Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ўзбеклар Оксфордда илмий тадқиқотлар билан шуғулланади
2.03.2018 14:54,  
16

Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази раҳбарияти билан бўлган келишувга биноан ўзбекистонлик исломшунос тадқиқотчилар Оксфордда таҳсил олиб, илмий-тадқиқотлар ўтказади, деб хабар қилди "Жаҳон" ахборот агентлиги.

2017 йилнинг декабрида Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази директори Фарҳан Низомий Ўзбекистонга ташриф буюриб, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси маркази ва Тошкент ислом университетининг Исломшунослик илмий-тадқиқот марказида бўлиб, ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, истиқболда қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш таклифини билдирган эди.

Яқинда Ўзбекистоннинг  етакчи исломшунос олим ва тадқиқотчиларидан иборат делегация Буюк Британияга сафар қилди.

Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази раҳбарияти билан бўлиб ўтган мулоқотда ҳамкорлик режалари, амалга ошириладиган илмий лойиҳалар муҳокама этилди. Келишувга биноан ўзбекистонлик исломшунос тадқиқотчилар Оксфордда таҳсил олиб, илмий-тадқиқотлар ўтказади. Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази билан ҳамкорликда Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний сингари алломалар асарлари инглиз ва ўзбек тилларида нашр этилади. Буюк Британия кутубхоналари ва қўлёзма фондларида сақланаётган Ўзбекистонга оид маданий мерос объектлари, ноёб қўлёзмаларнинг нусхалари олиниб, тадқиқ этилади.

Фарҳан Низомий президент Шавкат Мирзиёевнинг маърифий исломни ўрганиш ва тарғиб этиш ҳақидаги таклифларини юқори баҳолашини, таъкидлаган. "Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази Ўзбекистонда янги ташкил этилган марказларнинг Европа ва Америкага чиқиши учун воситачи бўлишга тайёр", — деб қўшимча қилган олим.

Шунингдек, Буюк Британиянинг қадимий Бодлеан кутубхонаси, Сейнт Жонс коллежи, Фан тарихи музейи, Ашмолеан музейида учрашувлар бўлиб ўтган. Сейнт Жонс коллежида сақланаётган қадимий қўлёзма манбалар орасида Имом Бухорийнинг "Саҳиҳи Бухорий", Мирзо Улуғбек ёзган "Зижи Кўрагоний" асарларининг нодир нусхалари сақланмоқда. Келажакда Ўзбекистондан Оксфордга борадиган мутахассислар бу манбаларнинг фотонусхаларини олиш ва тадқиқ этиш билан шуғулланади, — дейилади хабарда.

Ўзбекистонга оид хорижда сақланаётган маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази таклифига асосан Оксфорддаги Фан тарихи музейи директори доктор Аккерман билан музей фондида сақланаётган нодир экcпонат — Мирзо Улуғбек глобусининг нусхасини тайёрлаш бўйича келишувга эришилган.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан