Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Мутелар, руҳонийлар ва ҳукмронлар...
28.02.2018 20:47,  
55

Ҳар доим шундай бўлиб келган: ҳокимият ва куч-қудратни эгаллаган борки, қўл остидагиларнинг иложи борича ювош бўлишини истайди. Ҳадеб савол берадиган, ҳар ишни шубҳа остига оладиган бошқарилувчилар бошқарувчига ёқармиди?.. Бошқарувчига бошқарилувчининг шунчаки тобелиги эмас, мутелиги ва ҳеч қандай эътирозсиз итоаткорлиги афзалроқдир. 

Тарихга назар ташласак, қироллару хонларнинг қўл остидагиларни мутега айлантириш учун турли-туман усуллардан фойдаланганига гувоҳ бўламиз. Баъзилари мисли кўрилмаган зулм билан халқнинг қалбига қўрқув солди. Аммо қалбдаги қўрқув – ҳислар туфайли келиб чиққан мутелик ўткинчидир, онгдагиси эса давомий. Айнан шу иккинчисига даво топиш мушкул. Мутелик шу даражага етиши мумкинки, мазлум зулмни марҳамат сифатида қабул қила бошлайди ва манқуртга айланади. 

Одамларни мутега айлантириш учун ҳукмронларнинг жонига ҳар доим руҳонийлар оро кирган. Айнан дин номидан сўзловчи сохтакорлар халқни жоҳилга айлантириш учун беқиёс хизмат қилди ва қилмоқда. Зеро, халқ ҳар доим руҳонийларга ишонган ва уларга эргашган. Афсуски, бу ишонч нуқул суиистъмол қилинаверади. 

Бир пайтлар Европада черков инсонларнинг онгига чинакам кишан солган эди: епископлар қиролга, худога ва унинг бу дунёдаги элчиси бўлмиш папага сўзсиз итоат этиш кераклигини барча-барчага уқтирарди. Бунинг аксини истовчи “осий”ларни эса абадий жазо – жаҳаннам азоби ва черковнинг қаҳру ғазаби кутар эди. Черков халқни ҳар кўйга солди, бор-будини шилди, нафси ҳакалак отиб индульгенцияни ўйлаб топди. Черковнинг кўзига ёмон кўринганлар муртад ёки жуодугар деб эълон қилинди, инквизициянинг даҳшатли чиғириқларидан ўтказилди. Черков куч-қудрат ва ҳокимиятда шунчалар кучайдики, алал-оқибат ҳатто қиролларга ҳам таҳдид сола бошлади. 

Мусулмон Шарқда эса халқни лақиллатиш вазифасини сарой муллалари бажариб берди. Улар халққа подшоҳи оламга қарши чиқиш гуноҳи азим эканлигини тинмай вайсар эди. Чунки подшоҳ – валинеъмат, подшоҳ – Тангри таолонинг ердаги сояси. Не ажабки, Парвардигори олам қанчалар марҳаматли ва меҳрибон бўлса, кўпгина “соялар” шунчалар золим ва шафқатсиз бўлиб чиқди. Зулм ва адолатсизликни оқлаш унчалик қийин эмасди: сарой муллалари ҳар қандай ҳолатга мослаб фатво чиқариб бераверарди. “Шаккоклар”нинг оқибати эса одатда ё зиндон, ёки дор бўлди. Афсуски, ўз шамини давлат шами билан аралаштирмайдиган Умарлар ҳар замонда ҳам топилавермади, шариатнинг чизиғидан чиққан ҳукмдорни қилич билан чизиққа қайтаришга қодир тобелар ҳам аллақачон йўқ бўлиб кетган эди. 

Черков вакиллари бойиш учун индульгенцияни ўйлаб топган бўлса, сохта муллалару баднафс эшонлар халқдан назр олишни канда қилмади. Қоидаси оддий: подшоҳга яхши кўрин, халқни лақиллат ва тала. Улар нафс йўлида доҳий бўлиб кетганди: бир томонда Яратганни, бир томонда подшоҳни, яна бир томонда халқни алдашга уринарди. 

Епископлар ва сохта муллаларнинг умумий хусусияти бор эди: ҳар икки тоифа ҳам илм-маърифатга тиш-тирноғи билан қарши чиқди. Черков Николай Коперник, Жордано Бруно ва Галилео Галилийдан қанчалик нафрат қилган бўлса, Самарқанддаги “шайхлар” Мирзо Улуғбек ва унга ўхшаганларни шунчалик ёқтирмагани шубҳасиздир. Чунки илм – уйғониш, ҳақиқатни таниш демакдир. Ғарб черковнинг манфур юзини кеч бўлса-да, таниб қолди. Илм-фан ва жамият айнан мана шу иккиюзламачи руҳонийлар туфайли тараққий этмаётганини англади. Черковнинг қўлидан ҳокимиятни тортиб олди, уни жамият ва давлат ҳаётининг энг қуйи поғонасига итқитиб юборди. Бургага аччиқ қилиб кўрпани куйдирди ва қайсидир маънода худодан ҳам воз кечди. 

Мусулмон Шарқнинг Ғарбдан фарқи шуки, Исломни ҳеч қаёққа итқитиб юбора олмайди. Мусулмонларнинг Исломга содиқ ҳолда дунёвий билимларни ривожлантиришдан бошқа чораси йўқ. 

Зеро, инсонларнинг бошига қандай кулфат келган бўлса, ғофиллик ва жоҳилликдан келди.

Тилла Исроилов

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан