсадимиздир.

Фирмамизнинг асосий фаолиятларидан бири бу иммиграция ҳуқуқи (immigration law). Канадага вақтинча ёки доимий яшаш учун келмоқчи бўлган жисмоний шахсларга ва Канада бозорига кирмоқчи бўлган юридик шахсларга, ишбилармонларга ва компанияларга стратегик юридик ёрдам кўрсатамиз.

Фаолиятимизнинг яна бир соҳаси бу тижорат ва бизнес ҳуқуқи (commercial & business law). Юридик шахсларга Канада бозорига кириш учун барча юридик хизматларни кўрсатамиз. Масалан, Канадада янги корхона очиш, филиал очиш, импорт-экспорт масалалари ва шунга ўхшаш хизматлар тақдим этилади. Айни пайтда Бомбардье Фуқаро Самолётлари (Bombardier Commercial Aircraft) компаниясига тижорий шартномалар бўйича мустақил консультант сифатида ёрдам берамиз.

Юридик фирмамиз ҳақида тўлиқроқ маълумотни www.sobirovs.com Интернет саҳифасидан олишингиз мумкин.

2. Ўзбекистонда офисингиз ёки ваколатхонангизни очиш режангизда борми?

Бугунги кунда фирмамизнинг Ўзбекистондан мижозлари жуда кам. Аксарият мижозларимиз Канадага келган ва бу ерда қонуний йўллар орқали қолмоқчи бўлган инсонлардир. Канаданинг ташқарисидан эса Европадан, Бирлашган Араб Амирлигидан, Туркиядан, Россиядан ва Хитойдан кўплаб инсонлар бизга мурожаат қилишади. Ўзбекистондан эса асосан ишлаш учун келмоқчи бўлганлар кўп.

Ҳозирчалик Ўзбекистондан мактаб ва университет ёшидаги инсонларга Канада таълим системасига йўл очиш ва Канада ва Ўзбекистондаги ишбилармонлар орасида бир кўприк бўлишга оид лойиҳалар устида ишлаяпмиз. Яқин келажакда бу лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берамиз. Режалаштирган лойиҳаларимиз амалга ошса, Ўзбекистонда ҳам бир офис очиш эҳтимолдан ҳоли эмас.

3. Канадага қисқа муддатга, масалан, олти ойга ўқиш ё ишлаш учун бориш мумкинми?

Бу саволни икки қисмга бўлиб жавоб бераман.

Канадага қисқа муддатга келиш мумкин. Турист визаси олиб 6 ойдан ошмайдиган ўқув курсларига келса бўлади. Бунга бир мисол – инглиз тилини ўрганиш курсларидир. Агар бундай ўқув курсига келсангиз, махсус ўқиш рухсати (study permit) олмасдан ҳам келсангиз бўлади. Ўқув курси 6 ойдан кўпроқ бўлса, унда ўқиш рухсатини олишингиз керак бўлади.

Қисқа муддатли ишга келиш масаласи бошқача ва бироз мураккаброқ. Мураккаблиги шундаки, қисқа муддат учун иш рухсати (work permit) керак бўлади.

Саволингизга қисқа жавоб берадиган бўлсам, ҳа қисқа ёки узоқ муддатга ишлашга келишингиз мумкин. Энг асосийси, сизга иш берувчи Канададаги корхона сизни ким сифатида Канадага олиб келмоқчи ва қонунчиликда кўрсатилган барча талабларни бажариб, сизни Канадага ишга таклиф қилишидир. Иш рухсатлари турли хил бўлгани учун иш берувчи ва ишчи канадалик иммиграция бўйича адвокат хизматидан фойдаланса яхши бўлади. Адвокат ўз навбатида иш берувчи, ишчи ва ўртада турган иш топиш бўйича агентликнинг бир-бирига бўлган ҳуқуқий муносабатни таҳлил қилиб, бир ҳуқуқий ечим таклиф қилади.

Ишчи бўлмоқчи бўлганлар 2та нарсани ҳеч эсдан чиқармаслиги керак:

  1. Канадага ишга келиш Россия ёки бошқа қўшни давлатларга ишга боришдан жуда фарқ қилади.
  2. Канадага ишга келиш учун инглиз тили ёки француз тилини яхши билиш керак, чунки дунёнинг барча давлатларидан Канадага ишчи келади. У ишчилар эса инглиз ёки француз (баъзида эса икковини ҳам) тилини яхши билишади.

Sobirovs Law юридик фирмасининг бу масалада тажрибаси кўп. Асосий тажрибамиз, Канадага қисқа муддатли шартнома асосида IT мутахассисларига иш рухсати олиш билан боғлиқ. Канаданинг катта корхоналари чет элдан маълум бир проект учун 2-3 ойга кучли мутахассисларни чет элдан олиб келишади. Шу масалада биз кўп ёрдам берганмиз.

Бундан ташқари кўплаб тадбиркорлар ва компанияларга Канадада ўз филиалларини очишга ва Канада бозорига киришга ёрдам берганмиз. Бир тадбиркор ёки компания ўз филиалини Канадада очса, чет элдаги корхонасидан инсонларини Канадага янги очилган филиалда ишлашга жўнатиши мумкин.

4. Ҳозир меҳнат муҳожирлиги дунё бўйлаб тарқалган чоғда, албатта, ҳаммани маош масаласи қизиқтириши табиий. Канадада кундалик харажатлардан (тураржой, озиқ-овқат) орттириб бир йилда қанча жамғариш мумкин?

Жуда ўринли савол. Ахир, ўз оиласи ва ватанини ташлаб узоқларга ишга борсаю, бундай ишдан бирор фойда кўрмаса, бу ишдан бир наф бўлмайди.

Канада 10та вилоят ва 2та территориядан ташкил топган федерал давлат бўлиб, ҳудуди бўйича дунёда Россиядан кейин 2-ўринда туради. Ойлик масалаларини ҳар бир вилоят ўзининг шарт шароитларидан келиб чиққан ҳолда ҳал этади. Яъни оддий қилиб айтсак, ҳар бир вилоятда харажатлар ва даромадлар ҳар хил бўлиши табиийдир.

Мисол сифатида аҳолиси энг катта бўлган Онтарио вилоятини олайлик. Бу ерда яқинда чиққан қонунга мувофиқ энг кам иш ҳақи соатига $14 Канада долларидир. Тахминан бир иш ҳафтаси 40 соат бўлса, унда ҳафтасига камида $560 бўлишини тахмин қилиш мумкин. Албатта, бундан давлат солиқ олади. Бу минимум даромад мисоли деб қабул қилсангиз бўлади. Кўпинча бундай минимум ойликка талабалар ва тажрибасиз ишчилар ишлайди. Мутахассислигингизга қараб соатлик даромадингиз юқорига қараб ўзгариши мумкин.

Ойликдан ташқари иш берувчи ўз ишчиларига тиббий суғурта, бонус ойликлар ва тўланган дам олиш кунлари беради. Бу фақатгина қонуний йўл билан ишловчиларга берилади.

Нелегал ва ноқонуний йўл билан ишловчиларнинг ойликлари ҳақида маълумотимиз йўқ. Лекин тахминимиз шуки, ноқонуний ишларда ойлик камроқ бўлади ҳамда ижтимоий ҳимоя ва суғурталар берилмайди.

Бир кишига яшаш харажати ўша кишининг яшаш тарзига боғлиқдир. Лекин талабаларни мисол қилиб қарасак, талаба бўлиб Канадага келмоқчи бўлган инсон ойига $1000 Канада доллари яшаш харажати бўлиши кутилади. Худди шундай бир ишчи ҳам шунча харажат қилишини ҳисобласа нотўғри бўлмайди.

Бир йилда қанча пул тўплаш мумкин деган саволга, тахминий ҳисоблаб йил бўйича ҳафтасига 40 соат ишлаган одам, агар кутилмаган харажатлар бўлмаса, менимча, камида 15 минг Канада доллари тўплаши қийин бўлмайди. Албатта, бу фақатгина тахмин ва инсоннинг ўзига кўп нарса боғлиқдир.

5. Биласизми, сиз билан суҳбатга тайёргарлик жараёнида ўқувчиларимиз иш топиш, суҳбатдан ўтиш, тил масаласи, агентликлар унча муаммо туғдирмаслигини, асосий муаммо виза эканлигини айтишди. Нега Канадага виза масаласи бунчалик мураккаб деб ўйлайсиз?

Канада элчихонасига кўп ўзбекистонликлар турист визасига мурожаат қилишади, чунки бошқа хил визаларга (масалан, ўқиш учун ва ишлаш учун) харажатлар ва талаблар юқоридир.

Турист деганда Канада томони ўзига тўқ, ватанида иши, мол-мулки ва боғлаб турган кўплаб омиллари бўлган, Канадага саёҳатга бориб, бу саёҳатга бемалол молиявий шароити етадиган, саёҳат тугагандан кейин эса Канаданинг қонунларини бузмасдан ватанига тинчгина қайтиб келадиган одамни тушунади. Туристик виза орқали Канадага қариндоши ёки танишини кўргани келмоқчи бўлганларга ҳам бу «турист» тушунчаси тегишлидир.

Савол шу - турист визасига топшираётган инсонлар шу «турист» тушунчасига мос келадими? Бу Канада элчихонасидаги виза берувчи ходимни энг кўп ўйлантирадиган саволдир.

Канада дунёнинг энг ривожланган давлатлари орасидадир. Бу ерга турист бўлиб келган одамнинг харажатлари кўп бўлади ва дунёнинг кўпгина давлатларнинг аҳолиси учун жуда қиммат туристик маскан ҳисобланади.

Ўзбекистонликларнинг виза олишидаги қийинчиликларига бир сабаб айнан мана шу «турист» тушунчасига мос келмаслигидадир. Ўзбекистон аҳолисининг кўпчилиги Канадага турист бўлиб боришга кучли нияти бўлса ҳам аслида шароити бўлмаслиги мумкин.

Ундан ташқари кўплаб мисолларда кўрганимиздек ўзбекистонликлар Канадага турист бўлиб келгандан кейин Канадада ноқонуний йўллар билан қолиб кетишмоқда ва ўша «турист» деган тушунчага мос эмасликларини кўрсатишмоқда. Агар шу мантиқий занжирни давом эттирсак, Канадага келиб ноқонуний йўллар билан қолиб кетган ва ноқонуний ишлаб юрган ҳар бир ўзбекистонлик келажакда Канада визасини оламан (ўқиш учун ё саёҳат учун ёки бошқа бирор вақтинчалик мақсад учун), деган ўзбекистонликнинг йўлини тўсган бўлади. Бу менинг шахсий фикрим, албатта.

Шу нарсалардан хабардор бўлганимиз учун бизнинг юридик фирмамиз ўзбекистонликларни Канадага қонуний йўл билан ва барча ҳақ-ҳуқуқлари ҳимояланган ҳолда ҳақиқатан турист ёки талаба ё ишчи бўлиб келишларини истайди.

Шу мақсадда феврал ойида Тошкентда биринчи семинаримизни ўтказдик ва семинар қатнашувчиларига Канада ҳақида ҳуқуқий ва очиқ маълумот беришга ҳаракат қилдик. Келажакда бундай семинарларни Интернет орқали ёки бир белгиланган жойда ўтказиш ниятимиз бор. Мақсадимиз – халқимизга тўғри маълумотларни бериш ва ҳар хил фирибгарлардан асраш. Афсуски, ҳозир Ўзбекистонда Канадага ишга олиб кетаман деб инсонларни алдаб юрган фирибгарлар кўп эканлиги ҳақида маълумотлар келиб туради.

6. Бизнинг олий ўқув юртларининг дипломлари у ерда ўтадими?

Ўзбекистон ўқув юртларининг дипломини қайси мақсадда ишлатмоқчи эканлигингизга боғлиқдир. Масалан, Канадага иммиграция қилиб бутунлай кўчиб келмоқчи бўлсангиз, унда Ўзбекистонда олган дипломингизни Канададаги қайси дипломга тенг бўлиши ҳақида хулосани олишингиз мумкин. Бундай хулоса эса иммиграция учун қабул қилинади.

Агар Канадада дипломим ёрдамида бир иш топаман, деб ҳаракат қилсангиз, унда иш берувчи сизнинг Ўзбекистонда олган дипломингизни ўз хоҳишига қараб қабул қилиши ёки қилмаслиги мумкин.

Яна иш масаласида. Канадада маълум бир касблар борки, уларни давлат қаттиқ назоратга олган. Булар, масалан, адвокат, шифокор (доктор) ва инженерлик касбларидир. Бу касблар бўйича ишлайман ва Ўзбекистондан олган дипломларим етарли бўлади, деб ўйласангиз, катта хато қилган бўласиз. Фақатгина Ўзбекистонда олган дипломларингиз билан Канадада бу касбларда ишлолмайсиз. Қўшимча ёки баъзан бутунлай бошидан бу касбларга тегишли университет ўқув программаларида ўқишингиз керак бўлади.

Кўп нарса сиз Канадада нима қилмоқчи эканлигизга боғлиқ. Шу мақсадингизни аниқ билгандан кейин Канадада менинг Ўзбекистонда олган дипломларим қабул бўладими ёки йўқми, деб изланса, мақсадга мувофиқ бўлади.

7. Канада таълим тизимидан биз ўрганадиган жиҳатлари нима деб ўйлайсиз, деб савол йўллади Исроил Тиллабоев исмли ўқувчимиз.

