Ўзбекистон-Тожикистон чегараси 2019 йил охиригача барча миналардан тозаланади

12.03.2018 | Ўзбекистон | 2439

Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари 2019 йилнинг охирига қадар давлат чегарасини миналардан тозалашни битиришга келишди.Бу ҳақда  икки давлат Президентларининг қўшма баёнотида хабар берилган. Ундан маълум бўлишича, кўплаб одамларнинг ўлимига ва ногирон бўлиб қолишига сабаб бўлган миналар 2019 йилнинг охирига қадар олиб ташланади.

"Президентлар икки мамлакатнинг чегараолди ҳудудларида муҳандислик тўсиқлари участкаларини зарарсизлантириш масаласи бўйича Ўзбекистон-Тожикистон қўшма ишчи гуруҳи тузлишини мамнуният билан эътироф этдилар ва мазкур ишларни 2018-2019 йилларда якунлаш лозимлигини қайд етдилар", дейилади қўшма баёнотда.

Чегарадаги миналарни олиб ташлаш масаласи 12 январда Душанбега сафар қилган Бош вазир Абдулла Арипов ва Президент Имомали Раҳмон ўртасида ҳам кўтарилганди.

Ўзбекистон ўз ҳудудини террорчилар суқулиб киришидан ҳимоя қилиш ва ноқонуний наркотик моддалар йўлини тўсиш учун чегараларни миналаштирганидан кейин 200 нафарга яқин Тожикистон фуқароси минадан жабрланди.

Минадан жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор.

Тожикистон мина маркази берган маълумотларга қараганда жабрланганлардан деярли ярми ҳалок бўлган. Ўнлаб кишилар оёқ ё қўлидан ажралган, бир умрга ногирон бўлиб қолишган.

1999 йилда Ўзбекистон қўшни Қирғизистон ва Тожикистон билан чегараларини миналаштирган.