Самарқандлик депутат дабдабали тўй қилаётганлар давлатга катта миқдорда солиқ тўлашларини таклиф қилди

12.03.2018 | Жамият | 2883

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати Фарида Ахтамова тўйларни ихчам ўтказиш бўйича таклиф билан чиқди. Бу ҳақда “Зарафшон” газетаси ёзмоқда.

Фарида Ахтамованинг фикрича, “тўйларни ихчам ўтказиш учун доим тарғибот ишлари олиб борилади. Аммо маҳалла фаолларининг бундай тарғиботларига «Сизларга нима?» қабилида муносабат билдираётганлар сони кўпроқ. Эҳтимол, тўйни қандай ўтказиш ҳар кимнинг шахсий иши, деб ҳисоблармиз. Ундай бўлса, мазкур масалада қонуний асос бўлиши мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз”.

Халқимиз азалдан катта маросимларни эл билан келишган ҳолда ўтказган. Кимгадир зиён етказиш, кўнглини оғритишдан қўрққан. Кейинги йилларда дабдабанинг кўз-кўз этилаётгани шу қўрқув камайиб бораётганини кўрсатмоқда. Шунинг учун ортиқча дабдаба истаётганлардан тегишли тартибда солиқ ундирилиши ҳамда ушбу маблағ кам таъминланган оилаларга ёрдам сифатида ажратилиши мақсадга мувофиқ, дея таъкидлайди Фарида Ахтамова.

Депутатнинг қўшимча қилишича, 200 кишидан ортиқ тўй ўтказмоқчи бўлган оилалар давлатга қўшимча солиқ тўлаши керак.