Канада ўқув тизимида ва айниқса университет даражасидаги ўқув тизимидан ўрганиладиган нарсалар мана булар деб ўйлайман:

  1. Танқидий фикрлаш, чуқур таҳлил ва фикрларнинг турлилиги: Канада университетларида фактларни ёдлашга умуман урғу берилмайди. Энг асосий ва кўп ўргатиладиган нарса бу қандай фикрлаш. Масалан, тарихга оид дарсларда, нима бўлди ва қачон бўлди, деган савол эмас, балки «Нега бундай бўлди? Буни келажакка таъсири нима эди? Қандай қилиб бу воқеанинг таъсирини бугунги кунимизда кўришимиз мумкин?» деган саволларга жавоб қидирилади.
  2. Имтиҳонларни бир лойиҳа ёки очиқ китоб шаклида ўтказилиши: Ўқитилаётган фанга алоқадор бир лойиҳа қилиш ёки ўша фандан таҳлилий имтиҳон қилиш ва талабаларга имтиҳон пайтида истаган китоблардан фойдаланиш имконини бериш. Барибир талаба таҳлилий бир имтиҳоннинг жавобини ҳеч қачон битта китобда яққол тополмайди. Бундай имтиҳон учун талаба бу фанни тўлиқ ўзлаштирган бўлиши ва мавзуларни таҳлил қила олиши керак бўлади.
  3. Танланган йўналишга алоқаси бўлмаган фанлардан воз кечиш ва талабага ўзига керак бўлган фанларни танлашга имкон бериш: Бу нарса жуда муҳим чунки талаба 4-5 йил ҳаётини ва маблағини ўқишга бағишлар экан, у фақатгина ўзига керакли бўлган ва танлаган йўналишига тегишли бўлган фанларни ўқишга ҳақлидир. Шундай ўқисагина бир инсон мутахассис бўлиб етишади.

8. Туристик соҳада ишлайдиган Тўхтасин Эргашев савол бермоқда: туристик соҳада Канада даражасига чиқиш учун қандай чора-тадбирлар кўришимиз лозим?

Канаданинг туристик салоҳиятини кўрсатадиган бир маълумот келтирай. Канаданинг энг йирик шаҳри бўлган Торонтога 2017 йили 43 миллион турист келибди. Ўз навбатида бунча турист эса маҳаллий иқтисодиёт учун 8.8 миллиард доллар олиб келишибди. Маҳаллий иш бозорида 300 мингга яқин иш ўринлари туризм соҳасига боғлиқ экан. Бундай рекорд рақамларга Торонто шаҳри ва умуман Канада қандай эришди?

Менимча, авваламбор бу Канаданинг бошқа дунё давлатлари билан транспорт воситалари орқали жуда яхши боғлиқлиги, деб ўйлайман. Айниқса, ҳаво йўллари орқали Канаданинг бир неча катта аэропортлари тўғридан тўғри дунёнинг бир неча йирик шаҳарлари билан боғланган. Хусусан, Торонто шаҳридаги Пирсон халқаро аэропорти йўловчи оқими бўйича Шимолий Америкада Нью-Йоркдаги Кеннеди халқаро аэропортидан кейин 2-ўринда туради ва аэропорт туризмга ўзининг катта ҳиссасини қўшади. Торонто аэропорти йилига 44.3 миллион йўловчига хизмат кўрсатади ва 2030 йилгача йўловчи сонининг 65-70 миллионга етиши кутилмоқда.

Иккинчидан, Канада кўплаб ривожланган давлатларнинг фуқароларига визасиз саёҳат қилиш имконини берган. Масалан, Европа Иттифоқи фуқаролари фақатгина интернет орқали олинадиган электрон саёҳат рухсати ёрдамида Канадага бемалол турист сифатида келишлари мумкин. Худди шундай йўналишда ҳозирги Ўзбекистонда ҳам ўзгаришлар бор. Бу ўзгаришларни янада давом эттириш зарур. Интернетни янада кўпроқ ишлатиш зарур.

Учинчидан, Канаданинг табиати жуда гўзал ва бу гўзаллик жуда яхши сақланиб келмоқда. Канадада йилнинг тўрт мавсумини тўлиқ яшаш мумкин ва ҳар бир мавсум учун тегишли туристик дастурлар ташкиллаштирилган. Масалан, Канаданинг бир неча жойларида қишда кемпинг, яъни ўрмон ичида палаткангизни қуриб бемалол ҳордиқ чиқаришингиз мумкин.

Тўртинчидан, Канада аҳолиси чиндан ҳам хушмуомалали бўлиб, меҳмон қаердан келган бўлмасин ҳар доим ҳурмат қилиб ёрдам бергиси келади. Канада ўзининг бағрикенг аҳолиси билан фахрланса бўлади. Бошқа бир давлатларда бўлган туристга турист сифатида муомала қилиш бу ерда йўқ. Масалан, Истанбул ёки Лондонга борсангиз, албатта, туристга нисбатан ўзгача муомала кўрасиз. Канадада эса аксинча, туристга бир инсон, бир меҳмон ва бир қадрдон сифатида юзда табассум билан муомала қилишади.

Бешинчидан, Канада туристларни ўзига жалб қилиши учун ўзининг кучли томонларига эътибор берган. Масалан, Канаданинг табиати жуда гўзал ва чиндан ҳам тоза. Шу кучли томонини ишлатиб экологик туризмга катта эътибор берган. Ўзбекистон ҳам энг аввал ўзининг кучли салоҳиятларини аниқлаб, ўша томонга катта эътибор бериши керак. Мисол учун, Ўзбекистоннинг мусулмон оламидаги ўрни беқиёс. Дунёнинг кўплаб мусулмон туристлари Бухоро ва Самарқандни кўргиси келади, Ватанимиз тупроғида ётган кўплаб буюк уламоларнинг қабрларини зиёрат қилгиси келади. Шунга катта эътибор берсак, жуда кўплаб туристлар келади. Иккинчи кучли томонимиз бу ўзбек миллий таомлари. Бунга оид туристик дастурлар ташкил қилиш мумкин. Шунга ўхшаш бошқа давлатларда бўлмаган салоҳият Ўзбекистонда бор.

Фикримнинг сўнгида, авиация соҳасига қизиққаним ва бу соҳада тажрибам бўлгани учун яна бир жиҳатни айтиб ўтмоқчиман. Ўзбекистоннинг жўғрофий жойлашувини инобатга олиб, турист олиб келиш учун авиацияни кескин ривожлантириш керак. Келаси 5-7 йилда Ўзбекистон Ҳаво Йўллари миллий авиакомпанияси бунда муҳим рол ўйнаши шарт. Бу вақт ичида авикомпаниянинг самолётлар сони камида 2 бараварга кўпайиши керак ва компаниянинг иш юритиш маданияти тубдан ўзгариши зарур. Бу ўзгаришларни амалга ошира билиш ва авиакомпанияга инвестиция кириб келиши учун компанияни қисман бўлса ҳам хусусийлаштириш лозим. Бу жуда катта ва чуқур мавзу бўлганлиги учун унга алоҳида бир суҳбат ташкил қилсак яхши бўларди. Ҳозирча, шу фикр билан сўзимни якунлай.

9. Канадада меҳнат муҳожирлари учун қандай шароит яратилган ва қандай имтиёзлар мавжуд?

Энг муҳим имтиёз ва ҳақ бу Канадада белгиланган энг кам иш ҳақидан пастроқ ойлик берилиши қонунсиз ҳисобланишидир. Албатта, иш берувчи бошқа имтиёзларни ҳам тақдим қилиши мумкин. Имтиёзлар қаерда, қайси соҳада ва қайси корхонада ишлашингизга боғлиқ.

  1. Меҳнат муҳожирларига тааллуқли баъзи имтиёзлар мана булардир:
  2. Ижтимоий суғурта мавжудлиги. Масалан, ишда майиб бўлиб тан жароҳати олганлар тегишли ташкилотлар орқали суғурта пулини олиши мумкин;
  3. Иш берувчи хавфсиз иш жойи ташкил этиши керак;
  4. Канаданинг ва тегишли вилоятнинг расмий байрамларида дам олиш;
  5. Агар иш берувчи корхона ишлаш вақтидан сўнг ишчининг қўшимча соат ишлашини хоҳласа, унда соатлик иш ҳақини 1,5 баравар ошириб бериши керак бўлади;
  6. Чет элдан келган ишчи ўзининг ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун Канада судларига мурожаат қила олади;
  7. Агар кам тўланадиган ойликка ишлаётган бўлса, иш берувчи ишчининг молиявий шароити кўтарадиган турар жой билан таъминлаши керак;
  8. Умуман иш берувчи Канададаги барча тегишли иш стандартларига риоя қилиши шарт. Чет эллик муҳожир ишчиларни камситмаслиги ва уларга нисбатан қонун доирасида муомала қилиши шарт.

10. Канадада муҳожирлар асосан қайси соҳаларда фаолият юритади ва маоши қанча?

Муҳожир деб Канадага бутунлай кўчиб келган инсонларни назарда тутаётган бўлсангиз, унда бундай муҳожирлар хусусий ва давлат секторидаги барча соҳаларда фаолият кўрсатади. Ҳатто, ўзи Канадага муҳожир бўлиб келган инсон ҳозир мана Иммиграция Вазири лавозимида ишлайди. Бундай мисоллар жуда кўп. Бундай натижага асосий сабаб бу давлат муҳожирларнинг ҳар томонлама етук, тажрибали ва билимлиларини танлаб уларни Канадага доимий яшаши ва келгусида ўз фуқароси бўлишини исташидир.

Умуман олганда Канада иммиграция тизими энг мақбул инсонни танлашга қаратилган. Ҳеч қандай лотерея тизими йўқ. Инсон сўралган талабларга жавоб берадими? Унда Канадага марҳамат. Жавоб бермаса, “унда узр, бориб тайёрланиб келинг”, дегандек ҳаракат қилинади. Буни тўғри тушиниш керак, чунки Канада ўз манфаатларини инобатга олиб, ўзига келажакда фуқаро бўлиш салоҳиятига эга инсонларни танлайди.

