Риштонлик йигитни Россияда уриб ўлдирган қотиллар жазосиз эркин юришибди

10.03.2018 | Блог | 3264

Фарғона вилояти Риштон туманининг Оқ Ер қишлоғида яшовчи Султонова Юлдузхон Раҳмоналиевнанинг (1988) турмуш ўртоғи Олимжон (1983) 2017 йилнинг апрелида 23 нафар ҳамюртлари билан биргаликда Россияга ишлашга кетади. Бироқ 2,5 ойдан кейин Олимжоннинг ўлиги келтирилади. Бирга ишлаб юрган ҳамюртлари “йиқилиб тушди”, деб кўрсатма берган бўлса-да, Россиядаги тергов хулосасида “ўлим сабаби номаълум” деб ёзилган эди.

Келинг, энди Ю. Султонованинг хатига кўз югуртирамиз.

“...2017 йилнинг 7 июл куни турмуш ўртоғим Султонов Олимжоннинг вафот этганлиги тўғрисида хабар келган экан. Мен шу кунлари Риштон касалхонасида жарроҳлик операциясини ўтказаётгандим. Операция яхши бўлмай, ичидан йиринглаб кетиб, яна қайта очилганлиги учун касалхонада ётгандим. Турмуш ўртоғим Султонов Олимжоннинг акаси Султонов Шуҳратжон 2017 йилнинг 8 июль куни Риштон туман Ички ишлар бўлимига ариза берган. Россиядан турмуш ўртоғим О. Султоновнинг мурдаси 10 июль куни Ўзбекистонга етиб келган ҳамда экспертиза қилинган. Мени ҳам турмуш ўртоғимнинг мурдаси олиб келинган куни касалхонадан олиб келишди. Мен ўша пайтгача касалхонада турмуш ўртоғим вафот этганини билмаган эдим. Турмуш ўртоғимнинг мурдасини кўрганимда чап юзлари кўкариб кетган, калтаклангани билиниб турарди...”

Ҳодисага ойдинлик киритиш учун Фарғонада суд тиббий экспертизаси ўтказилади. Натижа марҳумнинг қаттиқ калтакланганини тасдиқлайди.

Шундан кейин Юлдузхон Россияда бирга ишлаган Олимжоннинг танишларидан асл воқеани суриштиришни бошлайди. Шахсий суриштируви натижасида марҳумнинг Россияга бирга кетган тоғаси Юнусов Али бошчилигида Юнусов Тоҳир (тоғаси), Юнусов Рустам (поччаси) ва Боқижонов Шавкат (қудаси) ўласи қилиб калтаклаганини ўрганади. Султонов Олимжон ўз яқинлари томонидан шафқатсизларча калтаклангани ойдинлашади.

Фожеанинг даҳшати шундаки, калтакланган Олимжонга ҳеч қандай тиббий ёрдам ҳам кўрсатилмайди. Оқибатда, икки кундан кейин Олимжон ҳаётдан кўз юмади.

Бахтсиз воқеага россиялик милиционерлар аралашади. Улар 23 нафар ҳамшаҳардан суриштирув ишлари олиб боради. Бироқ зўравонлар қўрқитиб қўйгани боис улар “йиқилиб тушган бўлса керак”дан уёғига ўтолмайди.

Юқоридагиларни суриштириб ўргангач, эндиликда норасида болалари билан бева қолган Юлдузхон ички ишлар ходимига мурожаат қилади. Ички ишлар ходимлари эса воқеанинг Россияда содир бўлганини, бу ишлар у ердаёқ ёпилганини айтиб қайта иш қўзғашни исташмайди. Ҳаттоки, воқеа гувоҳлари бўлмиш беш-олти нафар ҳамқишлоғи Олимжонни “калтакланиш оқибатида вафот этган”, дея кўрсатма берганда ҳам жиноий иш очилгани йўқ.

Олимжон вафот этганига саккиз ой бўлди. Ҳозир ҳам жисман, ҳам руҳан чўккан Юлдузхоннинг дардини эшитадиган одам қолмаган. Айтишича, турли идораларга бош урган, бироқ нажот чиқмаган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчилар “иш қўзғаш” учун Россияга “запрос” жўнатган, аммо у томондан, ярим йилдирки, жавоб келмаган эмиш.

Бир одамнинг оддий буюми чегаранинг нариги ёғида шикастланса ҳам ташвиш чекади, айбдорни жазолашга уринади. Бу ерда 34 яшар забардаст йигит, икки фарзанд отаси, бир оиланинг устуни куппа-кундузи уриб ўлдириляпти. Аммо айбдорни топиб жазолашга масъуллар томошабин. Наҳотки, шу даражага етиб келдик?

“Мен нима қилай, 2та вояга етмаган болаларим билан катта ҳовлида ўзим қолдим. жиноятчилар озодликда юрибди. Яна жиноят қилса-чи? Менинг болаларимнинг ҳаёти-чи? Менга ёрдам беринг”, дейди Юлдузхон Султонова.

 Б. Элибоев ва Ш. Исломов