Тадқиқот: даҳрийлар диндорларга қараганда ахлоқсизроқми?

05.03.2018 | Таҳлил | 3087

Ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, аксар одамлар атеистларни диндорларга нисбатан хавфлироқ ва ахлоқсизроқ кишилар деб билишар экан.

Nature Human Behaviour​ илмий журналида эълон қилинган тадқиқот Европа, Осиё, Африка, Америка ва Австралия қитъаларидаги 13 мамлакатда ўтказилган жамоатчилик фикрини ўрганиш хулосаларига таянган.

Сўров қатнашчиларига берилган савол мазмуни тахминан шундай бўлган: «Тасаввур қилинг, бир инсон болалигида жониворларни қийнаган, вояга етганидан кейин ўқитувчи бўлган, сўнг эса бошпанаси йўқ 5 инсонни ўлдирган. Сизнингча, бу одам даҳрийми ёки динга ишонадиган одамми?» Ҳойнаҳой, бу атеист бўлса керак, дея фикр билдирганлар сони, бу одам диндор, деб айтганларнинг сонидан икки баравар кўп бўлган.

Сўровда 3000 дан ортиқ киши иштирок этган. Улар Финландия, Янги Зеландия, Британия, Голландия, Чехия, Австралия, Мавритания, Гонконг, АҚШ, Хитой, Бирлашган Араб амирликлари, Cингапур ва Ҳиндистон яшовчилари бўлганлар.

Олимлар хулосасига кўра, очиқдан-очиқ диндорлик олқишланмайдиган дунёвий жамиятлар сони кўпайиб бораётган эсада, ҳали ҳам дин инсонларнинг ахлоқий интуициясига катта таъсир ўтказиб келаяпти.

У ёки бу динга эътиқод қиладиган инсонларнинг сони кўп бўлган АҚШ, Бирлашган Араб амирликлари ва Ҳиндистон сингари мамлакатларда даҳрийларни ёмон кўриш кўпроқ кузатилар экан.