Агар муҳожир деб вақтинчалик иш учун келганларни назарда тутсангиз, унда бундай муҳожирларнинг аксарияти маиший хизмат соҳасида ишлайди, десак нотўғри бўлмайди. Жуда кўп муҳожирлар қурилиш ишларида ҳам ишлашади. Ундан ташқари, хусусий бизнес билан шуғулланадиганлар ҳам жуда кўп. Масалан, импорт-экспорт соҳасида муҳожир ўз ватанидан бирор-бир нарсани Канадага, Канададан эса бошқа нарсаларни ўз ватанига олиб бориб сотишга ҳаракат қилганлар жуда кўп.

Кўпгина билимли ва тажрибали ўзбекистонлик муҳожирлар ҳамма соҳада бор десам нотўғри бўлмайди. Улар орасида доктор, юрист, иқтисодчи, ошпаз, оғир юк ташувчи машиналарнинг ҳайдовчилари, қурилиш компаниясида бошқарувчи, таржимон, авиатехник, университетда профессор ва бошқа турли хил касбларда ишлаб юрганлар бор.

11. Фарғонадан Жаҳонгир исмли йигит 3та савол берди. Ўзбекистонда олий маълумотга эга бўлганларнинг Канадада ишга жойлашиш тартиби қандай?

Бу масалада илк қадам мана бу саволга жавоб топишдан бошланади. «Мен Канададаги иш берувчига Канадада топилмаган ишчи бўла оламанми?» Яъни, қонунга кўра, Канададаги бир корхонага ишчи керак бўлса, у корхона олдин Канада ичидан керакли ишчини топишга ҳаракат қилиши керак. Агар бундай ишчи топилмаса, унда Канада давлат органидан рухсат олиб, Канада ташқарисидан ишчи олиб келиши мумкин. Бу йўл билан олиб келинган ишчига Канада стандартларига мос шаклда муносабатда бўлиб, ойликни ҳам худди бир канадаликка берганидек бериши керак. Яъни ташқаридан ишчи олиб келаман ва унга 2 баравар камроқ ойлик бериб, ишлатаман деган корхона нотўғри фикр қилган бўлади.

Олий маълумотли ўзбекистонлик мутахассис ўзининг соҳасида етук бўлсагина ўз соҳасидаги бир ишга жойлашиши мумкин. Бу осон бўлмаслиги мумкин, чунки мавжуд иш жойига бутун дунёдан минглаб одам топшириши мумкин. Уларга рақобатда бас келадиган даражада бўлиши керак.

Ташқаридан туриб Канадада иш топиш анча мураккаб нарса. Агар номи чиққан кучли мутахассис бўлса, балки осонроқ бўлар. Иш топиш масаласига кўплаб омиллар таъсир кўрсатади. Масалан, сиз Канаданинг қайси шаҳрида ишлашни хоҳлайсиз? Агар Торонто, Монреал ва Ванкуверга ўхшаш йирик шаҳарларда иш топмоқчи бўлсангиз, унда жуда қаттиқ ҳаракат қилишингиз талаб этилади. Ишга топшириш учун тайёрланган резюменгиз қай даражада? Канада стандартларига жавоб берадими? Бу резюме бошқалардан сизни қандай қилиб ажратиб туради? Инглиз ёки француз тилларини билишингиз қай даражада? Чет элда олинган дипломларнинг Канадада қадри қанчалик баланд? Буларга ўхшаган кўплаб саволларга жавоб топишингиз керак.

Sobirovs Law Канадада жойлашган юридик фирма сифатида ҳозир бир лойиҳа устида ишлаяпмиз. Бу лойиҳага асосан, Канаданинг барча вилоятлари ва шаҳарларида қандай ишчилар кераклигини тахминий бўлса ҳам билишга интиляпмиз. Ўша ерлардаги талабни билгандан кейин дунёнинг барча мамлакатларидан (хусусан, Ўзбекистондан ҳам) талабларга жавоб бера оладиган ишчиларни топишга ҳаракат қиламиз. Бу лойиҳада канадалик бир рекрутинг агентлиги билан ҳамкорлик қилмоқчимиз. Бу лойиҳа ҳақида келажакда янада кўпроқ маълумот берамиз.

Бу лойиҳани қилишга сабаб шу бўлди. Кўп инсонлар бизга мурожаат қилишади, канадада қонуний бир иш топишга ёрдам бера оласизларми деб. Шу боис янада фойдалироқ хизмат кўрсатиш учун юридик фирмамиз бу лойиҳани ният қилди.

12. Канадага кўчиб кетишни ният қилганлар аввало ишни нимадан бошлаши керак? Кўчиб кетиш босқичлари ҳақида батафсил маълумот берсангиз?

