Навоий вилоятида 40 киши овқатдан заҳарланди

07.03.2018 | Тиббиёт | 2657

Навоий вилояти юқумли касалликлар шифохонасига 6 март куни 13 нафар, Кармана туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимига 27 нафар бемор "Овқатдан заҳарланиш" бирламчи ташхиси билан ётқизилди, деб хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати.

Уларнинг барчасида кўнгил айниши, қайт қилиш, қоринда оғриқ каби шикоятлар бўлган.

Ўтказилган бирламчи эпидемиологик текширишда аниқланишича, шикоят қилганларнинг барчаси Кармана туманидаги янги ГРЭС қурилишида ишлаётган "Calik Enerji"AS компанияси ишчилари бўлган. Улар шу ҳудудда фаолият кўрсатаётган "Whitehouse Investments" LTD ошхонасида тушлик қилишган.

Кеч соат тўртларда бир неча ишчилар кўнгил айниши, қайт қилиш, қоринда оғриқ каби шикоятлар билан "CALIK ENERJI"AS компаниясининг тиббий пунктига мурожаат қилган. Шундан кейин беморлар вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ва Кармана туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимига ётқизилган.

Хабарда айтилишича, 7 март соат 15:00 ҳолатига кўра, Навоий вилояти юқумли касалликлар шифохонасида қолган беморлардан 12 нафарининг аҳволи қониқарли бўлиб, уйларига жавоб берилди. Ҳозирда бир нафар бемор шифохонада даволанмоқда.

Кармана туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимидаги беморлардан 10 нафари уйларига жавоб берилди. Шифохонада 17 нафар бемор даволанмоқда.

Айни вақтда шифохоналарда жами 18 нафар бемор даволанмоқда.

Шифохонада даволанаётган беморларнинг аҳволи қониқарли, оғир беморлар йўқ, уларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Ушбу ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг алоҳида назорати ташкил этилди. Навоий вилояти юқумли касалликлар шифохонаси, Кармана туман тиббиёт бирлашмаси зарур дори-дармонлар, инфузион эритмалар, бир маротаба ишлатиладиган шприц ва системалар билан етарли миқдорда таъминланган.

Юзага келган эпидемик вазиятни жойига чиқиб ўрганиш, беморларга ва маҳаллий мутахассисларга ўз вақтида ҳар жиҳатдан амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари, Республика Бош Давлат санитария врачи С.Саидалиев бошчилигидаги гуруҳ 6 март куни Кармана туманига юборилди.

Ҳозирда "Whitehouse Investments" LTD ошхонасида тушлик вақтида ишчиларга берилган озиқ-овқат маҳсулотлари ва улардан тайёрланган таомлардан, ташқи муҳит объектларидан ҳамда беморлардан биологик намуналар олиниб, лаборатория таҳлили учун вилоят Давлат санитария-эпидемиология назорати марказининг лабораториясига топширилди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил сентябрида Бухоро вилояти Ромитан туманида 90 нафар фуқаро тўйхонада овқатдан заҳарланиб шифохонага ётқизилганди.