Канадага кўчиб келаман, деган инсон энг аввал қайси иммиграция дастурига тўғри келишини аниқлаб олиши керак. Агар бирор дастурга тўғри келмаса, унда ўз устида ишлаб, тайёргарлик қилиш керак ва имкони етадиган иммиграция дастурига пухта тайёргарлик кўриши керак.

Маълум бир иммиграция дастури аниқлангандан кейин эса ўша дастурнинг барча талабларини бажариши лозим. Табиий бир савол туғилади – ҳаётдаги энг муҳим қадамлардан бири бўлмиш – бошқа бир давлатга бутунлай кўчиб кетиш қадамини ўзим босайми, ёки Канада иммиграция ҳуқуқи ва тартибларини яхши тушунадиган, тажрибали бир адвокат ёрдамидан фойдаланайми? Албатта, бу қарорни инсон ўзи ҳал қилади. Лекин адвокат билан ишлашнинг фойдалари талайгина. Булар ҳақида кейинги интервьюларда тўхталиб ўтамиз.

Иммиграция қадамлари қандай бўлиши Канадага кўчиб келмоқчи бўлган инсоннинг кимлиги, билими, тажрибаси, касби, инглиз ёки француз тилларини билиши ва моддий шароитига боғлиқ бўлади. Шунинг учун бизнинг юридик фирмамиз бир инсонга маслаҳат ёки хизмат кўрсатишидан олдин, ўша инсонни яхши танишимиз керак бўлади. Олинган маълумотларга таянган ҳолда у инсонга маслаҳат берамиз.

Босқичлар ҳақида умумий қилиб гапирадиган бўлсак, ҳар бир иммиграция дастурини 4 босқичдан иборат деса бўлади:

  1. Тайёргарлик ва ҳужжатларни топшириш – бунда киши тегишли талабларни бажариш учун тайёргарлик кўради (масалан инглиз тилидан IELTS синовига тайёргарлик) ва керакли ҳужжатларни топширади. Бу жуда муҳим босқич ва бу босқичда хато қилиш ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Ҳужжатларда бирор нотўғри ёки ёлғон маълумотлар берилса, Канадага келиш йўллари ёпилиши мумкин.
  2. Топширилган ҳужжатларнинг Канада томонидан қараб чиқилиши – бу босқичда Канада элчихонаси ёки иммиграция министрлиги ходимлари томонидан топширилган барча ҳужжатлар синчиклаб қараб чиқилади. Қўшимча маълумот керак бўлса, топширган инсондан ёки унинг адвокатидан сўралади.
  3. Тиббий кўрикдан ўтиш ва олдин судланмаганлик ҳақида ҳужжатларни тақдим этиш ёки янгилаш бу босқичдаги энг муҳим масаладир. Канада давлати ҳужжатларига қараб танлаган одамнинг Канадага киришига бирон тўсқинлик борми, деган саволга жавоб олишга ҳаракат қилади. Шунинг учун инсон тиббий кўрикдан ўтиши керак ва судланмаганлигини исботлаши керак. Олдин жиноят қилган инсонларни Канада қабул қилгиси келмайди. Албатта бу қилинган жиноятнинг тури ва санасига ҳам боғлиқдир. Масалан, кўп йиллар олдин бир кичкина буюмни дўкондан ўғирлагани учун судланган бўлса, унда бу кичик жиноятдан кейин инсоннинг қандай ҳаёт кечиргани жуда муҳим рол ўйнайди. Яна бир муҳим жиҳат шуки, содир этилган жиноят Канадада ҳам жиноят деб ҳисобланадими ёки йўқми.
  4. Канадага кириб келиш ва иммигрант статусини олишдек юқоридаги уч босқичдан ўтган инсон ўзи ёки оиласи билан Канадага кириши керак бўлади. Кирганидан кейин эса уларга «доимий равишда яшовчи» (“permanent resident”) статуси берилади. Бу статус билан сайловларда қатнашолмайсиз, лекин қолган барча масалаларда худди Канада фуқароси сифатида ҳаракат қилишингиз мумкин. Канадада туғилган фарзандлар автоматик равишда Канада фуқароси ҳисобланади.

13. Билишимизча, тилни билиш, муайян бир соҳада ишлаганлик учун маълум балл берилар экан. Шу ҳақида ҳам маълумот берсангиз?

Канадага бутунлай кўчиб келишга оид энг машҳур иммиграция дастури бу Express Entry дастуридир. Бу дастурга кўра Канада кўчиб келмоқчи бўлган инсонларга ёши, олий маълумоти, инглиз ва француз тилини билиши, иш тажрибаси, Канадада қариндоши борлиги ва бошқа бир неча омилларга қараб балл беради. Тўпланган балларга қараб инсонларни танлайди ва Канадага доимий яшаш учун таклиф қилади. Агар инсон ҳамма талабларга жавоб берса ва етарли балл тўпласа, тахминан 6 ой ичида Канадага доимий яшовчи сифатида келиши мумкин.

14. Жанубий Кореяда магистратурада ўқийдиган талабадан савол: Канадага талаба алмашиш дастури асосида (exchange студент бўлиб) ўқишга бормоқчиман. Талабалик визасини олиш шартлари ва виза беришда нималарга кўпроқ эътибор берилиши ҳақида нима дея оласиз? Умуман олганда, Канада университетларида таълим олиш истагидаги ўзбекистонликларга қандай тавсия берасиз?

Жуда долзарб савол бўлибди. Ҳозирда кўплаб чет давлатларда ўқиб юрган ўзбекистонлик талабалар Канадада ўқишларини давом эттиришни режалаштирмоқдалар. Бундай талабаларга қуйидаги умумий тавсияларни бермоқчимиз:

  1. Канададаги барча университетлар жуда сифатли билим беради. Университетлараро рейтинг тизими АҚШдагидек эмас. Яъни катта ёки кичкина шаҳарларда жойлашган университетлар юқори стандартларга асосланиб билим беради.
  2. Ўқишни битириб Канадада ишлайман ва келажакда Канадада яшайман деган талабаларга тавсиям – Канадани яхши ўрганинг, бу ерда қайси соҳада иш кўп ва келажак бор, шуни топинг ва ўқишингизни ҳам шунга қаратинг.
  3. Талабалик визасини олиш учун ҳужжатларингизни пухта ва хатосиз тайёрланг. Керак бўлса, ҳужжатларни тайёрлаб бир тажрибали адвокатга текширтиринг ва камчиликлар аниқланса, уларни тузатинг.
  4. Талаба визасини олишда Канада элчихонасининг асосий саволлар – бу талаба ўқиши тугаганидан кейин ўз Ватанига қайтиб кетадими? Бу талаба нега айнан Канадада шу ўқув дастурини/дипломини танлади?
  5. Шунинг учун тавсиям албатта визага топширганда бир «letter of explanation» ёки «statement of purpose» ёзинг, батафсил қилиб ўз ўқув ва иш режаларингизни ҳамда нега Канададаги шу университетни танлаганингизни тушунтиринг.
  6. Албатта ўқиш харажатларини қандай қоплашингиз ҳақида ҳам ҳужжатлар берилиши керак. Керакли маблағларни кўрсатадиган банк ҳисоби ва шу ҳисобнинг 4-6 ойлик ҳисоб дафтарчаси (bank statement). Ёки ҳомийингиз бўлса, ундан мактуб ва унинг маблағи борлиги ҳақидаги ҳужжатлар керак бўлади.

Канадага талаба сифатида келишнинг фойдалари жуда кўп. Баъзиларини шу ерда айтиб ўтай:

  1. Талаба ўқиш пайтида белгиланган соат ишлаши мумкин. Ёз таътилларида эса «full-time» яни тўлиқ кун ишласа бўлади. Бунга Канада давлати рухсат беради. Лекин ўқиш пулини ишлаб топаман, деган инсон нотўғри қилган бўлади. Ишлаш бу Канадада иш тажрибаси орттириш имкони сифатида қабул қилиниши керак.
  2. Ўқишни битиргандан кейин эса Канадада ишлаш рухсатини («work permit») олиши мумкин. Масалан, 1 йил талаба сифатида ўқиса ва академик дастурини тугатса, ўқишдан кейин 1 йиллик иш рухсати олиши мумкин. Агар 4 йил ўқиса, унда 3 йиллик иш рухсати олиш мумкин. Бу иш рухсати билан иш топа олган жойда ишлаши мумкин бўлади.
  3. Канадада ўқиган ва иш тажрибаси орттирган инсон юқорида айтиб ўтилган Express Entry дастури орқали бу давлатда доимий яшаш ҳуқуқини олиши мумкин.
  4. Талабанинг оиласи ва болалари бўлса, турмуш ўртоғига ҳам иш рухсати олиш мумкин, фарзандлари эса Канададаги давлат мактабларида бепул ўқишлари мумкин бўлади. Фарзандларга ҳам ўқиш рухсати (study permit) олса бўлади.
  5. Канадада олинган дипломлар дунёнинг жуда кўп давлатида ҳурмат билан қабул қилинади. Хусусан, Ўзбекистонда ҳам.

Канадага талаба бўлиб келиш бўйича ҳамма ҳуқуқий хизматни Sobirovs Law юридик фирмасининг адвокатлари кўрсатишади. Адвокатларимизнинг кўп йиллик тажрибаси талабалик визаси ва бошқа визаларни олишда фойдали бўлади, деб ўйлайман.